
Бош мураббийсиз шуғулланаётган "Машъал" Яшинни олди ёхуд жамоада келди-кетдилар юз бермоқда
Биринчи даврадан сўнг 15 очко билан 12-ўринни банд этиб турган Муборакнинг "Машъал жамоаси ҳам ёзги трансфер ойнаси вақтида таркибида ўзгаришларни амалга оширмоқда. Айниқса, мавсумнинг дастлабки қисмида жамоа ўйинидаги камчиликлардан келиб чиқиб, селекция ишлари олиб бориляпти.
Жумладан, дарвозабон Владимир Вагин, ярим ҳимоячи Иброҳим Нўъмонов ва ганалик легионери Салифу Мударису билан ўзаро келишилган ҳолатда шартномалар бекор қилинди.
Клуб уларнинг тўлдириш учун музокараларни олиб бормоқда ва айримлари билан келишувларга эришган ҳолда таркибига қўшиб олмоқда.
Маълум бўлишича, "Машъал" ҳужум чизиғини кучайтириш ва янги қон қуйиш мақсадида Қирғизистоннинг "Алай" клубида тўп суриб келган ҳужумчи Нуриддин Нуриддинов таклиф қилинди.
Клуб матбуот хизмати ушбу ҳужумчи билан шартнома имзоланганини маълум қилди.
"24 ёшли андижонлик футболчи ўз вақтида “Андижон” футбол клуби ҳамда Қирғизистоннинг “Алай” жамоалари сафида тўп сурган. У Қирғизистон Премер Лигасида 13 та учрашувда иштирок этиб, 1 та гол муаллифига айланган, - дейилади расмий хабарда.
Бундан ташқари, муборакликлар россиялик легионер Дмитрий Яшин билан ҳам келишувга эришди.
“Машъал” жамоаси россиялик марказий ҳимоячи Яшин Дмитрий Валерьевич билан бир йиллик шартномага имзо чекди", - дея хабар бермоқда, клуб матбуот хизмати.
32 ёшли тажрибали легионер Похвистнево шаҳрида таваллуд топган. У фаолияти давомида Россия, Беларусь, Арманистон ва Қозоғистон чемпионатларида тўп сурган.
Яшин ўз вақтида Россиянинг "Терек" II, "Сокол" "Саратов", "Орёл", "Кубань" каби жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Шунингдек, Беларуснинг "Крумкачи", "Луч Минск", "Дняпро Могилев", "Торпедо Жодино", Арманистоннинг "Гандзасар", Қозоғистоннинг "Актобе" ва "Елимай" клубларида ҳам фаолият олиб борган.
"Машъал" ушбу ҳимоячи орқали мудофаа чизиғини камчиликларни бартараф қилишни мақсад қилган.
Олдин хабар берганимиздек, бош мураббий Асрор Алиқулов клуб билан бирга эмас. "Машъал" матбуот хизмати бунинг сабабини оилавий сабаблар билан боғлади. Яъни, иккинчи даврага тайёргарлик кўрилаётган пайтда таътилга чиққан. Ҳозирча машғулотларни Отабек Нарзуллаев ўтказиб турибди. Алиқулов иккинчи даврагача жамоага қайтадими ёки йўқми, буниси номаълум. Воқеалар ривожини кузатамиз.
Фикрлар