Анхель Лопес ўзбек футболига қандай янгилик олиб кирмоқчи? Футболчилар нимаси билан ҳайратга соляпти? Ёхуд "Сурхон" бош мураббийи жамоасининг кучига баҳо берди

Ўз олдига катта мақсадларни қўяётган “Сурхон” бу йил кескин даражада ўзгарди, дея оламиз. Айниқса, жамоага испаниялик маҳоратли мураббий Анхель Перез Лопес таклиф қилингани алоҳида эътиборга молик.

Апрелда 39 ёшни қаршилайдиган мутахассис ҳақида илгари сайтимиз орқали батафсил маълумот бериб ўтгандик. Охирги икки йилни Греция чемпионатида ўтказди. Бу йилдан эса Ўзбекистон чемпионатида фаолиятини бошлади.

Анчадан бери испаниялик мураббий билан Sports.uz учун суҳбатлашишни режалаштириб қўйгандик. Ниҳоят, истагимиз шу кунга келиб амалга ошди.

- Жаноб Лопес, “Сурхон” клубига бош мураббий этиб тайинланганингиз билан табриклайман. Бу ерга келиб ишлашингизга нима туртки берди?

- Бу ерда пайдо бўлишимнинг асосий сабаби лойиҳанинг бир қисми сифатида ишлаш. Шунинг эвазига барқарорликка эришишдир. Шуни ишонч билан айта оламанки, биз ўзига хос характерга эга бўлган жамоа сифатида шаклланишимиз мумкин.

- Бизга келгунингизга қадар ўзбек футболи ҳақидаги таассуротларингиз нималардан иборат эди?

- 2017 йили “Ал-Шабаб”да ишлаб юрганимда Азиз Ҳайдаровга устозлик қилгандим. У билан ўзбек футболи ҳақида кўп гаплашганман. Шунингдек, Испанияда амалиёт ўтаган ўзбекистонлик бир неча мураббийлар билан ҳам танишганман.

лопес1_2

- Клубда иш бошлаганингизга ҳали кўп бўлмади, мавсум эса аллақачон старт олган. Нима деб ўйлайсиз, клуб юқори даражага кўтарила олиши мумкинми?

- Бизда мавсумолди тайёргарлиги осон кечмади. Боз устига кунига икки маҳалдан машғулот ўтказишнинг ўзи осон бўлгани йўқ. Бундан ташқари, жамоада янги футболчилар кўпчиликни ташкил этади. Ўйинчилар бир-бирлари билан танишишлари учун эса вақт керак. Мавсумолди тайёргарлиги қисқа бўлгани боис чемпионатга яхши ҳозирлик кўриш учун вақт етарли бўлмади. Шундай бўлса ҳам майдонда рақобатбардош жамоа сифатида қад ростлашга ҳаракат қилмоқдамиз.

- Таркибдаги ўйинчилардан кўнглингиз тўляптими? Маҳаллий ижрочилар ҳақида нима дея оласиз?

- Ҳаммасидан кўнглим тўляпти. Биз майдонда мардонавор курашишга ҳаракат қиляпмиз. Мени футболчиларимизнинг ўйин фалсафамизга тезроқ киришиб кетиш истагида жидду-жахд қилаётгани қувонтирмоқда. Клубга келган пайтимда таркиб деярли шаклланиб бўлганди. Мени ҳайрон қолдираётгани ўйинчиларнинг ўзларига янги бўлган ўйин методикамизни дарҳол илғаб олаётганлари бўляпти. Легионерларга келсак, клуб бир қанча футболчилар билан шартномалар имзолаган. Жумладан, ўз вақтида “Кадис” ва “Реал” ўринбосарлари жамоаси саналадиган “Кастилья”да тўп сурган Луисма Кезадани алоҳида ажратиб кўрсатишим мумкин. Унда катта иқтидор бор. Ундан ташқари, “Валенсия” клубида тўп сурган Серхио Родригесни ҳам кўрсатишим мумкин. Дарвозабон Хави Хименес Испаниянинг иккинчи дивизионида бир қанча клубларда ўйнаб анча тажрибасини оширган. Умид қиламанки, у ўзидаги энг яхши жиҳатларни “Сурхон”да ҳам намойиш эта олади. Яқинда жуда тажовузкор ҳисобланадиган ҳужумчи Мирослав Маркович таркибимизга келиб қўшилди. У Россияда анча вақт тўп сурган, рус тилини жуда яхши билади. Легионерлар квотасини тожикистонлик Зоир Жўрабоевни таркибга қўшиб олиш билан тўлдирганимизни айтишим керак. У жуда тиришқоқ ярим ҳимоячи ҳисобланиб, айниқса, чап оёғида жуда яхши ўйнайди.

лопес6

- Кўпчилик сизни анча кучли лигаларда ишлаганингизни инобатга олган ҳолда зўр мутахассис деб ҳисоблайди. Ўз навбатида ишқибозлар сиздан шунга мос ўйин кўрсатадиган жамоани шакллантиришингизни исташмоқда...

- Ихтиёримдаги клубнинг тажовузкор футбол намойиш этишидан умид қилган ҳолда ишлаяпман. Шу мақсадда майдонга чиққандан сўнг ҳар қандай рақибга қарши мардонавор курашишга ҳаракат қиляпмиз.

- Сиз Европа футболи билан яхши танишсиз. Сиздаги қайси жиҳатларни ўзбек футболига татбиқ этишни истаган бўлардингиз?

- Европа ва ўзбек футболи ўртасида табиийки, катта фарқ бор. Шундай бўлса ҳам ўзим орттирган тажрибадан келиб чиққан ҳолда “Сурхон”нинг ўйинини шунга мос ҳолатда ташкил этишни истайман. Бундаги асосий жиҳатлардан бири шуки, тўпни майдоннинг рақибга тегишли бўлган қисмида ўзимизда сақлаган ҳолда ўйнашга ҳаракат қиламиз.

лопес5

- Ҳозирда “Сурхон” ўз уй ўйинларини бошқа майдонда ўтказишга мажбур бўлмоқда. Қадрдон мухлислар кўз ўнгида тўп сурмаслик ғалати бўлмаяптими?

- Албатта, қадрдон мухлисларимизни соғиниб қоляпмиз. Улар бизга жуда керак. Ахир ишқибозлар лойиҳамизнинг асосий қисми ҳисобланишади. Умид қиламанки, Термизга қайтиб жонажон ишқибозлар кўз ўнгида тўп суриш тезроқ насиб этади. Агар бундай ҳолат юзага келадиган бўлса, ўз-ўзидан мухлислардаги ғайрат ва шижоат ортади ҳамда энг яхши ўйинларини намойиш этиш имкониятига эга бўлишади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Azimjon007
20/03/2022 20:08
Surxon bu yil kuchli 5likka kiradi olğa Surxon