
Хавьер Тебас: "Реал Мадрид"нинг тақвим бўйича шикояти асоссиз"
"Реал Мадрид" клуби янги мавсумнинг илк турида "Осасуна"га қарши ўйин санасини ўзгартиришни сўраган эди, аммо Испания Қироллик футбол федерацияси бу талабни рад этди. Ла Лиганинг президенти Хавьер Тебас эса ушбу қарорни қўллаб-қувватлади.
Тебас ўз чиқишида шундай деди:
"Биз бу масалада ўз позициямизни аниқ билдирдик: жамоаларга тикланиш учун кунлар етарли. Бу жамоавий шартнома доирасида белгиланган қоидалар асосида ҳисоблаб чиқилган. Бунда муаммо Ла Лигада эмас, балки ФИФА Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида. Улар ўзлари хоҳлаганча турнир саналарини белгилайди. FIFPro ҳам бу ҳолатдан норози".
Шунингдек, Тебас бошқа элита клубларини мисол келтирди:
"Масалан, ПСЖ 13 август куни УЕФА Суперкубогини ўйнайди, 17 августда эса Франция чемпионатини бошлайди. "Челси" ҳам 17 августда Пример-лигада старт олади, "Реал" эса 19 августда. Бу вақт етарли эмас, дейиш нотўғри. Қолаверса, "Реал"даги футболчилар захираси ва улар клуб чемпионати орқали топган даромадни инобатга олсак, бу каби шикоятлар ўринсиз" - дея ўз сўзини якунлади Ла Лига президенти.
Шу тариқа, Ла Лига раҳбари "Реал Мадрид"дан тушаётган танқидларга жавоб берди ва тақвим ўзгармаслигини маълум қилди.
Фикрлар