Одил Аҳмедов: Осиё кубогида 100 та гол уриб, 100 та голли пас беришни хоҳлайман
Терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов кутилганидек Туркманистонга қарши учрашувда ҳам ўз вазифасини аъло даражада бажарди ва мухлисларнинг олқишига сазовор бўлди. Ўйиндан кейин у стадионда ва микс-зонада бир қатор журналистларга интервью берди. Охири бўлиб эса хитойлик мухбир ундан интервью олди. Ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
- Ўйин ҳақида нима дейсиз?
- Бугун ғалаба қозониб, мухлисларимизни хурсанд қилганимиздан ўзимиз ҳам қувондик. Мана шундай ғалабаларимиз давомли бўлишини истайман.
- Иккита гол урган Элдор Шомуродов чиройли ўйин кўрсатди. У ҳақида фикрингиз қанақа?
- Унинг келажаги порлоқ. Ўйлайманки, Элдор ўз устида ишлашда давом этса, бундан ҳам яхши ўйин кўрсата олади. Уни Ўзбекистоннинг энг яхши ҳужумчиларидан бири бўлишини хоҳлайман.
- Клуб билан миллий терма жамоа ўртасидаги фарқ қай даражада?
- Клуб билан терма жамоа бошқа-бошқа. Иккаласини тенглаштириб бўлмайди. Барибир миллий терма жамоа клубга нисбатан юқорида туради.
- Сиз билан бирга бир клубда тўп сураётган Ву Лей ҳақида нима дея оласиз?
- Уни Хитой футболчи учун энг зўри деб биламан. У билан бирга ўйнаш кишига завқ бағишлайди. Ву Лей янада ўсишга эришяпти.
- Афсуски, у жароҳат олди…
- Ўйлайманки, жароҳати жиддий эмас.
- Ушбу мусобақада нечта гол уришни ва нечта голли пас беришни хоҳлайсиз?
- Мусобақада 100 та гол уриб, 100 та голли пас беришни хоҳлайман (кулади).
- Биринчи учрашувда киритган голингиз ҳақида фикрингиз қандай?
- Гол уриш доимо ёқимли. Энг муҳими, жамоамиз ғалаба қозонса бўлди.
- Осиё Кубогини ютмоқчимисиз ёки қайсидир босқичгача етиб боришни мақсад қилганмисиз?
- Бу ерга ютамиз деб келганмиз. Худо хоҳласа, ўз мақсадимизга эришамиз.
Шуҳратбек Жўраев ёзиб олди.
Фикрлар