Қудратилло Абдуқаҳҳаров: Эртанги жангга тайёргарлик аъло даражада ўтди
Профессионал рингда мағлубият нималигини билмай келаётган Қудратилло Абдуқаҳҳаров навбатдаги жангини Малайзияда ўтказади. Бугун мазкур жанг олдидан вазн ўлчаш маросими бўлиб ўтди.
Субанг-Жая шаҳрида бўладиган ушбу жанг 12 раунд этиб белгиланган. Мазкур тўқнашувда ҳамюртимизга венгриялик тажрибали чарм қўлқоп устаси Лацло Тоз рақиблик қилади ва "World Boxing Council Silver" чемпионлик камарини ҳимоя қилади. Унинг рақиби профессионал рингда жами 29 та жанг ўтказиб, шулардан 25 тасини ғалаба (17 нокаут) қозонган бўлса, 1 марта дуранг қайд этган.
Қудратилло Абдуқаҳҳаров эса профессионал рингга 2015 йил октябрида кириб келган ва шу вақтга қадар 13 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасини ғалаба билан якунлаган. 9 тасида рақиблари устидан муддатидан олдин зафар қучган.
– Жангга тайёргарлик зўр ўтди. Кайфиятлар ҳам яхши. Жанг учун белгиланган вазнни тўғриладик. Рақибни ҳам ўрганиб чиқдик ва унга қарши жанг усули бор. Барчаси яхши ўтиб, мухлисларни хурсанд қиламиз. Эртанги жангда фақат ва фақат ғалаба учун рингга чиқамиз, – дейди Қудратилло Абдуқаҳҳаров Sports.uz интернет порталига.
Мазкур жанг SPORT TV орқали тўғридан тўғри намойиш этилиши режалаштирилган. Шунингдек, ушбу бокс кечасида яна бир енгилмас боксчимиз Азизбек Абдуғофуров профессионал фаолиятидаги 10-жангни африкалик боксчига қарши ўтказади.
Фикрлар