Эктор Купер Уммон устидан қозонилган ғалабадан сўнг нималар деди?
"Уммон бугун кучли ўйин намойиш қилди. Биз кўп вазиятларда тўпни рақибдан олиб қўйишга қийналдик. Бугун икки хил тайм ўтказдик.Биринчи бўлимда яхши ҳаракат қилгандик. Аммо иккинчи таймда биз устунликни рақибга бериб қўйдик. Уммон ўйини назорат қилишга муваффақ бўлди. Биз ҳудудларда ёпишга қийналдик, рақибимиз бундан унумли фойдаланди. Лекин ҳисоб тенглашгандан кейин ҳам ғалаба қозонишимизга ишонч бор эди менда. Осиё Кубогини ғалаба билан бошлаганимиздан хурсандман.
Терма жамоа аъзолари жисмоний жиҳатдан яхши формадалар. Шунчаки бугун биринчи ўйин бўлгани учун бир оз асабийлашдилар. Биз Уммонга қарши учрашувда тўпни назорат қила олмаганимиз учун ҳам кўп югуришга, кўп куч йўқотишга мажбур бўлдик. Кейинги ўйинларда бу хатоларимизни тўғирлашга ҳаракат қиламиз.
Гол киритилган вазиятда икки футболчи аъло даражада ҳаракат қилди. Лекин мен ҳар доим жамоавий ўйинга эътибор қаратаман. Футболчиларга алоҳида баҳо бермайман. Ютса бутун жамоа ютади. Баъзи футболчиларни олдимга чақириб, уларга алоҳида кўрсатма беришим мумкин, лекин доимо уларни бир жамоа бўлиб ҳаракат қилишга чақираман", - деб Купернинг сўзларини келтириб ўтди ЎФА расмий сайти.
Фикрлар