А Серия. "Милан" ўз уйида "Аталанта"ни мағлуб этиб, 4-ўринга кўтарилди
Италия чемпионатининг 7-турида «Милан» ўз майдонида «Аталанта»ни мағлуб этди. «Сан-Сиро» стадионида кечган учрашув 3:2 ҳисобида мезбонлар фойдасига якунланди.
Учрашув давомида «россонерилар» 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Биринчи бўлимнинг 25-дақиқасида Гонсалу Рамуш пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди. 43-дақиқада эса Адриен Рабьо иккинчи голни киритди.
Иккинчи бўлимда Рамуш 57-дақиқада белгиланган пенальтидан фойдалана олмади. Унинг зарбасини меҳмонлар дарвозабони Марко Карнесекки қайтарди. Бироқ орадан кўп ўтмай, «Милан» бурчак тўпидан кейин учинчи голни урди. Рабьонинг узатмасидан сўнг ҳимоячи Марио Хила дарвозани ишғол қилди.
Шундан кейин «Аталанта» фарқни қисқартиришга муваффақ бўлди. 66-дақиқада Жанлука Гаэтано, 81-дақиқада эса Никола Крстович гол урди. Бироқ меҳмонлар ҳисобни тенглаштира олмади.
Шу тариқа, «Милан» А Серияда мағлубиятсиз сериясини давом эттириб, 15 очко билан турнир жадвалининг тўртинчи поғонасига кўтарилди. «Аталанта» эса 9 очко билан ўнинчи ўринда қолди.

Фикрлар