Мбаппе ва ПСЖ жанги давом этади
21 июндан 22 июнга ўтар кечаси бутун интернетни бир хабар қамраб олди: Килиан Мбаппе ПСЖнинг Японияга борадиган таркибидан туширилиб қолдирилиши мумкин. Орадан кўп ўтмай, клубнинг турнега борадиган қайдномаси эълон қилинди. У ерда ростан ҳам Мбаппе йўқ эди.
Мана шау воқеадан кейин деярли барча нашрлар Мбаппе ҳақидаги хабарларни чиқара бошлади. Биз эса фақатгина ишончлиларини тинглашга ва Килиан атрофида нималар бўлаётганини билиб олишга ҳаракат қиламиз.
Килиан Мбаппе айни пайтда сотувга қўйилган. Кимда-ким уни харид қилишни истаса, парижликлар билан музокараларга киришса бўлади, лекин раҳбарият ҳужумчига сўнгги имкониятни тақдим этмоқчи. Клуб унга 31 июнгача муҳлат берди, яъни ўша кунгача Мбаппе шартномани узайтирмаса, чиқиш эшиклари кўрсатилади. ПСЖ ҳар қандай жамоа билан келишишга тайёр. Аммо ҳали улар қанча хоҳлаётгани борасида аниқ маълумотлар йўқ. Айрим нашрлар бу трансфер 200 миллион еврога амалга ошиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Аслини олганда, Мбаппе билан "жанжал" аввалроқ бошланганди. Мавсум якунлангач, ПСЖ у билан янги битим имзоламоқчи бўлди, лекин француз рад жавобини берганидан кейин Ал-Ҳелайфининг жаҳли чиқди ва уни сотишга ҳаракатни бошлагани борасида хабарлар пайдо бўлди. Бу билан Ҳелайфи футболчини қўрқитиб қўймоқчи бўлганини тушиниб олишимиз мумкин. Сабаби, Мбаппенинг мақсади аниқ: У 2024 йилгача ПСЖда қолиб, "Реал"га эркин агент сифатида кетиш. Бироқ раҳбарият ундан яна шартномани узайтиришини талаб қилмоқда. "Кўр ҳассасини бир марта йўқотади" деганларидек, Мбаппе бир йил олдинги ишини қайта такрорламоқчи эмас. Жаҳон чемпиони икки марта клубга рад жавобини берди. Кейин эса Ҳелайфи интервью берди: "Ким клубни тарк этишни истаса, эшиклар очиқ". Эшиклари Мбаппе учун очилган жамоа уни ҳиёнат қилмоқда, деб ҳисоблайди. ПСЖ 24 ёшли футболчини "Реал" билан келишиб олганига ишонмоқда.
Мбаппе энди жамоа билан машғулотларда қатнашмаслиги борасида ҳам миш-мишлар йўқ эмас. Инсайдерлар Килианнинг қарори қандай бўлишини билиш мақсадида унинг яқинлари билан боғланиб бўлмаётганлигини айтишмоқда. Бундан кўринадики, Мбаппе учун ҳам бу нарсалар кутилмаган воқеа бўлди. Энг қизиғи, жамоанинг бош мураббийи Луис Энрике бу ерда ҳеч нарса қила олмаяпти. У мавсумни Мбаппе билан бошлайдими ёки йўқ, буни ҳам билмайди. Ҳаттоки, мутахассисдан бу борада сўраб ҳам ўтиришмайди, чунки бу ПСЖ. Энрике энди клубга келганида бир нечта трансферларни раҳбариятдан сўради, лекин уларнинг ҳеч қайсига Париж клуби қизиқаёгани ҳам йўқ.
Албатта, курашда фаворит "Реал" бўлиб турибди. Сабаби, бу клубда ўйнашни Мбаппе ёшлигидан орзу қилиб келган. Саудиядан ҳам таклифлар бор. Шунингдек, АПЛдан бир неча клублар ҳужумчини кузатиб бормоқда. ПСЖ Килианга тахдид билан чиқишдан чарчамаяпти. У қолган тақдирда ҳам мавсумни захирада ўтказишини, жамоа ҳужумчисиз Чемпионлар лигаси, Франция чемпионатини ютишни кўзлаб қўйган. Ўтган йили клубнинг режаси Мбаппенинг атрофида жамоа қуриш эди.
Фикрлар