Гвардиола устозининг орзуси ушалди. Энди у «маэстро»га мураббий
“Овьедо” клуби 1996-йили “Барселона” устидан 2:4 ҳисобида ғалаба қозонди. Пеп Гвардиоланинг фикрига кўра, мезбонлар анча сифатли ўйинни намойиш қилган. Ўйиндан сўнг “Барса” ярим ҳимоячиси рақиб бош мураббийи Хуанма Лильо ёнига боради. У ўзини таништиргач, “Овьедо” ажойиб ўйин намойиш этганини, жамоани келажакда кузатишда давом эттиришини айтади. “Сизга қўнғироқ қилсам бўладими? Иккаламиз баъзи жиҳатларни гувоҳларсиз кўриб чиқсак”,-деб, Пеп учрашувни аниқлаштириб олди.
“Тасаввур қилинг, стадион ишчиси келиб, эшигимни тақиллатди ва Гвардиола мен билан учрашмоқчи эканлигини айтди. Қандай қилиб мен ўзимнинг энг севимли ўйинчим билан учрашиш имкониятини бой берсам?
У менга жамоамнинг ўйин услуби ёқганлигини айтди. Ўша куни озгина суҳбатлашдик. Ўшандан бери, муносабатларимиз самимий давом этди”, – хотираларни эслади Лильо.
Учрашув қалин дўстликнинг ибтидосига айланди. 2005-йили Гвардиола севимли мураббийи ёнига кетди. “Мен Лильо жамоасида ўйнамасдан, фаолиятимни якунлай олмасдим”-деди Гвардиола. Шундай қилиб у “Дорадосе” клубида фаолиятини бошлади. Расман футболчи мақомида бўлса-да, амалда 5 ой давомида интенсив мураббийлик курсини ўтади. Ҳеч қайси кун Лильонинг узундан узоқ суҳбатисиз ўтмасди.
“Суҳбат махсус ҳимоявий услуб ёки аниқ машғулот методикаси ҳақида кетганида Пеп ўзини етарли даражада ўзлаштирмагандек ҳис қилар эди. Унга маслаҳат керак бўлганида доим Лильога мурожаат қилар эди: “Бундай вазиятда қандай йўл тутиш керак?”, “Агар мана бундай ўйнасам, нима бўлади” Пепнинг сўзларига кўра, Лильо ўйинга янгича ёндашиш бўйича дунёдаги энг дунёқараши кенг мураббийлардан бири. Ҳеч қайси футболчининг ундан норози бўлмагани ҳам бунинг исботи”, – дейди Гвардиоланинг биографи Гильем Балаге.
Пеп ҳамма маълумотни ёзиб борган. “Гвардиола “губка” дек эди, ҳамма нарсадан нимадир ўрганар эди. У учун ҳар қандай жой футбол ҳақида гапириш муҳити бўла олар эди, ўйинни ҳақиқий ҳаяжонга айлантириш учун барча ғояни эшитарди”, – хотирлайди, Лильо.. Гвардиола машғулотларда ёрдам ҳам берарди. Асосан ҳужумчи Себастьян Абреу билан вақтини кўп ўткaзар эди, унга тўп билан муомалада танани қандай тутиш кераклигини ўргатар эди.
“Пеп Йохан Кройффдек мураббийлик фаолиятига катта улуш қўшган Лильодан бошқа ҳеч ким билан футбол ҳақида бунчалик кўп гаплашмаган эди ”, – дейди Балаге. Кройфф мухлисларга ёқадиган ўйини ва футбол теориясига муҳаббат билан таъсир қилган бўлса, Лильо бунга эришиш учун аниқ сабаб ва факторларни ўргата олди.
“Лильо – фаолиятимдаги энг яхши мураббий”, – деган эди Пеп. Ҳозиргача Гвардиола уни “маэстро”деб атайди. Гвардиола “Барса Б”, жамоасини бошқарганида ҳам, асосий жамоани бошқарганда ҳам у билан маслаҳатлашар эди. “Ундан чексиз миннатдорман”, – дейди Пеп.
Лильони “теоретика-лузер”га чиқарадиганлар ҳам кам эмас. Аммо эмас. У клубнинг молиявий ресурслари етганича ижобий натижаларни қайд этишга ҳаракат қилган. Раҳбариятдаги муаммолар ёки жуда ҳам интизомли эканлиги туфайли ўз ишларини охиригача давом эттира олмаган.
Лильонинг ишлаш принципи топ ўйинчилар билан ишлашини Пеп исботлаб берди. “Мураббий футболчига керакли шароитни яратиши керак, бўлди. Ўйинчилар доимо муҳим. Яхши ўйинчилар билан ишлаш осон.”, – дейди Лильо.
Ҳозир жуда кўп жамоaлар Juego de posiciondan дан фойдаланмоқда. Айнан Хуанмо позицион футболнинг тизимини ишлаб чиққан. “Мен ва Пепда бир хил тактик қарашлар – ўйинчилар жойлашувига қараб устунликка эришиш. Агар рақибни эпизоддан “узиб” қўя олмасанг ёки олдинга интилмасанг чиройли тўп оширишлардан нима фойда?” –тушунтирди, Лильо.
Позицион футбол – Лильо тактикасининг гавҳар мероси, аммо бошқа жиҳатлар ҳам бор. У 16 ёшдан бошлаб мураббийлик қилади: “Менинг бошим ва оёқларим бир-бири билан ҳеч қачон хулоса қила олмаган. Ўшанданоқ мен ўзимни мураббий бўлишга мойил эканлигимни ҳис қилганман”. Хуанма 15 ёшлигида унинг мураббийи шундай деган эди:. Менда иккита хабар бор. Ёмони-сен расво ўйинчисан. Яхшиси –сенда истеъдод бор. Шерикларим ҳозирданоқ сенинг маслаҳатларингни тинглашмоқда”.
90-йиллар бошида Лильо испан футболида “мини-революция”ни ўтказди. У “Культураль Леонес” 4-2-3-1 форматини замонавий ҳолатда ишлатди. 2000-йилларга келиб бу энг оммалашган схемага айланди.
“ Мен 4та ҳужумкор футболчига эга бўлмоқчи эдим, шу билан бир қаторда уларни майдонда тўлиқ жойлашишини ҳам хоҳладим. Биз жуда узоқдан ўйинни бошлар эдик- дарвозабонга қаршилик қилиб тўпни олиб қўяр эдик. Чизмага кўра 3 та ўйинчимиз ҳужумга ёрдам берувчи ярим ҳимоячилар эди. Мен жамоадаги футболчиларнинг ўз “тип”ларидан келиб чиққан ҳолда ўз имкониятларидан оптимал фойдаланишга ҳаракат қилишни ўргатар эдим.Кейинчалик барчаси шундай қилишни бошлашди. Ўйлайманки, бу яхши тизим. Аммо буни мен биринчи қўллаган эмасман. Бундан минг йиллар олдин ҳам кимдир бу ишга қўл урган. Бир ҳужумчи ичкарига чуқурроқ кирган икки ярим ҳимоячи қанотдан ҳужумга ўтишга ҳаракат қилган ўйин схемасини балки 4-4-2 деб аташган. Замонавий дунё рақамлар ва номларга эътибор беришади. Мен уни 4-2-3-1 деб атагач бу тактик тизимни мени номим билан аташни бошлашди”, – камтарлик қилди, Лильо.
“Мен ўзим учун қадрли ва футбол учун тўғри қарашни кўрсата олган инсонни учратдим”, – деган эди Аргентинани 1978-йилги Жаҳон чемпионатида ғолиб қилган Луис Сесар Менотти. “Реал Сосьедад” афсонаси Хаби Прието Лильо бор йўғи 3 ойгина мураббийлик қилгани, ундан бошқа яна 13 мураббий билан ишлаганига қарамай, уни ўз фаолиятидаги энг яхши мураббий деб билишини айтди. “Мен ҳар сониядан баҳра олар эдим Бизга унинг бошчилигида ўйнаган футболимиз жуда ёқар эди”, – дейди Хаби.
Сўнгги йилларда Лильо тўғридан-тўғри топ-мураббийларга таъсир қилди. Хорхе Сампаоли Чили янги даражадаги ўйин намойиш этиши учун Бьелса ва Гвардиола ўйин услубини уйқаш қилиш учун мураббийлар штабига Лильони таклиф қилди. .Кейинчалик Чили ўз тарихида биринчи бор Америка Кубогини қўлга киритди. Лильо Сампаоли учун “Севилья”га ҳам борди, ўшанда Ла Лигада тўпга эгалик қилиш бўйича рекорд ўрнатган клуб, тўртинчи натижани қайд этди. Испан ОАВ Лильонинг жамоага таъсирини алоҳида эътироф этди. Жамоа Сампаолининг услубидан кўра Лильонинг ўзининг услубини маъқул кўрди. .
Яна бир ёрқин мисол-сохта "тўққизталик". Лионель Мессини ана шундай қилиб самарали фойдаланиш Лильо билан суҳбатдан сўнг Гвардиоланинг калласига “келган” эди. “Ривер Плейт” ҳужумчиси Адольфо Педернера ҳам анча олдин ана шундай ўйнаган.
Лильо билан боғлиқ бундай мисоллар миллионлаб топилади. Ҳатто Марсело Бьелса ҳам бунчалик билмаса керак . Хуанманинг кутубхонасида 10мингдан ортиқ футболга оид китоб, газета ва журналларни топиш мумкин. Журналист Сид Лоу Лильо билан суҳбатини фаолиятидаги энг мулоҳазали интервью бўлган деб ҳисоблайди. Унинг ҳар ОАВга чиқиши тактик иновацияга тенг.
Унинг ҳар бир сўзи фалсафага йўғрилган: “ Биз энг сўнггида яхши натижага эришилган нарсаларни қадрига етамиз, аммо яхши жараённи қадрламаймиз-бу омманинг кучсизлигига ишора. Натижа – бу оддийгина маълумот. Туғилиш кўпайди. Бу факт сизни бойитдими? . Йўқ. Унинг жараёничи? Албатта, ҳа! Қониқиш ҳосил қилиш-жараён маҳсули, натижанинг эмас. Натижани таҳлил қилиб бўлмайди. Натижа бўлди-нуқта! Стадионга таблога қараб якунни билиш учун келишни хоҳлайсизми? 90 дақиқа бу-жараён! Натижани жараён билан алмашиб бўлмайди. Одамлар яхши якунни ёқтиришади. Натижага қараб танқид қилишади. ОАВ ҳам ҳудди шундай, афсуски”.
Унинг яна бир гапи ҳам мақтовга лойиқ: “Позицион ўйин тўпни назорат қилишдан бошланади. Бу рақибга нисбатан устунликни беради. Ҳаммаси ҳимоядан бошланади. Рақиб сиздан тўпни олишга ҳаракат қилганида имкониятлар яралади. Тўпни тўғри етказиб бериш тўғри ва аниқ амалга оширилса, ҳаммаси осон кечади”. Футбол билан шуғулланувчи ҳар бир инсон бу сўзларга дуч келган бўлса ажаб эмас.
Лильонинг ҳаётдаги энг катта орзуси ҳеч қандай кубок, катта шартномалар, мукофотлар эмас. Унинг орзуси-Иньеста билан ишлаш! 2003-йили бундай имкониятга жуда яқин келган эди. Ўшанда Луис Бассат “Барса” президентлигига номзодини қўйган эди, У эса ўз навбатида Лильони жамоа бош мураббийига айлантиришни ният қилган Гвардиолани клуб спорт директорига айлантиришни ният қилган эди.
Лильо- ҳақиқатдан “маэстро”нинг ҳақиқий фанати.
“Бундан анча йиллар олдин Франк Райкард “Барселона”га мураббийлик қилган пайтларда мендан дунёнинг энг зўр футболчиси ким эканлигини сўрашди. Мен Иньеста деб жавоб бердим. У ўша пайтларда асосий таркибда эмас эди. У-менинг энг ожиз томоним Бу дунёда ўйиннинг барча томонларини кўра оладиган футболчи бир футболчи бўлса, шубҳасиз бу Иньеста! Иньеста-бу футбол! Баъзи нарсаларни ўз номи билан аташ ёки тушунчага таъриф бериш мушкулликларга олиб келганда осонгина тушинтириш йўлларини излаймиз. Мендан футбол атамасини айнан шундай осон тушунтириш сўралганида шундай жавоб берган бўлар эдим. Футбол бу-Иньеста. Умуман олганда, унинг ўйини футболдан ҳам кўпроқ тушунча!”, – деган эди, Лильо 2016-йил ESPNга берган интервьюсида.
Суҳбат чоғида у Иньестанинг ажралиб туриш сабабларини тушинтирди: “Яхши ўйинчилар ўйинни тез англаб етади ва улар жамоанинг фойдасига ишлайдиган қарорларни қилишади. Бу борада Иньестага етадигани йўқ. У тўпни эгаллаб олади, тўпни оширади, ўйинни тез англайди, жамоага нима керак эканлигини билади ва айнан ўша вазиятга тайёрланади. У шунчалик ақллики, ҳаттоки дарвозабон вазифасини ҳам ўтай олади. Месси доим энг чиройли эпизодлар ярата олади аммо Иньеста майдондаги энг яхши ўйинчи”.
Ўтган душанба куни Лильо Япониянинг “Виссел Кобе” клубини қабул қилиб олади. У ерда Иньеста ўйнайди. Энди Хуанмада “маэстро”га унинг ўйинига бўлган муҳаббатни айта олиш билан бир қаторда, ўз орзусидаги футболчининг ўйинларидан мураббий сифатида баҳра олиш имконияти бор.
Лильо билан ишлаб Иньестада мураббийликка муҳаббат уйғонар, балки.
Мақола Sports.ru сайтидан таржима қилинди.
Фикрлар