Жаҳон чемпионати стартига 29 кун қолди. Мундиаллар омадсизи ҳисобланган Нидерландия терма жамоаси билан танишамиз
- ЖЧ-2022 стартига тобора оз вақт қолмоқда. Мухлис ва мутахассисларни интизорлик билан куттираётган турнир тез орада бошланади.
Қайси терма жамоалар ЖЧ-2022да иштирок этишини яхши биласиз. Агар ҳамон бундан хабардор бўлмасангиз яна бир бор эслатиб ўтиб кетамиз.
Мундиал стартига 29 кун қолган ва биз кетма-кетликда термалар билан сизни таништириб ўтамиз. Демак, “A” гуруҳининг сўнгги вакили Нидерландия орқали ўзига хос “челленж”имизни давом эттирамиз.
Олдинроқ биз “А” гуруҳининг Қатар, Эквадор ва Сенегал каби терма жамоалари билан танишиб чиққан эдик. Эндиги навбат кўп бора мундиал финалига чиқиб, ҳеч қачон бош совринга эга чиқа олмаган “лолалар юрти” вакиллари ҳақида маълумот берамиз.
Жамоа ҳақида
Нидерландия қироллик футбол ассоциацияси (KNVB). Лақаби – “учар голландлар”, “лолалар юрти”.
Ташкил топган йил: 1889 йил, 8 декабрь (ФИФА’га 1904 йил аъзо бўлган)
Жамоа бош мураббийи: Луи ван Гал
Жамоа сардори: Виржил ван Дейк
Илк расмий учрашуви: Бельгия – Нидерландия 1:4 (1905)
Энг йирик ғалаба: Нидерладия – Сан-Марино 11:0 (2011)
Энг йирик мағлубият: Германия – Нидерландия 7:0 (1959)
Нидерландия айни пайтда ФИФА рейтинги 8-поғонани банд этиб турибди. Уларнинг энг ёмон натижаси эса 32-ўрин ҳисобланади. “Учар голландлар” 2017 йилда мазкур натижага “эришган”.
Биринчи жаҳон чемпионати 1930 йилда Уругвайда бўлиб ўтган. Нидерландия ҳам бошқа кўплаб Европа давлатлари сингари Атлантика океани бўйлаб саёҳат қилишдан воз кечган. Асосий сабаб - катта харажатлари ва бир йил аввал мамлакатда юзага келган оғир иқтисодий инқироз.
1934 йилги жаҳон чемпионатига Италия мезбонлик қилган. “Учар голландлар” ушбу турнирда Швейцария терма жамоасига қарши дебют қилган ва биринчи турда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлган. Жаҳон чемпионатларидаги дастлабки иккита гол Кик Смит ва Лен Венте томонидан киритилди.
Умуман олганда, “лолалар юрти” вакиллари нафақат Европада, балки жаҳон миқиёсида ҳам энг яхши жамоалардан ҳисобланади. Буни улар уч марта жаҳон чемпионати финалига чиққанидан ҳам билиш мумкин. Аммо таъкидлаш керакки, Нидерландия ҳар доим мусобақанинг финал босқичида мағлубият аламини тотиб кўрган. 1974 йилда Германия, 1978 йилда Аргентина, 2010 йилда Испания “учар голландлар”дан устун келган. Қолаверса, “апельсинранглилар” яна икки марта ярим финалга чиқди: 1998 йилги мундиалда нидерландияликлар Хорватияга имкониятни бой бериб, 4-ўринни эгаллаган бўлса, 2014 йилда мезбон Бразилия устидан ғалаба қозонган ҳолда бронза медалига эга чиқди.
Турниргача босиб ўтган йўли
Нидерландия 2022 йилги мундиал саралаш доирасида жами 10 та ўйин ўтказди. “Лолалар юрти” вакиллари ушбу баҳсларнинг 8 тасида ғалаба қозонди, 2 мартасида дуранг ўйнади ва 1 бора мағлуб бўлди.
Ван Гал шогирдлари саралашнинг илк ўйинида Туркияга 2:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Аммо кейинчалик улар “яраланган шер” каби турнирда иштирок этди. Хусусан, Гибралтар 7:0 (иккинчи баҳс 6:0), Черногория 4:0 (иккинчи баҳс – 2:2), Туркия 6:1 (биринчи баҳс – 2:4), Латвия 2:0 (иккинчи баҳс – 1:0), Норвегия 2:0 (биринчи баҳс – 1:1) ҳисобида мағлуб этилди.
Улар гуруҳдан 23 очко тўплаган ҳолда Қатар чиптасига эга чиқди.
Луи ван Гал шогирдларининг охирги учрашуви Европа Миллатлар лигаси доирасида бўлиб ўтди. Улар ўз майдонида Бельгияни минимал 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Таркиб
Умуман олганда, Нидерландия анчайин юлдузли таркибга эга. Хусусан, жамоада Виржил ван Дейк, Мемфис Депай, Френки де Йонг, Яспер Силлессен, Маттейс де Лигт, Натан Аке, Дензель Дюмфрис каби номдор футболчилар ўйнайди. “Ливерпуль” марказий ҳимоячиси Виржил ван Дейк эса жамоа сардори ҳисобланади. Футболчи нафақат орқа чизиқда, балки баъзи ҳолатларда гол ура олиши ҳам амалда исботлайди.
“Барселона”нинг 28 ёшли ҳужумчиси Мемфис Депай Нидерландия терма жамоаси тўпурарлари рўйхатида “Шальке” ва “Аякс”нинг собиқ ҳужумчиси Клаас-Ян Хунтелар билан 2-ўринни эгаллаб турибди – 42 та гол. Депайда миллий терма жамоа рекордчиси Робин ван Персига яқинлашиш учун ажойиб имконият бор. Ҳозирда Робин ҳисобида 50 гол мавжуд.
Шунингдек, юқорида номи санаб ўтилганларнинг деярли барчаси ўз клубида етакчи футболчи мақомида ҳаракат қилади. Шу боис, уларни Қатардаги жаҳон чемпионатининг фаворитларидан бири деб айта оламиз. “Тransfermarkt” порталида “лолалар юрти” вакилларининг умумий қиймати салкам 473 миллон еврога баҳоланмоқда.
ЖЧ-2022'даги тақвими
Нидерландия Қатардаги жаҳон чемпионатининг “А” гуруҳида, тартиб бўйича 4-жамоа саналади. Уларнинг тақвими қуйидагича:
21 ноябрь. Нидерландия — Сенегал
25 ноябрь. Нидерландия — Эквадор
29 ноябрь. Нидерландия — Катар
Фикрлар