“Манчестер Сити” Де Брюйнесиз қандай ўйнайди?
“Манчестер Сити” ўтган мавсумда “Йилнинг энг яхши футболчиси” бўлган вакили Кевин Де Брюйненинг тиззасидан жиддий жароҳат олиб анча вақт майдондан ташқарида қолиши туфайли унинг ўрнини кимлар билан тўлдириши мумкин? Гвардиола ўз етакчисисиз қай кўринишда “жангга” киришади? Бу саволларга қуйида жавоб излашга уриниб кўрамиз.
Хосеп Гвардиола бельгиялик плеймейкерсиз мавсумнинг уч ойини ўтказишга мажбур. Албатта Де Брюйненинг ўрнини муносиб тарзда тўлдира оладиган маҳоратли футболчилар “Манчестер Сити”да етарлича. Бироқ уларнинг бирортаси ундаги маҳоратга эга эмас.
26 ёшли футболчи ўтган мавсумда “шаҳарликлар” сафида ярим ҳимоядаги марказий ролни бажарганди. Фақатгина бир ўйинда иштирок этолмаган Де Брюйне мавсумни 37 ўйинда 16 гол билан якунлашга эришган эди.
У шунингдек жамоадошлари учун сермаҳсул яратувчи вазифасини ҳам ўтаб берганди. У шерикларига 106 та имконият яратиб берди. Ундан кейин Кристиан Эриксен (96 та) ва Сеск Фабрегаслар (91 та) бу ишни бошқалардан кўра кўпроқ бажарган. Агарда 36 ўйинда 32 гол урган Муҳаммад Салоҳ бўлмаганида Де Брюйне АФА нинг “Йилнинг энг яхши футболчиси” совринини ҳам ютган бўларди.
Гвардиола энди ўз тактик режаларини қайта кўриб чиқишига тўғри келади. Қуйида каталониялик мураббий унинг ўрнини тўлдириши мумкин бўлган уч вариант ҳақида сўз боради.
- 4-3-3 ўйин схемасида – Фоден ёки Сильва
“Этиҳад”да Гвардиола олтитадан кам бўлмаган ўйини тизимини қўллаб кўрди. Бироқ у энг кўп 4-3-3 дан фойдаланди.
Бу ўйин тизимини у беш қўлидай билади, боиси “Барселона”га болалигидан қўшилганидан бери бу тизимнинг паст-баландини жуда яхши билади. Боз устига бу схема уни дунёга танитди, кўплаб совринлар ютди.
Ўтган мавсумда таянч ярим ҳимоясида Фернандиньо, ундан олдинда эса бельгиялик футболчи билан Давид Сильва ҳаракат қилди.
Футболда биттасининг кулфати бошқасининг ютуғи ҳисобланади. Де Брюйненинг йўқлиги Бернардо Сильвага кириш эшикларини очади. У кучли ҳужум чизиғи – Стерлинг, Агуэро ва Санелар ортида ўзини “балиқдек ҳис қилиши” мумкин.
Албатта бу ягона вариант эмас. Эҳтимол мавсумолди йиғинда ўзини ижобий томондан кўрсата олган Фил Фоденга ҳам асосий таркибда ўйнаш баҳти тақдим қилини мумкин. 18 ёшли ярим ҳимоячини ижарага бериб юборилиши ҳақидаги хабарларга қарамай, Гвардиола уни жамоада олиб қолиши ва ёш шогирдига ишонч билдириши эҳтимоли йўқ эмас.
- 3-5-2 ўйин тизимига қайтиш
Мавсумолди йиғин давомида Гвардиола 3-5-2 ўйин тизими ҳақида гапириб ўтган эди. Улар 2017-18-йилги мавсумни айнан шу схема билан бошлаган эди.
Бунга кутилмаганда Бенжамин Мендининг жароҳат олиб узоқ муддатга сафдан чиқиши сабаб бўлган эди. Бироқ у энди сафга қайтган.
Де Брюйне бунда Фернандиньо ва Давид Сильва билан ҳаракат қилганди. Энди унинг йўқлигида Илкай Гюндоган майдонга чиқиши мумкин. Гарчи у ҳам жароҳатларга мойил бўлсада, бош мураббий унга яхши тавсиф бермоқда.
Бошқа вариантлар ҳам бор, бироқ юқорида тилга олинганлар Гвардиоланинг барча истакларини рўёбга чиқариши мумкин.
Олдинги чизиқда эса Гвардиола Габриель Жезус ва Стерлингни афзал кўрганди. Агуэро қўшимча вариант бўлса, Маҳрез ва Санеларга ҳам жой топилиши мумкин.
Кайл Уокер ва Менди вингерларга айланадиган бўлса, ҳимоя нима бўлади? Никлас Отаменди ва Жон Стоунсларга Эмерик Лапорт қўшилиги мумкин. Жамоа сардори Венсан Компани ўз ўрнини ёш Лапортга ютқазиб қўйиши мумкин.
- “Сеҳрли квадрат” (4-2-2-2)
Гвардиола Кройфф шогирди сифатида 4-4-2 ни маъқул кўрмаслиги мумкин. Чунки бунда у яхши кўрадиган тўпга эгалик қилувчи учбурчакни ҳосил қилиб бўлмайди.
Аммо прагматик сифатида Гвардиола икки инглизча классик услуб: ромб ва Франция 1980-йилларда қўллаган услубдан фойдаланиб кўрди.
Аммо ушбу “сеҳрли квадрат” истиқболли бўлиши мумкин. “Шаҳарликлар” бу услубда ўйнай оладиган футболчиларга эга. Стерлинг ва Давид Сильва ҳужумчилар ортида алдамчи фигураларга айланса, Уолкер ва Менди ёки Фернандиньо ва Фабиан Дельф кенгроқ ҳаракат қилишлари мумкин.
Ҳужумда эса Агуэро ва унинг шогирди Жезус ҳаракат қилади. Бу икковлон биргаликда 26 ўйин ўтказишди ва ўзаро беш голга ҳаммуаллифлик қилишди. Аргентиналик ҳужумчи бразилиялик ҳамкасбига тўрттга голли узатма берган бўлса, Жезус унга битта голли узатма билан жавоб қайтарди.
Қисқаси, “Манчестер Сити”да иқтидорларнинг ошиб-тошганлиги Гвардиола олдида бир қатор вариантлар яратиб беради. Клуб етакчиси Де Брюйненинг йўқлигидан таҳликага тушмаслик керак.
Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.
Фикрлар