Нимелини "Динамо" (Махачкала)да энг аввало ким кўришни истаётганини, Термиз жамоасида яна янги легионер борлигини ва "Сурхон" қачон уйига қайтишини биласизми?

Биринчи даврани 9-ўринда якунлаган Термизнинг “Сурхон” клуби ҳам бошқалар қатори иккинчи даврага тайёргарлигини режа асосида давом эттирмоқда. Куни кеча жамоанинг Қибрайда “Олимпик”га қарши ўртоқлик учрашувини кузатиш учун бордик ва у ерда “Сурхон”га оид бир қатор янгиликлардан бохабар бўлиб қайтдик.

Силванус Нимели ҳақида энг охирги маълумотлар

Либериялик легионер тақдири унга бефарқ бўлмаган кўпчиликни қизиқтираётгани рост. Ўтган йили чемпионатимизда дебютини ўтказган ушбу ҳужумчи “Сурхон” сафида Суперлигада 26 та ўйинда 12 та гол урди. Кубок баҳсларида эса 4 та ўйинда ҳисобига 1 та гол ёздириб қўйди. Аммо бу йил вазият ўтган йилгидек эмас. Нимели биринчи даврада фақат 4 та ўйинда қатнашди холос. Ўзбекистон Кубогида эса 1 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол урди ва 1 та ассист қилди.

Нимелини Махачкаланинг “Динамо”сида кутишаётгани ҳақиқат. Ҳозирда у расман “Сурхон”ни тарк этгани йўқ. Боиси шундаки, у Россияга виза орқали кириши учун унинг паспортининг муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги лозим. Лекин Силвануснинг паспортининг амал қилиш муддати 2025 йилинг 14 январь куни тугайди. Шу сабабли футболчи айни вақтда Либерияга онлайн янги паспорт учун ариза топширган ва янги паспорти келишини кутяпти. Шундан сўнг легионер янги клубига кетиши кутиляпти. Албатта, унгача футболчининг фикри ўзгариб қолмаса.

Нимелига расмий ва аниқ таклиф “Динамо” (Махачкала)дан бўлди. Унинг агенти Джамал Акаев мижозига ушбу таклиф ҳақида айтган ва бу футболчини ҳам қониқтирган. Қолган барча таклифлар шунчаки қуруқ гап-сўздан бошқа нарса эмас. Яъни, Нимелига расмий таклиф фақат “Динамо”дан келди.

Яна бир гап: Нимелини “Динамо” (Махачкала)да энг аввало ким кўришни истаётганини биласизми? Клуб президенти Гаджи Муслимович Гаджиевнинг шахсан ўзи Нимелини жамоасида кўрмоқчи. Бундан ташқари, Нимели “Динамо” клуби бош директори Шамиль Газизовга ваъда бергани ҳақида ҳам эшитдик. Улар илгари “Спартак”да бирга ишлашган. Айнан шу ерида Силванус билан боғлиқ вазиятни ёпамиз. Чунки қолганини вақт кўрсатади ва футболчининг ўзи ҳам кутиш билан банд.

“Сурхон”га кимлар келди ва кимлар кетди?

Энг аввало Фарруҳ Икромов. “Динамо”ни тарк этган футболчи иккинчи даврани “Сурхон”да ўтказади. Иккала томон келишишди ва шартнома имзолашди. Шунингдек, жамоага россиялик Жамалдин Ходжаниязов қўшилган. 1996 йилда таваллуд топган легионер охирги икки мавсумни Тольяттининг “Акрон” клубида ўтказди. Бундан ташқари, Темирлан Жамалутдинов ҳам яна “Сурхон”да. Россиялик ярим ҳимоячи ўтган йили термизликлар шарафини ҳимоя қилди. Кейин жароҳат боис ёрдам бера олмаганди. Айни пайтда Жамалутдинов ҳам “Сурхон” машғулотларида иштирок этяпти.

Жамоани ҳозирча 4 нафар ўйинчи тарк этишга улгурди. Булар – Улуғбек Ҳошимов, Азиз Пирмуҳаммедов, Шохжаҳон Султонмуродов ва Анвар Анваржонов. Уларнинг сафи кенгаядими-йўқми, буни вақт кўрсатади.

“Сурхон” бу йил ниҳоят Термизга қайтади

Биринчи даврада уй ўйинларини “Пахтакор” марказий стадионида ўтказиб турган “Сурхон” энди иккинчи даврада Самарқанддаги “Динамо” стадионидан фойдаланади. Термиздаги стадионда таъмирлаш ишларининг охирги босқичи олиб борилаётганини ҳисобга олсак, жамоанинг сарсон бўлиб юраётган пайтлари ҳам тугаб бормоқда. Бизга маълум бўлишича, “Сурхон” октябрь ойида уй ўйинларини Термиздаги стадионда ўтказади. Унгача аренани тўла-тўкис фойдаланишга шай қилиб қўйишлари кутилмоқда. Демак, “Сурхон” ўзининг жонажон мухлислари кўз ўнгида ўз ўйинларини ўтказишига кўп вақт қолмади.

Жамоа ўз муаммоларини енгиб ўтаётгани эътиборга молик. Масалан, ЎзПФЛ расман “Сурхон”нинг олдинги йиллардаги қарздорлик учун 43 нафар собиқ футболчи, мураббий ва ходимлардан қарздорликлар бартараф этилганини эълон қилди. Бу ёқда эса Термиздаги арена тайёр ҳолатга келтирилмоқда. “Сурхон” мухлислари учун бу албатта яхши хабар.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!