"Бавария" ҳимоячиси учун АПЛнинг икки гранд клуби курашмоқда
"Бавария" ҳимоячиси Ким Мин Жэнинг хизматларига АПЛнинг икки клуби қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда инсайдер Кристиан Фалк маълум қилди.
Манба маълумотига кўра, Жанубий Кореялик футболчини "Челси" ва "Тоттенхэм" жамоалари ўз сафига қўшиб олишга уринмоқда. Кимни "шпорлар" сафига ўтиши катта эҳтимол билан кейинги мураббий ким бўлишига боғлиқ бўлади. "Кўклар" эса Жереми Жакенинг трансфери барбод бўлганидан кейин янги мураббий Лиам Росенёрнинг илтимосига кўра ҳимояни кучайтиришни режалаштирмоқда.
Жэнинг айни вақтда трансфер бозоридаги нархи 25 миллион еврога баҳоланмоқда. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзигача мўлжалланган.
Маълумот учун, 29 ёшли ҳимоячи жорий мавсум "Бавария" клуби сафида 23 та учрашувда майдонга тушиб, ўз номига 1 та гол ва 1 та голли узатма ёздириб қўйишга эришди.
Фикрлар