Азамат Абдураимов: “Оммавий Эл Класико” томошаси жуда ажойиб ўтди

Хабарингиз бор, жорий йилдан эътиборан Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси дунёнинг энг кучли лигаларидан бири – Ла лига билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Жаҳондаги етакчи лигалардан бири билан имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумга асосан бир қатор лойиҳалар амалга оширила бошланди. 
 
Жумладан, 28 октябрь куни пойтахтимиздаги “Миллий” стадионда мамлакатимизда илк марта “Оммавий Эл Класико” томошаси бўлиб ўтди. Футбол тарғиботини кучайтириш, ёшларни футболга қизиқишини орттириш, жаҳон футболи юлдузини ва Ла лига кубогини яқиндан томоша қилиш имконини яратиш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбир доирасида Темур Кападзе бошчилигидаги “Реал Мадрид” ҳамда Луис Гарсия бошчилигидаги “Барселона” ўзаро кўргазмали ўйинда иштирок этишди. 
 
Шу куни “Барселона” сафида майдонга тушган Азамат Абдураимов ушбу тадбир ҳақида ЎФА матбуот хизматига қуйидагича фикрларни билдириб ўтди: 
 
- “Оммавий Эл Класико” томошаси жуда ажойиб тарзда ўтди. Тадбирга жуда кўплаб мухлислар ташриф буюрди. Чин маънодаги футбол байрами бўлди. Умид қиламанки, ишқибозларга биз футбол фахрийлари ўртасида ўтган кўргазмали учрашув ҳам маъқул келди. Жамоалар нақд 8 тадан гол уриб, дуранг қайд этишди. Бунақаси ҳақиқий “Эл Класико”да ҳам бўлмаган ҳали. Қолаверса, Луис Гарсия билан бир жамоада ўйнаш жуда мароқли бўлди. У билан майдонда тез “тил топишиб” кетдик. У ҳақиқий профессионал, ўз ишининг устаси. Стадиондаги атмосфера ҳам худди катта футбол шоуларидагидек бўлганини таъкидлай оламан. Сўнгра биринчи марта катта экранда футбол томоша қилдик. Барчаси ажойиб тарзда ўтди. ПФЛ ва Ла лиганинг келгуси лойиҳаларида омад тилайман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!