Нокаутчи Шоҳжаҳоннинг навбатдаги рақиби америкалик енгилмас боксчи бўлади
Жорий йилнинг 15 февралида профессионал боксда мағлубият нималигини билмай келаётган Шоҳжаҳон Эргашев (15-0-0, КО14) ўзининг навбатдаги жангини ўтказади. Мазкур жанг Канзас штатидаги (АҚШ) Малван шаҳрида ўтказилади.
10 раунд этиб белгиланган қарама-қаршилик кечанинг асосий тўқнашувларидан бўлади. Унда нокаутчи Шоҳжаҳонга ушбу вазннинг яна бир номдор вакили америкалик енгилмас боксчи Микал Фокс рақиблик қилади. Бу боксчи шу вақтга қадар 19 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида зафар қучган. 5таси нокаут.
Шунингдек, яна бир қизиқарли жангда енгилмас Томас Патрик (25-0-0) ва Жесси Анхел Эрнандес (12-1-0) ўзаро куч синашади.
Кечанинг шу икки жанги иштирокчилари ҳисобида умумий 71 ғалаба ва атиги 1 мағлубият бор. Мазкур жанглар ShoBox телеканали орқали намойиш этилади.
– Шоҳжаҳон Эргашев энг кучли боксчилардан бири. У енгилмас, тажрибали ва ҳал қилувчи боксчи Микал Фокс билан куч синашади. Ажойиб жанг. Ғолиб ярим ўрта вазн тоифасида энг яхшилардан бири номини қўлга киритади, – дейди Salita Promotions президенти Дмитрий Салита. – Асосий тўқнашув супер оғир вазнда жаҳон чемпионлигига даъвогарлик учун бораётган икки номдор боксчи ўртасида ўтади.
Фикрлар