“Трансфер бомбаси”: Европанинг 100 йиллик клуби нега ўзбек футболчисини олди?
Ўзбекистон терма жамоаси етакчиларидан бири Отабек Шукуров фаолиятини Сербиянинг “Радник” клубида давом эттириши эълон қилинди. Тажрибали ярим ҳимоячи ёзда миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионатидаги дебюти доирасидаги учта учрашувнинг барчасида майдонга тушган эди. Энди эса Сурдулица шаҳридаги кичик клуб футболчисига айланди.
Сербияда бу трансфер жамоа тарихидаги энг шов-шувли келишувлардан бири сифатида баҳоланмоқда, деб ёзди eurasia.football сайти. “Радник” бош мураббийи Зоран Рендулич эса айнан шундай футболчи жамоага етишмаётганини алоҳида тилга олди.
Отабек Шукуров Ўзбекистон миллий терма жамоасида 92 та учрашувда майдонга тушган ва рақиблар дарвозасини 9 маротаба ишғол қилган. 30 ёшли футболчи учун Сербия чемпионати хориждаги илк тажриба эмас. Шукуров бугунга қадар Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Туркия юқори дивизионларида ўйнаган.
“Шаржа” билан БАА чемпионлигини қўлга киритган. Туркия Суперлигасида “Фотиҳ Карагюмрюк” ва “Кайсериспор” клублари шарафини ҳимоя қилган, Истанбулдаги фаолиятида машҳур футбол афсонаси Андреа Пирло қўл остида ишлаган. У, шунингдек, Туркия Суперлигасида ўйнаган биринчи ўзбекистонлик футболчи бўлган.
Отабекнинг сўнгги клуби “Банияс” эди. Жаҳон чемпионатидан кейин Шукуров эркин агент мақомида қолди ва шу сабабли “Радник” унинг трансфери учун маблағ тўлашига тўғри келмади.
Бир қарашда, бу йўналиш кутилмаган қарорга ўхшайди. Шукуров жаҳон чемпионати ва молиявий жиҳатдан анча бақувват чемпионатлардаги бир неча мавсумдан сўнг аҳолиси кам бўлган шаҳардаги клубга келмоқда. 2022 йилги аҳоли рўйхати маълумотларига кўра, Сурдулицада 9242 киши, бутун муниципалитетда эса қарийб 17 минг аҳоли яшайди.
2026 йил клуб учун алоҳида аҳамиятга эга – “Радник” ўзининг 100 йиллигини нишонламоқда. Жамоа тарихидаги энг шов-шувли трансферлардан бири айнан шу пайтга тўғри келгани рамзий маънога эга. Шукуровни Сурдулицага юбилей совғаси, ҳатто анча нуфузли совға, деб ҳисоблаш мумкин.
10 турдан кейин клуб Сербия Суперлигасида 14 очко билан еттинчи ўринда бормоқда: уч ғалаба, беш дуранг ва икки мағлубият. Жамоада янада юқори ўринларга кўтарилиш учун яхшигина имконият бор.
Ўзбек футболчисининг бу клубга ўтишини Сербиядаги Meridian Sport ва Meridian Sport каби нуфузли манбалар “трансфер бомбаси”, деб таърифлади ва мамлакат матбуоти Шукуровнинг пайдо бўлишига оддий эркин агент трансферига нисбатан кутилганидан анча катта эътибор қаратди. Хусусан, Mozzart Sport нашри бошқа манбалар каби бу трансферни “Радник” тарихидаги энг жиддий кучайтиришларидан бири сифатида баҳолади.
Бундай муносабат тушунарли. Шукуров номаълум легионер сифатида синовдан ўтиш учун эмас, балки жаҳон чемпионатида эндигина иштирок этган амалдаги терма жамоа футболчиси сифатида келмоқда.
Transfermarkt баҳоси ҳам эътиборга молик. Шукуровнинг сўнгги бозор қиймати 1,5 миллион еврони ташкил этади. У келгунга қадар “Радник” таркибидаги энг қиммат футболчи ўнг қанот ҳимоячиси Матея Гашич эди ва унинг қиймати 1,2 миллион еврога тенг бўлган.

Фикрлар