Бакaйоко нега “Челси”да ўз ўрнини тополмади?
Фрацниялик ярим ҳимоячи “Стэмфорд Бридж”даги бир йиллик фаолиятидан кейиноқ уни тарк этди ва Италия сари йўл олди. Хўш, нима учун унинг Лондон ғарбидаги ишлари юришмади? Шу ҳақида мулоҳаза юритамиз.
Тьемуэ Бакaйоко фаолиятида янги саҳифа очилди. У бир йиллик ижара асосида “Милан” клубига келиб қўшилди. Агарда у ўзини кўрсата олса миланликлар унинг трансфер ҳуқуқини сотиб олишлари мумкин. Бироқ франциялик футболчининг “Челси”даги ишлари юришмагани бу вазиятга олиб келди.
Сургун қилинган ярим ҳимоячи 2017-18-йилги мавсумни жуда оғир ўтказган бўлсада, у “кўклар” мухлисларининг севимли футболчиларидан бири бўлди.
“Монако” сафида ўзини Чемпионлар Лигасида кўрсаткач, Антонио Конте уни ўтган мавсумда 40 миллион фунтга сотиб олишга қарор қилди.
Конте унинг тимсолида Нголо Кантега яхши ҳамкорни кўрди. Сеск Фабрегас ҳужумда фаол иштирок этиши учун икки ёки уч кишилик ярим ҳимоя тизимида Бакaйоконинг имкониятларини юқори баҳолади. Хатто клуб мухлислари унга бағишлаб қўшиқ ҳам яратишди.
Шунга қарамай, бундай умидлар секин аста сўниб борди. 2016-17-йилги мавсумда премьер Лигада “Йилнинг энг яхши футболчиси” бўлган Канте октябрда жароҳат олгач, Фабрегас ва Бакaйоко тандеми иш бермади. “Челси” “Кристал Пелас”дан иккала учрашувда ҳам мағлуб бўлган ягона жамоа бўлди. “Рома”дан учралган йирик 3-0 ҳисобидаги мағлубиятда ҳам бош мураббийнинг режалари иш бермади.
Канте қайтгач ҳам Бакaйоко ўзини тиклаб ололмади. У ўйнашда давом этди, аммо у “Челси”нинг ожиз нуқтасига айланиб қолди ва клубнинг расмий каналида “Челси” афсонаси Френк Лемпард томонидан “Ливерпуль”га қарши ўйини сабаб жиддий танқид қилинди.
Бакaйоконинг спорт формасида эмаслиги Фабрегас ёзда “Манчестер Юнайтед”га сотиб юборилган Неманья Матичнинг вазифаларини бажаришига тўғри келишини англатарди. Бакaйокони мунтазам равишда Матичга қиёслашди. Бу айниқса узатмалар ва позиция танлашга келганида кўпроқ қиёсланарди.
Унинг феврал ойида “Уотфорд”га қарши ўйинда кўплаб фоллар ишлатиши жамоасининг камчилик бўлиб ўйнашига олиб келди ва турнир жадвалининг ўртамиёна клуби лондонликларни 4-1 ҳисобида “ер тишлатди”.
Конте ярим ҳимоячига бўлган ишончини тўлиқ йўқотди ва унга танқидлардан керакли хулоса чиқариб олиши учун бир ой берди. Унинг навбатдаги турда “Лестер”га қарши ўйинда яна қўполликлар ишлата бошлаши Контенинг қизил карточка хавфи борлиги сабаб биринчи бўлимдаёқ уни алмаштиришига олиб келди.
Бакaйоко мавсум охирида клубдагилар ва мураббий ўртасидаги ихтилофлар сабаб яна асосий таркибга қайтди. Бироқ Маурисио Саррининг келиши билан вазият кескин ўзгариб кетди. Янги мураббий ўзининг ғоялари ва қайта қуриш сиёсати билан келиши маълум эди.
Сарри ярим ҳимоячилардан қисқа пас ўйнашни талаб қила бошлади. Бу эса франциялик таянч ярим ҳимоячисининг ожиз нуқталаридан бири. Клуб шу сабабли “Наполи”дан 57 миллион фунт эвазига Жоржиньони олиб келди. “Реал”дан эса ижара асосида Матео Ковачич келиб қўшилди.
Бакaйоко эса мавсумолди учрашувларда Саррининг ишончини йўқотиб қўйди. Унинг Халқаро Чемпионлар Кубоги доирасида “Интер”га қарши ўйиндаги хатоси голга олиб келди. Бу эса унинг “Стэмфорд Бридж”даги келажагига раҳна солди.
Эндигина 23 ёшни қарши олган футболчи ҳали ёш ва у “Милан”даги ижараси давомида Лондонга қайтиши учун ўзини кўрсата олиши мумкин. “Челси” афсонаси, “Монако”да ярим ҳимоячи билан ишлаган Клод Макелеле ватандошининг тарафини олди ва унинг саҳифаси ёпилмаганини билдирди. У қайта ривожланишда давом этиши кераклиги тарафдори.
Бироқ ҳақиқат шуки, Саррининг “Челси”даги ишлари давом этар экан унинг “Стэмфорд Бридж”га қайтиш орзуси анча вақтга чўзилиши мумкин.
Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.
Фикрлар