Рустам Ашурматов: "Гвангжу"га ёрдам бериш учун келдим
Яна бир футболчимиз расман легионер мақомини олди. Барчамизга яхши таниш бўлган, ўтган йили U-23 Осиё чемпиони бўлган Рустам Ашурматов Жанубий Корея чемпионатига кўчиб ўтди. Катта футболга «Бунёдкор» клуби орқали кириб келган истеъдодли ҳимоячи беш йиллик фаолиятидан сўнг ушбу жамоани тарк этишга қарор қилди. Аслида футболчининг «Бунёдкор»ни тарк этиб, бошқа жамоа сафига қўшилиши кутилаётган воқеа эди. Бироқ фаолиятини айнан қайси клубда давом эттириши мавҳум бўлиб турганди. Боиси Рустамни ўз сафида кўришни хоҳлаётган жамоалар бисёр эди. Ниҳоят, ўтган ҳафтада футболчи ўзи учун энг тўғри танловни қабул қилди Энди у Жанубий Кореянинг «Гвангжу» жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Шуни айтишимиз жоизки, Ашурматовнинг янги жамоаси Жанубий Корея чемпионатининг «К-2» лигасида иштирок этади. Ёдингизда бўлса, бунгача Жанубий Корея чемпионатига яна бир ҳамюртимиз Икром Алибоев кўчиб ўтганди ва у «К-1» лигаси қанташчиси «Сеул» жамоаси аъзосига айланганди. Кўриниб турибдики, кореяликларнинг футболчиларимизга бўлган эътибори ва қизиқиши чакки эмас.
«Гвангжу» клуби Ашурматов учун жиддий қизиқиш билдиргани учун якунда уни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Шу тариқа, Рустамнинг фаолиятида янги саҳифа очилмоқда. У «Бунёдкор»дан бошқа жамоада тўп сурмаганди. Энди эса илк бор легионер сифатида хориж чемпионатида тўп сурадиган бўлди. «Бунёдкор»нинг собиқ ўйинчиси янги клубига кўчиб ўтгач, ўзи билан боғлангандик. Аммо ўшанда «Гвангжу» ҳали бу трансферни расман эълон қилмагани учун бироз шошмай турайлик деганди. Ниҳоят, ушбу жамоа Ашурматовни расман омма эътиборига таништирганидан кейин футболчи «ФЭ» учун ўз фикрлари била ўртоқлашди.
«Пахтакор» ва «Локомотив»дан ҳам таклифлар бўлганди»
- «Гвангжа» жамоасидан менга қизиқиш билдирилди ва уларнинг таклифи мени ўзига тортди. Шу билан бирга менга бошқа клублардан ҳам жиддий таклифлар бор эди. Шунинг эвазига менда вариантлардан бирини танлаш борасида иккиланиш бор эди. Айниқса, ўзимизнинг етакчи жамоалар – «Пахтакор», «Локомотив» каби жамоалардан катта қизиқишлар бўлганди. Лекин охир-оқибат ўзимни легионер сифатида синаб кўришни хоҳладим. Шу боис «Гвангжу» жамоасини танладим.
«Кореяга кетишимда менга кўпчилик ёрдам берди»
- Албатта, менинг бу клубга ўтишимга туртки бўлган инсонлар кўп. Биринчи ўринда оилам ва яқинларимни айтган бўлардим. Табиийки, тоғам – Бахтиёр Ашурматов ҳам бу қарорни танлашимда менга кўп ёрдам берди. «Бунёдкор» раҳбарияти ҳам ушбу вариантнинг амалга ошишида ўз ёрдамларини беришди. Натижада иккала клуб раҳбарлари ўзаро келишиб олишди.
«Гвангжу»да ҳамма билан яхши муносабат ўрнатдим»
- Янги жамоамдаги дастлабки таассуротларим ижобий. Ўтган вақт давомида «Гванжу»га анча мослашиб қолдим. Чунки янги клубим билан 10 кундан зиёд вақт давомида биргаман. Мураббий ва футболчилар билан ажойиб муносабатни ўртана олдим. Жамоанинг машғулотлари ҳам менга ёқяпти, турлича қизиқарли кўринишда ўтмоқда. У ерда машғулотларда жисмоний ва техник томондан ҳам эътибор кучли. Бу ерда мураббийлар штабида бразилиялик мутахассис ҳам бор ва у футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига жавобгар ҳисобланади.
«Қачондир легионерга айланишим керак эди»
- Аслида легионер мақомида тўп суриш футболчига жуда қийин. Биринчидан тил муаммоси, иккинчидан менталитет, учинчидан янги жамоага мослашиш каби ўзига яраша қийин жиҳатлари бор. «Бунёдкор» клубида беш йил ўйнадим. У ерда озми-кўпми ютуқларга эришдим. Қўлимдан келганича жамоага ёрдам бердим. Худога шукрки, мухлисларнинг ҳам эътиборига тушдим. Лекин қачондир олдинга қадам ташлашим керак эди. Яъни, вақти келиб мен ҳам легионер мақомига эга бўлишим лозим эди. Мана, эндиликда менга ҳам легионерга айланиш насиб қилди. Доим Ўзбекистон номини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан.
«Янги жамоам билан мақсадларимиз катта»
- «Гвангжу» жамоаси билан икки йиллик шартномага имзо чекдим. Бизнинг ушбу жамоа билан биргаликдаги мақсадларимиз юқори. Клуб ҳам кўтарилиш учун жиддий қадамларни ташламоқда. «Гвангжу» келаси мавсумни «К-1» лигасида ўтказишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган. Мен ҳам янги жамоамнинг ушбу мақсади йўлида бор кучимни сафрлашга тайёрман.
«Бунёдкор»дан миннатдорман»
- Шу ўринда миннатдорчилик билдиришим керак бўлган инсонлар жуда кўп. Аммо ҳозирда уларни бирма-бир санаб ўтадиган ҳолат эмас. Умумий қилиб ҳаммасига раҳмат айтаман. «Бунёдкор»даги барча-барчага ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман. Агарда улар бўлмаганида балки мен легионер ёки футболчи мақомига эга бўлмаган бўлардим. Бу клубдагилар менга кўп ёрдам беришди. «Бунёдкор» ҳамма вақт менинг қалбимда қолади. Шунинг учун бу жамоани ҳеч қачон унутмайман. Имкони борича собиқ жамоамнинг ҳар бир ўйинларини кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Шунингдек, «Бунёдкор»нинг мухлисларига ҳам катта раҳмат. Улар яхши ва ёмон кунларда ҳам клуб билан бирга бўлишди. Насиб қилса, ишқибозлар билан алоқани сақлаб қоламан.
«Ҳали олдинга ташлайдиган қадамларим кўп»
- Менинг олдимдаги мақсадим легионер мақомига эга бўлиш эди. Ушбу ниятимга эса деярли эришдим. Эндиликда менинг бундан кейинги мақсадларимда янада катта. Ҳозирда мен Жанубий Кореянинг «К-2» лигасида иштирок этаман. Ушбу жамоада ўзимни кўрсатиш орқали янада кучли клублар ва лигаларга ўтиш ниятим бор. Менинг ҳали олдинга ташлайдиган қадамларим жуда ҳам кўп.
Фикрлар