"3 та мусобақанинг биридан воз кечиш нотўғри, Денисов афсусланмаяпти" - янги тарих яратаётган Улуғбек Бақоев ОФК Кубогини забт этмоқчи. Суҳбатда яна нималарни айтди?

Улуғбек Бақоев бошчилигидаги Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби жорий мавсум ўзи учун янги саҳифа ёзяпти. Жамоа доимгидек Ўзбекистон чемпионатида соврини ўринлар учун курашяпти. Ўзбекистон Кубоги ва ОФК Кубогида ярим финалга йўл олди.

Айниқса, ўз тарихида илк бор ОФК Кубогида қатнашаётган “Сўғдиёна” ғалабалар билан барча ўзбекистонлик мухлисларни хурсанд қиляпти ҳамда у ердаги юришини давом эттиряпти.

Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев Бақоев билан олдинда турган муҳим баҳслар ва яна бошқа мавзуларда суҳбатлашди.  

- “Сўғдиёна” клуби янги саҳифа очяпти. Ички ва халқаро майдонларда муваффақиятли қатнашиш осон эмас. Аммо жамоа барқарорликни сақлаб келяпти...

- Қулоқ солинг, мен ва мураббийлар штабидаги ёрдамчиларим учун бу биринчи марта юз бериб турибди. Албатта, буларнинг бари осон бўлгани йўқ. Чунки ҳар 4 кунда футболчиларни руҳан, жисмонан ва ҳар томонлама тайёрлашнинг ўзи бўлмайди. Бу биз мураббийлардан катта меҳнат талаб қиладиган жараёндир. Бундай пайтда таркибни ротация қилиш орқали футболчиларга анча енгиллик яратиш мумкин. Бироқ бизда захира ўриндиғимиз унчалик кенг эмас. Шуни инобатга олганда, бизга осон бўлмаётганини тушуниш қийин кечмаса керак. Ҳаммаси оғир. Шундай бўлса-да, биз мураббийлар штаби ва футболчилар биргаликда шу ҳолатга етиб келиш учун қаттиқ ишлаяпмиз. Албатта, иш жараёнида нимадир яхши амалга ошади, нимадир ўхшамай қолади. Шуни ҳисобга олсак, бизда ўзига яраша қийинчиликлар юз берди. Бу жуда оғир бўлса-да, астойдил ҳаракат қилган ҳолда шу даражага етиб келдик. Энг асосийси, биз клуб учун ўйнашга ҳаракат қилмоқдамиз. Шунингдек, раҳбарият учун ҳам ҳаракат қиляпмиз. Улар бизни ўйнашимиз учун қўлларидан келган барча шарт-шароитларни яратиб келишмоқда. Таркиб тор эканлигини ва бу жараён осон бўлмаганини айтганда, ҳаммаси жуда мураккаб кечмоқда.

бакоев9

- Мураббий сифатида клуб кураш олиб бораётган учта фронтдан қайси бири сиз учун муҳимроқ?

- Жуда қийин савол бердингиз. Биласиз, биз биринчи навбатда профессионаллармиз. Шу сабаб биз қадам-бақадам мақсад сари интилмоқдамиз. Яъни, айтмоқчиманки, учала фронт биз учун бирдек муҳим. Шуни инобатга олсак, мусобақалардан биридан воз кечиш жуда нотўғри иш бўларди. Яна қайтараман: мақсадлар сари қадам-бақадам интиляпмиз ва учала фронтда максимал натижага эришишдан умид қилмоқдамиз. Қандай муваффақиятлар қозонишимиз ёки аксинча мақсад амалга ошмаслиги эҳтимолини мавсум охирига борганда кўрамиз. Нима бўлган тақдирда ҳам юқори натижаларга эришишни мақсад қилиб қоламиз. Учала фронтдан қайсинисида зафар қучишни вазифа қилиш – бу нотўғри танлов бўларди. Клуб учун барча турнирнинг аҳамияти бирдек муҳим.

- “Сўғдиёна” ОФК Кубоги ярим финалида “Куала-Лумпур” билан тўқнаш келади. Бўлажак ўйинга тайёргарлик, рақибни ўрганиш қандай кетмоқда?

- Гонконг клубига қарши ўйиндан сўнг асосий эътиборни миллий чемпионат беллашувларига қаратдик. Чунки бизни олдинда “Навбаҳор”, “Металлург” ва “Нефтчи”га қарши ўйинлар кутиб турганди. Учала учрашувда бор-йўғи 2 очкони қўлга киритдик. Бу қониқарли натижа эмас, албатта. Энди вазиятни яхши томонга ўзгартириш ҳақида ўйлаяпмиз. ОФК Кубогидаги рақибимизга келсак, унинг таркибида легионер футболчилар талайгина. Жамоа сафида австралиялик, ганалик футболчилар тўп суришади. Осон бўлмаслиги тайин. Аммо иложи борича бу рақибдан ҳам ўтиб финалга чиқишга уриниб кўрамиз.

бакоев8

- Ўйиннинг яна Жиззахда бўлиши “Сўғдиёна”га қандайдир устунлик берадими?

- Жиззах ва клуб учун бу жуда муҳим беллашув бўлиши шубҳасиз. Мухлислар кўз ўнгида яхши натижага эришишдан умидвормиз.

- Нафақат Жиззах, балки бутун Ўзбекистон учун ҳам клубингиз ўйини муҳимроқ...

- Ҳа, гапингизда жон бор. Бутун Ўзбекистон ўйинимизни телевизор орқали томоша қилиши турган гап. Табиийки, жиззахлик ишқибозлар учун бу ўзига хос байрамга айланиши тайин. Улар шу куни ўйинни томоша қилиш учун байрамона муҳитни юзага келтиришлари муқаррар. Уйда тўп суриш жамоага ҳам қандайдир устунлик бағишламасдан қолмайди. Лекин бундай босқичда уйда ёки сафарда тўп суришнинг аҳамияти унчалик роль ўйнамайди. Чунки бундай пайтда бутун диққат-эътибор ўйинга қаратилган бўлади.

бакоев6

- Ёзги трансфер чоғида сиз кутилмаган ва таъбир жоиз бўлса, “бомба” трансферни амалга ошириб, клубга Виталий Денисовни олиб келдингиз. Бу иш қандай амалга ошди?

- Терма жамоа сафида ўйнаб юрган кезларимда Виталий билан ўртамизда жуда илиқ, дўстона муносабат шаклланганди. Бунга қўшимча равишда иш жараёнимизда ўзига яраша субординация бор. Яъни, майдонда бўладими ёки унинг ташқарисида ҳамми ўз ишини билиб амалга оширади. Бизда худди оиладагидек муҳит юзага келиб, футболчилар бир-бирларига оға-инилардек муносабатда бўлишади. Денисовга қайтадиган бўлсак, у билан гаплашдик ва таклифимизни билдирдик. У маълум вақт ўйлаб кўрди ва охир-оқибат таклифимизни қабул қилди. Ўйлайманки, Виталий таклифимизни қабул қилгани учун энди бундан афсусланмаяпти. Ўз навбатида тажрибали футболчи клубга қўлидан келган ёрдамни кўрсатмоқда. Умуман, бутун жамоадаги футболчиларимизнинг жорий мавсумдаги хизматларини юқори баҳолай оламан. Кўриб турганингиздек, жамоа максимал натижаларга эришиш учун ҳаракат қилмоқда. Клубдагилар Денисовни жуда илиқ кутиб олишди. У қисқа фурсат оралиғида янги иш жойига кўникиб кета олди.

- Демак, ундан кўнглингиз тўлмоқда, шундайми?

- Ҳа, айнан шундай. Нафақат мен, балки бутун жамоадагилар ҳам ундан хурсанд.

бакоев5

 -Биз ҳам бундан хурсандмиз...Нега деганда, у ҳамон ўзининг юқори спорт формасини сақлаб қолган ҳолда яхши ўйинлар намойиш этяпти.

- Ҳа, бу фикрингизга қўшиламан.

- Куни кеча эшитдим, ПФЛдаги йиғилишда иштирок этмаганингизни гапиришяпти. Шу тўғрими?

- Бекободдаги учрашувдан сўнг Бухорога – ота-онамни кўриб келиш учун йўл олгандим. Шунинг учун ҳам йиғилишда иштирок эта олмадим.

- Йиғилиш чоғида келгуси мавсум Суперлигада 16 ёки 14 иштирокчи қолиши кераклиги юзасидан ҳам муҳокамалар бўлиб ўтди. Сизнинг бу борадаги фикрингиз қандай?

- Ўзингиз кўринг, ҳозирда 14 иштирокчидан иборат чемпионат анча қизғин кечмоқда. Сунъий равишда қатнашчилар сонини 16 тага ошириш кўзланган мақсадни бериши даргумон, менимча. Менинг бу борадаги фикрим шундай. Қолаверса, про лигадаги учрашувлар ҳам жуда қизғин кечмоқда. Бу фикримга қўшилсангиз керак?

бакоев7

- Ҳа...

- Агар про лигага яна иккита жамоа қўшилса, янада қизғинроқ курашларга гувоҳ бўлиш мумкин. Бизда учрашувлар сони унчалик кўп эмас. Шу боис биринчиликни биринчи ва иккинчи давра тизимида ўтказиш бошқача бўларди. Масалан, 1 – 6-ўринни эгаллаб турган жамоалар совринли ўринлар учун, 7-12-ўринларни банд этганлар эса лигада қолиш учун баҳс олиб боришса кураш янада қизғин кечиши тайин. Бунинг натижасида 3-4-давра юзага келади ва ўйинлар сони ҳам ўз-ўзидан ортади. Менимча, чемпионатни янада қизғин кўринишга келтириш учун шундай йўл тутса ҳам бўлади. Назаримда, 14 та жамоадан иборат биринчиликни ўз ўрнида қолдирган маъқул. Про лигада эса 3- ва 4-даврани жорий қилиш мумкин.

- Ўтган йили “Сўғдиёна” 2-ўринни банд этди. Бу йилги мавсум интригаси ўтгангисига нисбатан анча юқори ва “Сўғдиёна” яна чемпионлик учун курашяпти. Бу фикрга қўшиласизми? Интрига борасида нима дея оласиз?

- Чемпионатда интриганинг юзага келгани жуда яхши ҳолат. Бу ўз-ўзидан курашлар қизғин кечиш даражасини оширмасдан қолмайди. Футболчилар бундай маҳалда ўзларини бўшаштириб юбормайдилар. Ўз навбатида чемпионатдаги қизғин кураш мухлисларда катта қизиқиш уйғотади. Ҳозир бутун диққат-эътиборимиз ўйинларга қаратилгани боис ўтган мавсумни бу сафаргисига таққослай олмайман. Яъни, нималарнидир ўзимча муҳокама қилиш ниятим йўқ. Биз мураббийлар учун жамоани беллашувга тайёрлаш асосий вазифа ҳисобланади. Қолган масалалар билан эса шуғулланадиган раҳбарият бор.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!