Малибуда ғойиб бўлган йигит
Ads

22 январь куни спорт нашрлари учун асосий хабар бу аргентиналик ҳужумчи Эмилиано Саланинг йўқолгани ҳақидага хабар бўлди. Бундан бир неча кун олдин у АПЛ жамоаси билан шартнома имзолаган футболчи собиқ жамоадошлари билан хайрлашиш учун борган эди, аммо у қайтмади...

Саланинг биринчи профессионал жамоаси Франциянинг "Бордо" клуби бўлган эди. У 2012 йилда жиродинликлар академиясини тамомлаган эди. Аммо Эмилиано у ерда асосий таркибга кира олмайди ва ижарага бериб юборилади. 2015 йилда эса 11 млн евро эвазига "Нант"га кўчиб ўтади.

Янги жамоасида эса Сала асосий юлдузга ва мухлисларнинг кумирига айланди. Қаҳрамонимиз жорий йилги мавсумда Франция чемпионатида 19 учрашувда 12 та тўп киритишга эришди ва тўпурарлар пойгасида "Лилль" аъзоси Пепе ва ПСЖ триосидан ортда қолаётган эди. Шундай футболчи учун эса "Кардифф" ўзи учун рекорд даражадаги пулни - 17 млн евро тўлаган эди.

19 январь куни Сала "Кардифф" билан шартнома имзолади, клуб канали учун  интервью берди ва "Нант"даги жамоадошлари билан хайрлашиш учун Францияга қайтиб кетади. Учрашув сўнггида эса "Нант"даги қадрдонлари билан шундай суратга тушган эди.

6a74dabae7b5f1cb7320f6878adac75d-quality_70Xresize_1Xallow_enlarge_0Xw_700Xh_700

Салани "Нант" ҳимоячиси Николья Паллуа аэропортга кузатиб қўяди. 20minutes.fr сайти тарқатган хабарга кўра, аргентиналик футболчи Нантга келиши қийин бўлгани ва сафар хавфсизлигидан  ҳавотирда эканлигини айтган.

cd6170c444f5b8a80070b092c776cd20-quality_70Xresize_1Xallow_enlarge_0Xw_700Xh_700

Душанба куни маҳаллий вақт билан 19:15 да самолёт Франциядан Уэльс томон йўлга чиқди, бироқ орадан бир соат ўтиб ҳаво кемаси Ла-Манш бўғозининг Гернси  ороллари минтақасида радарлардан ғойиб бўлди. Айтилишича, учувчи 700 метр баландликда кетаётган вақтда Гернси аэропортига қўнишни сўраганидан сўнг алоқа узилган. Самолёт бортида икки киши - учувчи ва футболчи бўлган.

Бу у қадар катта бўлмаган шахсий самолёт бўлган. 1979 йилдан буён ишлаб чиқариладиган самолётнинг номи Piper-Malibu бўлган ва унинг нархи 1,5-3 млн долларни ташкил этади.

f072df1933faa0b10d6d39e195eee2c8-quality_70Xresize_1Xallow_enlarge_0Xw_700Xh_700

Қидирув ишлари кеч соат 02:00 га қадар олиб борилган, аммо кучли шамол кўриш қобилиятини пасайтиргани боис тонгга қадар қидирув ишлари тўхтатилган. Бугун қидирув-қутқарув ҳарактлари давом эттирилди, аммо натижа бўлмаяпти. Табиат инжиқликлари бунга сабаб бўлмоқда.

5dbd457f8ff6fae1c4abbac7dddf212a-quality_70Xresize_1Xallow_enlarge_0Xw_700Xh_700

"Ушбу самолёт кузатувдан йўқолганида энг яқин оролга 24 километр қолган эди. Улар учган баландликда эса самолёт узоғи 3-4 км уча олади. Менимча уларнинг ҳаёт эканлигини умид қилмаса ҳам бўлаверади", - деди қидирув-қутқарув хизмати рахбари Джон Фитцджеральд.

Аргентинанинг Channel5 телеканали мухбирлари эса футболчининг отаси билан жонли эфирга чиқишди. Отаси ҳеч нарсани билмаслигини ва ҳеч ким унга "Нант"дан алоқага чиқишмаганини айтган.

"Нант" президенти эса тонгда машғулотлар ва "Антант"га қарши кубок ўйини бекор қилинганлигини маълум қилган. Бу Франция футбол федерацияси билан келишилган ҳолда амалга оширилган.

Ўз навбатида "Кардифф" ҳам машғулотларни бекор қилганлигини эълон қилди.

"Биз самолёт ғойиб бўлганлигини эшитиб, шокка тушдик. Биз Эмилианони кеча оқшом Кардиффда кутдик. У жамоа билан дастлабки машғулотларни бошлаши керак эди. Тонгда эса машғулотларни бекор қилдк. Ҳозирда барча футболчилар ва мураббийларнинг ҳаёли Эмилиано ва учувчида.

Футболчилар, мухлислар эса ижтимоий тармоқларда унинг учун махсус хэштеглар қўйишган.

fa0063ddea5db148f31ed9ad8d521523-quality_70Xresize_1Xallow_enlarge_0Xw_700Xh_700

"Нант" эса мухлисларни бугун оқшом қироллик майдонидаги фонтанлар олдига сариқ лолалар билан келишни сўраган.