Тайсон Фьюри: Уайлдерга реванш керак, менга эмас
Супер оғир вазн тоифасининг собиқ жаҳон чемпиони Тайсон Фьюри BT Sport нашрига берган интервьюсида ушбу вазнда WBC чемпиони Деонтей Уайлдер билан иккинчи марта уришишга тайёр эканлигини айтиб ўтди. Унинг учун жанг қаерда ўтказилиши муҳим эмас, бироқ унинг жамоаси захира вариантни ҳам тайёрламоқда.
– Умид қиламанки, Деонтей Уайлдер билан иккинчи жангни АҚШ ёки Англияда ўтказаман, – дейди Фьюри. – Менга жанг қаерда бўлиши аҳамиятсиз. У Австралия ёки Антарктидага бориши мумкин. Мен учун бу муаммо эмас. Қаерда бўлса, ўша ерда ҳозир бўламан.
Эслатиб ўтамиз, Уайлдер ва Фьюри ўртасидаги биринчи тўқнашув ўтган йили 1 декабр куни дуранг билан якунланган эди. Жангда британиялик боксчи икки марта нокдаун ҳолатига тушиб қолган. Шунга қарамасдан кўпчилик кузатувчилар Фьюрининг ғалаба қозонганлигини эътироф этишган.
– Уайлдер билан иккинчи жанг бўлиши барчаси уларга боғлиқ, – қўшимча қилди Фьюри. – Агар улар хоҳлашса бўлди, менга барибир. Бу реванш уларга керак, менга эмас. Мен ниманидир исботлашим шартмас. Иккинчи имкониятни истамайман. Мен чемпионман. Менга қандайдир ташкилотнинг чемпионлик камари керак эмас.
Фьюри шунингдек, кейинги рақиби Уайлдер бўлмаса, ўз уйида мухлислари учун жанг ўтказишни исташини айтиб ўтди.
– Менга апрелда ўз ватанимда жанг ўтказишни истардим, Манчестер ёки Буюк Британиянинг қаеридадир, – дейди Фьюри. – Кейин Уайлдер билан учрашган бўлардим. Агар йўқ бўлса, Уайлдер билан шунчаки учрашаман. Агар Уайлдер билан жанг бўлмаса, мен шунчаки уйда жанг ўтказаман.
Фикрлар