Абдушукур Собиржонов Олимпиадага боради
Мамлакатимиз от спорти тарихида илк бор терма жамоамиз аъзоси Ўсмирлар ўртасидаги ёзги Олимпиада баҳсларида иштирок этади. Яъни, 2018 йилда Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес шаҳри мезбонлик қиладиган баҳсларда ҳамюртимиз Абдушукур Собиржонов юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Таъкидлаш керак, мазкур нуфузли мусобақага номзодлар Сиртқи Жаҳон кубоги – Челлендж мусобақаларидаги иштироки ва юқори кўрсаткичлари асосида танланади. Бу йилги Челленж мусобақаларининг Эрон, Иордания, Қозоғистон, Қирғизистон, Қатар, Сурия, Бирлашган Араб Амирлиги, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон каби тўққиз давлатдан иборат олтинчи ҳудудий гуруҳида жами 78 нафар чавандоз иштирок этди. Олимпиада лицензияси учун бўлган жиддий ва мураккаб баҳслар давомида ҳар бир чавандоз ўз иқтидори ва салоҳиятини намойиш қилиш билан бирга Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қилади.
Эслатиб ўтамиз, ҳар бир мамлакат Челленж мусобқаларининг натижаларини Халқаро От спорти федерацияси (FEI) га жўнатишади ва ана шу натижалар асосида Олимпиада қатнашчилари аниқланади. Экспертлар чавандозларнинг юқори кўрсаткичларига катта эътибор қаратишади.
Тўққиз мамлакат чавандозлари орасида бўлиб ўтган беллашувлар давомида Абдушукур Собиржонов маррага 63.04 сониялик натижа қайд этиб, ҳеч қандай жарима бали олмасдан етиб келди ва пешқадамликни қўлга киритди. Яна шуни фахр билан қайд этиш керак, Ўсмирлар ўртасидаги ёзги Олимпиада баҳсларида ёш чавандозимиз мамлакатимиз шаънини ҳимоя қилиш билан бирга Осиё минатақаси терма жамоаси шарафи учун ҳам беллашувларда иштирок этади.
Абдушукур Собиржонов 2002 йил туғилган. От спортининг тўсиқлардан от сакратиш тури бўйича бир неча бор Ўзбекистон чемпиони, бир неча бор от спортининг тўсиқлардан от сакратиш тури бўйича Жаҳон кубоги Марказий Осиё лигаси чемпиони бўлган.
Фикрлар