25-тур қаҳрамонлари кимлар?
Coca-Cola Суперлигада 25-тур ортда қолди. 22-24 ноябрь кунлари бўлиб ўтган 7 та беллашувда турли натижалар қайд этилди ва бу турда мамлакат чемпиони ҳамда лигани тарк этган иккинчи жамоа номини ҳам билиб олдик. Доимгидек, мазкур турнинг қаҳрамонлари ҳақида сўз юритамиз.
“Бухоро” – ОКМК – 0:1. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Санжар Турсунов
Ўтган турда расман Суперлига билан хайрлашган “Бухоро” учун кейинги иккита учрашув шунчаки расмий мақомида эди. Улардан бири ОКМКга қарши ўтди ва бу баҳсда ҳам бухороликлар ўз уйида мағлуб бўлди. ОКМК сардори ва етакчиси Санжар Турсунов ушбу баҳсда ҳал қилувчи голни урди ва жамоасига уч очкони келтирди. Етакчилик хусусиятини кўрсата олган футболчи учрашувнинг энг зўри бўлди.
“Турон” – “Андижон” - 1:3. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Леван Арвеладзе
Андижонликлар Яйпанда “Турон”ни мағлубиятга учратди. Натижада “Турон” 25-турда расман Суперлига билан хайрлашди. “Бургутлар” ўйинни назорат қилди ва бунда жамоанинг легионерларидан бири Леван Арвеладзенинг ҳиссаси катта бўлди. У майдоннинг ҳар бир қарич ерида фаол бўлди. Рақибнинг ҳужумларини бузишда ва жамоасини ҳужумларини бошлашда Леван зўри бўлди.
“Бунёдкор” – “Металлург” – 1:0. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Жасур Ҳакимов
“Бунёдкор” “Металлург”ни ягона гол эвазига мағлубиятга учратди. Ҳал қилувчи гол Жасур Ҳакимов томонидан киритилди. Жамоасининг етакчиларидан бири ҳисобланган ушбу ҳужумчи “Металлург”га қарши баҳсда ўзини ҳар томонлама кўрсатди ҳамда етакчилигини ҳам намойиш қила олди.
“Насаф” – “Сўғдиёна” – 0:0. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Тарик Исич
Кўпчилик “Насаф”нинг ғалабасини тахмин қилганди. Уч очко мезбонларга жуда муҳим эди, айниқса, совринли ўринлар учун курашаётган пайтда. Бироқ чемпионат охирларида “Сўғдиёна” ҳам лигада қолиш учун охирги имкониятларини ишга солаётганини айтиш мумкин. Жиззахликлар Қаршида бир амаллаб бўлса ҳам бир очкони қўлга киритди. “Сўғдиёна” ҳимоя чизиғида мезбонларнинг шиддатли ҳужумларига дош бердилар ва бунда легионер футболчи Тарик Исич мардонавор курашди.
“Нефтчи” – “Қизилқум” – 1:0. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Гиорги Никабадзе
“Нефтчи” Фарғонада “Қизилқум”ни грузиялик ҳужумчисининг биргина голи эвазига мағлуб этди. Айнан Никабадзе ўйин қаҳрамонига айланди. Чунки унинг ягона голи ҳаммасини ҳал қилди ва “Нефтчи”га медаллар учун курашдаги имкониятини сақлаб қолди.
“Олимпик” – “Навбаҳор” – 2:1. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Иброҳим Ибрагимов
“Навбаҳор” бу турда қимматли очколарни бой берди. Ёш “Олимпик” клуби ўзидан бир мунча тажрибали бўлган жамоани енгишни уддалади. Бўлим охирларида Иброҳим Ибрагимовнинг голи туфайли ўйинда бурилиш юзага келди. Рости, ушбу иқтидор эгаси баҳсни аъло даражада ўтказди. У биринчи даврада “Металлург” сафида Намангандаги учрашувда қизил карточка олиб майдонни эрта тарк этганди. Бу сафар у “Олимпик” таркибида “Навбаҳор”га қарши энг яхши ўйинчига айланди ва ажойиб гол ҳам урди.
“Сурхон” – “Пахтакор” – 1:2. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Дилшод Саитов
“Пахтакор” “Сурхон”га қарши баҳсда кутилганидек мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Ўйинни энг яхши футболчиси Дилшод Саитов бўлди. Аслида бу футболчи асосий таркибда эмасди. Аммо Ҳожиакбар Алижоновнинг жароҳати туфайли мажбурий ўзгариш бўлди ва Саитов ўйинга қўшилди. Дилшод беллашувдаги биринчи гол муаллифига айланди. Иқтидорли ўйинчи ажойиб ўйинлари билан барчада яхши таассурот қолдирди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар