Яқинда Тошкентда “CAFA Womens Championship 2018” халқаро мусобақаси якунига етди. Аёллар футболи бўйича ўтказилган мазкур турнирда Ўзбекистон, Эрон, Афғонистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистон терма жамоалари иштирок этишди. Баҳром Норсафаров бош мураббийлик қилаётган миллий терма жамоамиз учун Тошкент мезбонлик қилган халқаро мусобақа муваффақиятли келди ва рақибларини ўта йирик ҳисобларда таслим этди. Жумладан, Афғонистон термасини 20:0, Тожикистонни 11:0, Қирғизистонни 10:0 ва эронлик қизларни 2:1 ҳисобларида доғда қолдириб, тўплар нисбати бўйича 43-1 (!) кўрсаткичини қайд этган ҳолда мутлоқ чемпионликка эришди. Шу ўринда табиий савол туғилади: футболчи қизларимиз иштирокида қайд этилган натижажалардан хулоса қиладиган бўлсак, терма жамоамиз шу даражада кучайиб кетганми ёки мусобақанинг савияси паст даражада ўтганми? Албатта, терма жамоаларимизнинг ҳар қандай ҳолатда ҳам йирик ҳисобларда ғалаба қозониши кўзни қувонтирмай қолмайди. Ахир бундай натижалар доим ҳам кузатилавермайди. Шуни ҳисобга олганда, Норсафаров жамоаси ўз ўйинлари ва натижалари билан мухлисларни қувонтира олди. Натижалардан шуни билиш мумкинки, биргина эронликлар терма жамоамиз учун жиддий муаммо туғдира олишган холос. Қолган баҳсларда эса ҳаттоки хоккейда ҳам кам кузатиладиган ҳисоблар қайд этилди ва бу ҳолат рақибларнинг терма жамоамиздан ҳар жабҳада кучсиз эканини исботлаб берди. Мусобақа якунига етганидан кейин миллий терма жамоамиз бош мураббийи Баҳром Норсафаров ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Яққол устунлик билан ғолиб чиқдик”

- “КАФА” раҳбарияти аёллар футболига ҳам эътибор қаратган ҳолда халқаро мусобақани ўтказиш учун “Миллий” стадионни беришди. Ташкилотчилик томонидан ҳамма шароитлар яратиб берилди. Янги экипировкалар беришди, умуман айтганда, барча жиҳозлар билан таъминлашди. Ҳакамлар, назоратчилар, комиссарлар ҳам четдан чақирилди. Масалан, Эрон, Афғонистон, Қирғизистондан...ҳаммаси мусобақа номига яраша ўтди. Фан-клуб жамоамизни яхши қўллаб-қувватлади, шу боис қизларимизнинг кайфияти ҳам чоғ бўлди. Биз учун энг қийин ўйин Эронга қарши ўтди. Қолган учрашувларда биз яққол устунликка эга бўлдик. Ўша ўйин кўпроқ руҳий томондан тайёргарликни текширувдан ўтказди. Ҳакам ҳам беллашувни назорат қилмай қолди. Биласизми, Эрон билан учрашувда уч нафар футболчимиз жароҳат олишди. Бу ҳам ўйинни жанг бўлганини билдириб турибди. Уларда ҳам жароҳат олганлар бўлди. Ўйиндан кейин эса иккала жамоадан биттадан ўйинчини дисквалификация қилишди. Лекин видеода кўрганимизда улар ўзаро низоли вазиятларда футболчиларни ажратишган. Бир сўз билан айтганда, биз катта тафовут билан муддатидан олдин мусобақа ғолиби бўлдик.

“Афғонистонлик футболчиларнинг фамилиялари европача эди...”

- Тўғри, ўтказган ўйинларимизда ўта йирик ҳисоблар қайд этилди. Масалан, Афғонистонга 20 та, Тожикистонга 11 та, Қирғизистонга 10 та, Эронга эса 2 та гол урдик. Аммо бу мусобақанинг савияси паст ўтганлигидан дарак бермайди. Айтайлик, эронликлар бизга анча жиддий қаршилик кўрсатишди. Мисол учун ушбу турнирга Қозоғистон билан Иордания терма жамоалари ҳам келишлари керак эди, аммо маълум сабабларга кўра кела олишмади. Тошкентда биринчи бор 19 ёшли қизлар ўртасида “КАФА” мусобақаси ўтказилганида ҳам қатнашгандик ва ўшанда ҳам 1-ўринни олгандик. Тўғриси, биз Афғонистон терма жамоаси ҳақида айтарли ҳеч нима билмасдик. Биз учун сирли жамоа эди. Чунки уларнинг футболчилари билан танишар эканмиз, фамилиялари европача эди. Аммо ўша ўйин шуни кўрсатдики, афғонистонлик футболчилар бир-бирлари билан киришиб кета олмадилар. Қирғизистон эса яхши рақиб. Масалан, Бишкекда ўтказилган мусобақада улар бизга жиддий қаршилик кўрсатишганди. Қирғизистон терма жамоасида тактика яхши, лекин уларни тўғри бажаришда футболчилари қийналишди. Аниқроғи, терма жамоамиз бунга имкон беришмади. Мен асло Тошкентда ўтган турнирни паст савияда ўтди деб ҳисобламайман. Масалан, Тожикистонга 11 та гол урдик, Эрон билан эса 4:1 ҳисобини қайд этди. Жамоа ўйинини қандай ўзгартириш бу мураббийнинг иши. Яқинда бизда Ўзбекистон чемпионати тугаган ва шундан сўнг футболчиларимизни мазкур мусобақага тайёрладик. Лекин футболчиларимизга аниқ мақсад қўйилганди. Ҳакам хуштаги чалинганидан то охирги хуштаги чалингунича биз берган кўрсатмалар асосида ўйнашини уқтиргандик ва охирида нима бўлганини табло кўрсатиб берарди. Биз кўп гол уришга эътибор бермадик, шунчаки, майдонда ҳамма ўз вазифасини тўғри ва аниқ бажаришига эътибор қаратдик.

“Энди Осиё чемпионати саралашига тайёргарлик кўрамиз”

- “КАФА” мусобақага 23 нафар ўйинчини жалб қилгандик. Қирғизистон билан учрашувда эса 19 ёшли қизларимиздан ҳам фойдаландик. Яқинда 19 ёшли қизлар ўртасида Осиё чемпионати саралаши бўлади. Шу боисда миллий терма жамоада улар учун ўйин амалиётини таъминлаб бериш мақсадида ҳам ушбу қизларимизнинг имкониятларини яна бир бор кўриб олдик. Шунингдек, бизда иккинчи таркиб бор ва асосан олимпия терма жамоаси негизи ҳисобланиб, бунда ҳам 23 нафар қизларимиз бор. Январь, февраль ва март ойларида йиғинлар ўтказамиз. Чунки 1-9 апрель кунлари Осиё чемпионати саралаш баҳсларида иштирок этамиз. Қизларимизга икки ҳафталик дам бердик. Шу вақт оралиғида уларга алоҳида индивидуал шуғулланиб туришлари учун қўлларига карточкалар бердик.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98