Лопетегининг «Реал»даги «асал ойи» тугадими?

Асал ойи  узоқ вақт давом этмайди ва Хулен Лопетегиники ҳам тугагандек, шекилли. Факт шуки Испаниянинг собиқ бош мураббийи энди вазифасида қолиш учун қаттиқ меҳнат қилишни бошлайди. Унинг жамоаси мана сўнгги тўрт ўйиндирки гол уришга қийналмоқда, шундан учтасини эса мағлубият билан якунлади. Басклик мураббий кечаги «Алавес»дан учралган мағлубиятдан кейин қаттиқ босим остида қолиб кетиши аниқ.

«Реал» ёзда гол машинаси – Криштиану Роналду билан хайрлашгач, Карим Бензема ва Гарет Бейлларнинг спорт формаси ва тўпурарлик қобилияти билан собиқ етакчисининг ўрни билинмаслигини ҳис қила бошлаганди. Аммо клубнинг сўнгги пайтдаги ўйини мухлисларнинг катта ҳавотирларига сабаб бўла бошлади.

Клуб президенти Флорентино Перес кечаги ўйинни ВИП-ложадан туриб кузатди. Футболчилар эса клуб хўжайини кўз ўнгида нафақат гол ура олмади, балки Ману Гарсиянинг сўнгги дақиқаларда урган голи эвазига навбатдаги бор мағлубият аламини тотиб кўрди.

Очиғини айтганда «қироллик клуби» нафақат гол уришга қийналди, балки улар янги етакчилар – Бензема ва Бейлларни ҳам жароҳат сабаб йўқотишди. Бундан ҳам ёмони Тибо Куртуанинг йўл қўйган қўпол хатоси қимматга тушди.

Лопетеги олдинги биринчи рақамли посбон Кейлор Навасни тушираётганида ишлар у кутгандек кетаётганди. Бироқ Перес унга «дунёнинг энг яхши дарвозабони» бўлган бельгияликни олиб келаётганини уқтириб қўйди. Унинг бу гапи «Челси»нинг собиқ вакили ўйинни асосий таркибдан бошлаши кераклигини англатарди.

«Реал» эса анти-рекордларни ўрнатишда давом этмоқда. «Қаймоқранглилар» 409 дақиқадан бери рақиб дарвозасини аниқ нишонга ололмаяпти. Бундай натижа 1985-йилдан бери биринчи марта қайта такрорланди.

Ўшанда, «Қироллик клуби» Ла Лигада бешинчи ўринни эгаллаган. Кейин улар УЕФА Кубогини ютишга йўл олишганди. Бироқ воқеаларнинг бундай ривожланиши бугунги кунда қабул қилинмайди, Лопетеги эса яқинлашиб келаётган халқаро танаффус вақтидан кейин ширин жойини ташлаб кетиши мумкин.

«Бизга кўпинча омад етишмаяпти» – деди Лопетеги ўйиндан кейин. – «Бугун бизда икки футболчи жароҳат олган. Биз қийин вазиятда эканимизни биламиз, бироқ ҳали октябрь ва биз ўзимизни кўрсатамиз. Имкон қадар тезроқ ғалаба қозонишни истаймиз.»

Энди 20-октябргача ўйин бўлмаслигини ҳисобга олсак, буни клуб мухлислари узоқ кутишларига тўғри келади. Бу вақт балки Бейл, Бензема ва бошқа жароҳат олганлар – Иско, Марсело ва Карвахаллар учун ўзларини тиклаб олишларига етарли вақт ҳисобланар. Уларнинг сўнгги учтаси кечаги баҳсни ўтказиб юборди.

Натижаларнинг бундай ёмон тус олиши Лопетегига икки карра босим бўлмоқда. Унга ТВ ва ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ишсиз қолишидан ҳавотир олаётгани ёки йўқлиги борасида тинмай сўрашмоқда.

«Биз мураббийларни бундай вазиятга мажбурлашади. Бироқ биз бу ҳақида ўйламаймиз. Биз яхши ҳолатда эмаслигимизни биламиз. Аммо энг ёмони шуки биз энди етакчидан уч очко ортга қолишимиз мумкин. Баъзи футболчиларимиз ўзларини тиклаб олишлари кераклиги ҳақиқат. Сокинлик фақатгина голлар ура бошлаганимизда келади.»

Агарда каталонияликлар «Валенсия» майдонида ғалаба қозонадиган бўлса, уч очко илгарилаб кетишади. Агарда бунинг уддасидан чиқа олишмаса, Валверде шогирдлари саккизинчи турдан кейин ҳам ҳеч нарсани йўқотишмаган ҳисобланади.

Нима бўлган тақдирда ҳам «Реал Мадрид» қийин ахволга тушиб қолган.

Голларсиз футболда ҳеч бир жамоа муваффақиятга эриша олмаган. Ёзда «Роналдусиз жамоани қайта кашф қилиш – катта чақириқ» эканлигини таъкидлаган Лопетеги бу вазифани бажариш қийин эканлигини тушуниб етди, чоғи.

Халқаро танаффусдан кейин «Леванте» ва «Виктория Пльзен»ни уйида қабул қилиш ўзларини ўнглаб олишга имкон туғдирар. Аммо 28-октябрда бўлиб ўтадиган «Эл Классико» ҳам яқинлашиб қолди. Лопетегининг «Камп Ноу»даги эришадиган натижаси унинг «Сантьяго Бернабеу»даги келажагига ойдинлик киритиши аниқ. Қийин кунлар ҳали олдинда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!