Дембеленинг “Барселона”даги тақдири нима бўлади?

 

Франциялик иқтидор эгаси ўтган йили клубдан кетган Неймарнинг ўрнини тўлдириш учун олиб келинган эди. Бироқ бу ёзда бошқа бир бразилиялик футболчининг келиши билан унинг клубдаги келажаги сўроқ остида қолиши мумкин. Хўш, “Боруссия Дортмунд”нинг собиқ вакилининг “Барса”даги келажаги нима бўлиши мумкин? Қуйида шу ҳақида.

“Барселона” ўтган ҳафтада қарама-қарши трансферни амалга оширди. 41 миллион евро эвазига Малком олиб келинди. Бироқ бу трансфер “Бордо” клуби “Рома” билан келишган бир пайтда содир бўлди. Тиббий кўрикдан ўтиб “Олимпико” стадионида расман таништирилиши керак бўлган сўнгги дақиқаларда Ла Лига чемпионлари Малкомни “илиб кетди”.

Каталонияликларнинг 21 ёшли футболчи трансферига кеч муносабат билдириши “Рома” билан ўзаро муносабатларни ёмонлаштириши ҳеч гап эмас. Бунга клуб президенти ҳам шаъма қилди: “Агарда улар Мессини бизга беришса, “Барселона”ни кечиришим мумкин.”

Бу масаланинг бир томони бўлса, бошқа томондан “Барса”нинг трансфер бозоридаги сиёсати баъзи ҳавотирларни туғдирмоқда.

Аввало клуб бош мураббийи Эрнесто Вальверде “Атлетико Мадрид”дан Антуан Гризманни олиб келишни истаган эди. “Камп Ноу”дагилар эса бўлажак Жаҳон чемпиони уларнинг суюклисига айланишига ҳечам шубҳа қилмаётганди. Чунки ҳужумчининг ўзи каталонияликлар сафига ўтишига оид баъзи белгиларни кўрсатарди.

Аммо якунда Гризманн “Атлетико”нинг молиявий томондан анча яхшиланган таклифини қайта ўйлаб кўрди ва клубда қолишга қарор қилди. Франциялик ҳужумчи энди солиқ тўловларидан ташқари йилига 23 миллион евро ишлаб топади. У буни Жаҳон Чемпионати бошланиш арафасида тайёрланган хужжатли фильмда гапириб берди.  Бу эса “Барса” ҳужумчи масаласида қайта ўйлаб кўриши кераклигини англатарди.

Кейинчалик эса каталонияликлар клубга “Гремио”дан Артурни, “Севилья”дан Клеман Ланглени олиб келиб таркибни кучайтиришди. 2018-19-йилги мавсумда ҳужум чизиғини эса Малком билан кучайтиришга қарор қилишди.

Малком эса аллақасон клубдаги дебютини ҳам ўтказишга муваффақ бўлди. У “Тоттенхем”га қарши кечган баҳсда ҳал қилувчи пеналтини киритди. Энди эса янги жамоаси бўлиши мумкин бўлган “Рома”га қарши сешанба куни майдонга чиқишга тайёргарлик кўрмоқда.

“Рома” билан бу сафарги учрашув ўзгача аҳамият касб этади. “Барса” Малкомни римликлардан тортиб олиб баҳорги учрашувдан ўзига хос тарзда интиқом олди. Ёдингизда бўлса, айнан “Рома” “Барселона”ни Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқичида мусобақадан чиқариб юборган эди. Бу учрашувларда эса Вальверде Усмон Дембелега беш дақиқалик ўйин амалиётини тақдим қилганди.

Ўзи бош мураббий франциялик ҳужумчини кўпам ўйнатгани йўқ. Бу Вальверде нинг унга бўлган ишончи юқори эмаслигидан далолат. Хатто унинг клубдан кетиши ҳақидаги хабарлар ҳам тарқала бошлади. Франция Жаҳо Чемпионатини ютганига қарамай Усмон Дембеле нурсиз иштирок этди. Бу эса унинг обрўйини янада тушириб юборди.

Малкомнинг олиб келиниши эса бу ҳавотирларни янада чигаллаштириб юбориши мумкин. Бу мавзуга нуқта қўйиш мақсадида Эрик Абидаль ўтган ҳафтада махсус интервью берди: “Дембеле муҳим футболчи. Биз мутлақо унга ишонамиз. У ва Малком битта позицияда ўйнайдиган футболчилар, аммо мавсум узун ва биз клуб ҳақида ўйлаяпмиз. Дембеленинг кўнгли тўқ бўлаверсин, у биз учун муҳим.”

Франциялик ёш иқтидор эгасининг ўтган мавсумидаги камчиликларидан бири бу унинг ҳимоявий хусусиятлари йўқлиги бўлди. Бироқ клуб бу сафарги мавсумолди тайёргарлик жараёнида бу камчилигини тўлдиради ва янги мавсумда клубга тўлиқ мослашиб кетади.

“Биз бу мавсум уники бўлишига умид қиламиз. У бизга кўп нарса бериши керак. У ўзгача. Ўтган мавсумда у олган жароҳати сабаб мавсум омадсиз бўлди. Шунда ҳам у бизга кўп нарса бера олди” – деди Эрнесто Вальверде Дембеле ҳақида илиқ фикрларини билдираркан.

Бир йил олдин у учун 105 миллион евро тўлаган “Барса” шунчаки қўйиб юбормоқчи эмас. У Жаҳон чемпиони, эндигина 21 ёшда. У ва Малком янги мавсумда асосий таркибга кириш учун ҳақиқий профессионал рақобат қилиши талаб этилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!