Оқил Собиржонов Россияда учинчи бўлди

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасидан хабар қилишларича, от спортининг конкур йўналиши бўйича «Россия от спорти федерацияси Кубоги» чавандозларимизга яна бир медални тақдим этди. Мусобақада иштирок этиш учун Голландиядаги ўқув-машғулот йиғинларидан етиб келган Оқил Собиржонов Гран-Прида 3-ўринни эгаллаб, бронза медалига сазовор бўлди.

Мусобақада Россия, Ўзбекистон, Белорусь, Қозоғистон ва яна бошқа бир қатор мамлакатлардан чавандозлар иштирок этди. Оқил Собиржонов беллашувларда барча тўсиқларидан хатоларсиз ўтди ва терма жамоамиз ҳисобига бронза медаль келтирди.

Эслатиб ўтамиз, Оқил Собиржонов конкур бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг бошқа аъзолари билан Голландияда ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиб, жаҳоннинг кўзга кўринган мутахасисларидан конкур сир-асрорларини ўрганаётган эди. У ерда терма жамоамиз аъзолари яна бир неча кундан сўнг Жакартада старт оладиган Осиё ўйинларига тайёргарлик кўришмоқда.

Ўқув-машғулот йиғинлари доирасида бир қатор нуфузли мусобақалар ўтказилиши ва уларда чавандозларимиз иштирок этиши режалаштирилган. Оқил Собиржоновнинг Гран-придаги ютуғи яқинлашиб келаётган Осиё ўйинлари олдидан чавандозларимиз кайфиятига ва рухий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатиши қувонарли ҳол албатта.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!