“Қора” Италия (Эркинжон Ғайбуллаев блоги)

        Марио Балотелли атрофида бўлган шов-шувлар Италия футболи тарихига назар солишга туртки бўлди, яъни Италия паспортига эга бўлган қора танли футболчилар ва уларга нисбатан ишлатилган ирқчилик муносабатларига тўхталиб ўтамиз.

Италия Ғарбий Европада қора танли футболчиларга эшигини очган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Франсия терма жамоасининг ярим таркиби қора танли футболчилардан иборат.

Африкада Италиянинг атиги иккита колонияси бўлган – Сомали ва Ливия. Сомалияликлар мустақилликкача ҳам, мустақилликдан кейин ҳам метрополияга қизиқишмади. Европага мигратсия ҳам катта масштабда амалга оширилмаган. Шунинг учун Италияда қора танли футболчилар кам сонли бўлган. Улардан баъзилари футбол ҳам ўйнашган, лекин машҳурликка эришмаган. А сериядаги қора танли футболчиларнинг ҳаммаси легионерлар эди.

Лекин 2001-йилда Италия футболида янгилик бўлди. Терма жамоага “Перуджи” ярим ҳимоячиси Фабио Ливерани чақирилди. Фабио нафақат “перуджиликлар” сафидаги терма жамоага чақирилган илк ўйинчи, балки, термага илк марта чақирилган қора танли “матрос”га айланди. Ливеранинг онаси сомалилик эди. Айтиб ўтиш керакки, бу нарса кўпчиликка ёқмади. Ҳаттоки, Ливерани “Перуджи” футболкасида бўлган пайтда қўллаб-қувватлаган мухлисларга ҳам. Фабио терма жамоада порлай олмади. Атиги учтагина ўйин ўтказган Ливерани “Перуджи” футболкасида ўзини қулай ҳис қилишини сезди.

Фабио Ливеранидан сўнг Жованни Траппатони терма жамоага “Кево” футболчиси Кристиан Манфрединини чақирди. Кристиан келиб чиқиши Кот-дъИвуарлик бўлган италиялик футболчи эди. Манфредини ҳам терма жамоа сафида атиги иккита ўйин ўтказган.

Шундан сўнг яна бир қанча келиб чиқиши африкалик бўлган Италия фуқаролари терма жамоа сафида ўйнашди. Уларнинг ичида энг машҳури Марио Балотелли ҳисобланади. У Палерьмода таваллуд топган. Оиласи Ганадан келган эди. Фарзандлари кўп бўлганлиги сабабли Балотеллининг отаси касал бўлган Мариода дори-дармон етказиб бера олмади ва уни бошқа оилага беришга мажбур бўлган. Шу тариқа Барвуа фамилиясини Балотелли фамилиясига ўзгартирган. Марио Европа футболида ўзига хос ўрин эгаллади.Нафақат майдондаги, балки, майдондан ташқаридаги ҳаракатлари, ўзини тутиши, ҳар хил қилиқлари билан ҳам ёдда қоладиган бўлди. Ундан ташқари ирқчиликка энг кўп дуч келадиган футболчи ҳам айнан Марио ҳисобланади.

Италия терма жамоаси шарафини ҳимоя қиладиган яна бир қора танли футболчи бу Анжело Огбонна ҳисобланади. Асли келиб чиқиши нигериялик. Ўзининг маҳорати эвазига Огбонна “Торино” сафида ўз ўрнини эгаллади ва туринликларнинг алмаштириб бўлмас футболчисига айланди. Кейин эса Туриннинг бошқа жамоаси “Ювентус”га ўтди ва у ерда кўп ушланиб қолмади. “Юве” раҳбарияти уни 2 мавсумдан сўнг “Вест Хем” жамоасига сотиб юборди ва ҳозирда ҳам Анжело лондонликлар шарафини ҳимоя қиляпти. У Италия терма жамоаси билан Европа витсе-чемпионига айланган. 31 ёшли футболчи ҳам терма жамоанинг керакли футболчиларидан бири ҳисобланади. Унинг ирқчиликка нисбатан ўз муносабати бор.

“Ирқчилик ҳақида қанча кам гапирсак, шунча эътибор камаяди. Тўғри, уни бутунлай йўқотиб бўлмайди. Аммо эътиборни камайтирса бўлади.” – дейди футболчи.

Огбонна нигериялик мухлисларнинг нафратига учраган. Лекин футболчи ўзи ҳақида “Мен Италияда туғилганман. Ўзимни италиялик ҳис қиламан. Ҳаттоки, фамилиям италянча” – дейди.

“Рома” тарбияланувчиси Стефано Окака-Чука 16 ёшида римликлар сафида дебютини ўтказган. Бир неча ойдан сўнг эса ўз дебют голини нишонлаган. “Рома” сафида дебют голини урган энг ёш футболчига айланди. Римда уни ҳамма ҳурмат қиларди. Кейинчалик эса клуб уни ижарага бериб юборди. Ижарадан қайтач эса, ўзини кўрсата олмаган Окака-Чука римликлар сафидан кетишга мажбур бўлди. Бир неча йиллик саёҳатдан сўнг у ҳозир яна Италияда ўйнаяпти. Ҳозирги клуби “Удинезе”.

“Мен уйимга қайтганимдан хурсандман. Голлар уришни ва жамоамга фойдам тегишини истайман” – дейди Стефано.

Аммо Окака-Чука ирқчиликка учрамаган. Балки бу ҳақида шикоят қилишни истамаган кам сонли футболчилардан ҳисобланади.

Лекин Моизе Кин ирқчиликдан азият чеккан футболчилардан бири ҳисобланади. “Ювентус”да ўйнаб юрган кезларида “Каляри” билан баҳс вақтида трибунадан ҳуштакбозликлар, ирқчилик ҳақидаги қўшиқлар садоси янграб турарди. Кин бундай муносабатларга ўз голлари, Скудеттони ютиши ва Италия терма жамоасига чақирилиши билан жавоб қайтарди. Италиядаги ирқчиликдан безган Моизе Англияга кетишга қарор қилди. “Евертон” сафига бориб қўшилган Кинни мухлислар ўзгача кайфиятда кутиб олишди. Англияга ўтгач, Моизеда нафақат ирқчилик, балки, голлар ҳам йўқолиб қолди. Англияда у гол уришни унутиб қўйди. Италия терма жамоаси уни чақирмаяпти, Кот-дъИвуар эса уни ўз футболчиси дея ҳисобламайди.

Италияда ўйнайдиган қора танли футболчилар рўйхати юқоридагилар билан чекланмайди. Яна кўплаб футболчилар бор. Бу футболчилар кўпроқ ирқчилик туфайли азият чекишади. Мухлислар ирқчилик кайфиятини йўқотишини, дунёда ҳамма тенг ҳуқуқли эканлигини унутмаслигини ва майдондаги ўйинига қараб баҳо беришини тилаб қоламиз. Зеро, ирқчилик энг ёмон одатлардан бири.