Абдуқодир Ҳусанов ростан “Ливерпуль”га ўтадими?
Сўнгги бир неча соат ичида Ўзбекистон ОАВларида “Манчестер Сити” футболчиси Абдуқодир Ҳусанов “Ливерпуль”га ўтиши мумкинлиги ҳақида турли миш-мишлар тарқала бошлади.
Мазкур хабарларда асосий манба сифатида Аnfield Papers номли саҳифа келтирилмоқда. Ушбу платформа эса ўз навбатида маълумотни собиқ футболчи Мамаду Сакога таяниб берганини даъво қилмоқда.
Бироқ трансфер ҳақидаги ушбу хабарлар ишончсиз манбадан тарқалмоқда. Гап шундаки, Анфиелд Паперс саҳифасининг ўзи ҳам био қисмида қуйидагича огоҳлантириш қолдирган:
“Қизиллар”га оид барча энг сўнгги янгиликлар ва уларга алоқадор маълумотлар. Бу аккаунтни жиддий қабул қилманг!
Мазкур саҳифанинг Х (Twitter) ижтимоий тармоғидаги обуначилари сони тахминан 22 минг нафарни ташкил қилади. Шундан келиб чиқиб, Ҳусанов билан боғлиқ бу хабарни жиддий ахборот сифатида қабул қилишга асос йўқ.
Қолаверса, Мамадунинг Абдуқодир Ҳусанов трансферига бевосита алоқаси мавжуд эмас. Эҳтимол, у қайсидир подкаст ёки интервью давомида умумий фикр билдириб, футболчини сотиб олиш яхши бўлиши мумкинлиги ҳақида айтган бўлса ажаб эмас.
Маълумот учун, Ҳусановнинг “Манчестер Сити” билан тузган амалдаги шартномаси 2029 йил ёзигача амал қилади.



Фикрлар