Абдуқодир Ҳусанов "Реал"га ўтадими?

  • 8 декабрь, 16:18
  • Muhammadqodir Ruzmatov
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

"Реал Мадрид" таркибида жуда кўп ҳимоячилар жароҳат олмоқда. Айни пайтда орқа чизиқда ҳаракат қиладиган Эдер Милитао, Давид Алаба, Александр-Арнольд, Ферлан Менди, Дани Карвахаль ва Дин Хаусен майдонга туша олгани йўқ. Шунингдек, кеча бўлиб ўтган "Сельта"га қарши ўйинда Фран Гарсия ҳамда Алваро Каррерас қизил карточка олди. Бу икки футболчи кейинги учрашувларни ўтказиб юбориши кутилмоқда.

Tecno

Хаби Алонсо жамоасига соғлом ва барқарор ҳаракат қилиб берадиган ҳимоячи кераклиги мутахассислар томонидан таъкидланмоқда. Ўзбек ОАВ эса "Манчестер Сити"да тўп тепаётган Абдуқодир Ҳусанов қироллик клубига ўтса, уларнинг муаммосини ёпиб бериши мумкинлигини ёзишмоқда. Ҳусанов "шаҳарликлар" сафида захира ўйинчисига айланди. У жорий мавсумда АПЛнинг 4 та баҳсида иштирок этиб, 228 дақиқа майдонда бўлди холос. Чемпионлар лигасида эса унга Гвардиола 2 учрашувда 155 дақиқа ўйнаш имконини берди. Испаниялик мутахассис Абдуқодирни фақат "ўт ўчирувчи" вазифасида ишлатмоқда. Яъни, ҳимояда кимдир жароҳат олса ёки кимдирнинг ўйини чиқмай қолганда ўзбекистонлик футболчига ишонч билдиради. Ҳусановнинг асосий таркибга кирмаслигининг асосий сабаби сифатида эса у ҳужумни яхши қўллаб-қувватламаслиги кўрсатилмоқда. Масалан, айни пайтда ўнг қанот ҳимоясида ўйнаб турган  Матеуш Нуньеш  бу мавсумда чемпионат доирасида 13 беллашувда 1 гол ва 3 ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Нуньеш ҳимояда ишончсизроқ ҳамда жуда кўп мартаба рақибларга алданади. Бироқ Гвардиола айнан унинг хизматларидан фойдаланишига асосий сабаб — португалиялик доимий равишда ҳужумда иштирок этади. Шу билан бирга марказий ҳимоячилар Рубен Диаш ва Гвардиол ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

 

Энди эса Абдуқодирнинг "Реал"га трансферига ўтсак. Клуб ҳақиқатдан АК45ни ўз таркибига қўшиб олса, бу катта эҳтимол билан ижара асосида бўлади. Тушунишимиз мумкинки, "қаймоқранглилар" ҳам Ҳусановдан вақтинчалик фойдаланади. Аста-секин асосий таркиб футболчилари сафга қайтса, унинг ўйнаш имконияти пасайиб кетади. Шунингдек, Хаби Алонсонинг ўйин фалсафаси Ҳусановнинг кучли ёки заиф томонларига қанчалик мос тушиши ҳам савол остида турибди. Шу боис, унинг Испанияга бориши хато вариант ҳисобланади. Юқорида санаб ўтган футболчиларимнинг катта қисми январь ойигача сафга қайтади. Перес қишки трансферлар ойнасида футболчи харид қилишни ўйлагани йўқ. Балки унинг хаёлида ҳозир Алонсони ишдан олиш варианти бордир.
                                                                                                                 

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                        Рузматов Муҳаммадқодир мақоласи

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!