23 йил олдинги 9:0

Coca Cola Суперлигасининг 23-тури доирасидан ўрин олган баҳсда “Навбаҳор” ўз майдонида Термизнинг “Сурхон” жамоасини қабул қилади. Наманганликлар матбуот хизмати учрашувга оид маълумотларни тақдим этди.

Мазкур клублар шу кунгача миллий чемпионатларимиз тарихида ўзаро 27 марта рўбарў келган. Ушбу ўйинларнинг 18 тасида “лочинлар”нинг қўли баланд келган (битта ўйинда “Навбаҳор”га техник ғалаба ёзилган), 5тасида термизликлар ғалаба қозонган бўлса, 4та баҳсда эса жамоалар муроса кўчасини танлаган. Тўплар фарқи: 74-21 “Навбаҳор” фойдасига. Ўзаро учрашувларда “Навбаҳор” 58 очко, “Сурхон” эса 19 очкони қўлга киритган.

Ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинлардаги энг йирик - 9:0 ҳисоби 1997 йили Наманганда қайд этилган. Таъкидлаш жоизки, наманганликлар ўтказилган 27та баҳснинг 12 тасида термизликлар устидан йирик ҳисобда зафар қучган.

“Навбаҳор” ҳамда “Сурхон” клублари бунгача Наманганда 13 марта куч синашган (ўтган йилги баҳс маълум сабабларга кўра, Фарғонада ўтказилган ва ушбу ўйин ҳам “Навбаҳор” номинал мезбон бўлганлиги боис инобатга олинди).

1992 йили термизликлар Наманганга ташриф буюрмагани боис, “Навбаҳор”га 3:0 ҳисобидаги техник ғалаба ёзилган бўлса, қолган 12та баҳснинг барчасида “лочинлар” ғалаба қозонган (Фарғонадаги ўйинда ҳам).

Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, термизликлар Наманганда ҳали очко олмаган.

“Навбаҳор” ўз майдонида ўтказилган ўзаро учрашувларда “Сурхон” дарвозасини 49 марта ишғол этган бўлса, термизликлар Наманганда “лочинлар” дарвозасига бор-йўғи 4та тўп киритган.

Клубларнинг 1-даврада марказлашган ҳолда, Тошкентда бўлиб ўтган баҳсида дуранг – 1:1 ҳисоби қайд этилган, “Сурхон”нинг голига Шерзодбек Каримов муаллифлик қилган, шунингдек, термизликлар ҳимоячиси Асрор Ғофуров кутилмаганда ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйганди.

“Навбаҳор” – “Сурхон” жамоалари ўртасидаги учрашув 20 ноябрь куни “Марказий” ўйингоҳда соат 17:00 да старт олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!