Абдураимов: "Ҳозирги "Пахтакор"да Черан бўлмаса ҳеч ким гол уролмайди"
Суперлиганинг 11-тур қолдирилган учрашувида “Насаф” Қаршида “Пахтакор” билан куч синашди. Ҳужумкор руҳдаги ўйинда жамоаларга фақат гол етишмади.
Ушбу учрашувдан кейин турли мулоҳаза ва муносабатлар янграши одатий ҳол. “Пахтакор”нинг собиқ мураббийи Жасур Абдураимов билан Қаршидаги ўйин ҳақида бироз суҳбатлашдик.
- Жасур ака, “Насаф” – “Пахтакор” ўйини борасида нималарни айтган бўлардингиз?
- Ҳозирги “Пахтакор”да Черан бўлмаса ҳеч ким гол ура олмайди.
- Ўйиндан олдин қандай натижа кутгандингиз?
- Учрашувдан олдин Драган Чераннинг майдонга туша олмаслигини билардим. Шу сабабдан “Пахтакор”га гол уришга қийин бўлишини ҳам ўйлагандим ва шунақа бўлди. Ўйиндаги имкониятлар 50\50 эди. Аммо Черан ўйнамагани боис “Насаф”да бироз устунлик бўлди. Черан гол урадиган ҳужумчи. У ўйнамаяпти ва “Пахтакор”дан ҳеч ким гол урмаяпти. “Насаф” эса ўз уйидаги учрашувда ютиши керак эди.
- 0:0 ҳисоби кўпроқ кимга фойда бўлди, деб ўйлайсиз?
- Менинг ўйлашимча, бу натижа ҳеч кимга фойда бермади.
- Балки уларнинг рақобатчиларига...
- Ҳа, уларнинг рақобатчиларига дуранг натижа ёрдам берди. Ўйлашимча, “Навбаҳор”га ҳам, “Нефтчи”га ҳам маъқул келадиган натижа. Чунки уларнинг рақобатчилари – “Насаф” билан “Пахтакор” очко йўқотишди.
- Шу ойнинг ўзида бу икки клуб Ўзбекистон Суперкубогида яна тўқнаш келишади. Бу сафар кимнинг имкониятини юқори баҳолайсиз?
- “Пахтакор”нинг таркиби, ҳамма ўйнаса – Черан, Собирхўжаев, Ҳамробеков...Бу таркиб Ўзбекистондаги энг кучлиси. Асосийси, уларда ғолибона руҳ бор. Назаримда, жамоа ўйинида муаммолар бор. Лекин “Пахтакор” қийин вазиятда, масалан, Намагандаги ҳолатга ўхшаб натижа қила олади. “Пахтакор”да зўр футболчилар бор. “Насаф”да жамоавий ўйин яхши. Агар жамоавий зўр ўйнаб турса уларда ҳам имконият бор. Лекин футболчиларнинг маҳорати бўйича ўйлашимча “Пахтакор” кучлироқ. Жамовий ўйин билан бирга индивидуал маҳорати юқори бўлган футболчилар ҳам ўйин тақдирини ҳал қила оладилар. Суперкубокда агар Черан ўйнаса “Пахтакор”нинг имконияти 60\40 бўлади. Черан ўйнамаса “Насаф”да 60\40 имконият бор.
- “Насаф” ҳам, “Пахтакор” ҳам иккинчи даврада янги легионерларни олиб келди. Лекин ҳозирча улар ярқ этиб кўзга ташланмаяпти. Бу масалада нима дея оласиз?
- Легионер доим бизинг ўйинчилардан бир бош устун бўлиши керак. Балки ушбу жамоалардаги легионерлар яхшидир, вақт керакдир. Мослашиб олишлари талаб қилинади. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
- Бу йил қайси клуб Ўзбекистон чемпионига айланади?
- Ўйлашимча, “Пахтакор” чемпион бўлади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар