"Абдураимовдан бу нарсани кутмагандим" - "Шўртан" устози икки футболчи билан битим бекор қилиниши, мавсум старти ва Кубокдаги вазифа ҳақида
Про лига иштирокчиси Ғузорнинг “Шўртан” жамоаси 5 та турдан кейин 5 очко жамғариб турнир жадвалида 6-ўринни банд этиб туриди.
Яқинда бу жамоа билан боғлиқ вазиятни кўпчилик кўрди. Ўша “Машъал”га қарши беллашувда дарвозабон Шерзод Абдураимов рақибига “каллақ” қўйди. Орадан кўп ўтмасдан “Шўртан” ушбу дарвозабон ва ярим ҳимоячи Шерали Жўраев билан шартномани бекор қилди.
Sports.uz журналисти “Шўртан” бош мураббийи Анвар Бердиев билан боғланиб, юқоридаги мавзу ва яна бошқа масалалар бўйича фикрлари билан қизиқиб кўрди.
Абдураимов ва Жўраевнинг четлатиши тўғрисида
- Аввало, барча юртдошларимизни муборак Рамазон ҳайит байрами билан табриклайман. Шу жумладан, жамоамиз мухлислариин ҳам муборакбод этаман. “Машъал” билан ўйинимиз дерби мақомида эди. Учрашувни кўрган бўлсангиз, тенг ўтди. Аммо биз ўз имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Икки марта тўсинга тегиб қайтди. Жасур Холтўраев қулай вазиятдан гол ура олмади. “Машъал” ҳисобни очганидан кейин вазиятни ўзгартириш учун бутун жамоамиз ҳужумга эътибор қаратди. Афсуски, охирги дақиқаларда қарши ҳужумда иккинчи голни ўтказиб юбордик. Ўша иккинчи гол урилганидан кейин юз берган вазиятни узоқдан яхши кўра олмадим. “Машъал” футболчилари голини дарвоза ичида нишонлаганлари дарвозабонимиз Шерзод Абдураимовга таъсир қилиб кетди. Абдураимовдан бу нарсани кутмагандим. У тарбияли, ақлли йигит эди. Учрашувдан кейин менга юз берган вазиятни айтишганида ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Лекин, барибир бу футболчини оқлаб бўлмайдиган ҳолат. Мағлубият билан ғалаба доим ёнма-ён. Ҳамма нарсага тайёр туриш керак. Футболчи майдонга чиқдими, аввало ўз ишини бажариши лозим. Юз берган вазиятни оқлаб бўлмайди. Кейин ўша ҳолатни шов-шув бўлиб кетганидан сўнг бир қарорга келишимиз керак эди. Қолаверса, бу биринчи марта эмас. Бир неча йил олдин жанжал чиққан “Турон ва “Нефтчи” ўртасидаги учрашувда ҳам Шерзод ўшанда дарвозада турган. Ҳеч кимни майдонда ўзини бундай тутишига ҳаққи йўқ. Жамоамиздаги қолган ўйинчиларга дарс бўлиши учун Абдураимов билан ўзаро келишувга кўра шартномани бекор қилдик. У билан ака-укадек бўлиб қолгандик. Ўзи ҳам вазиятни тўғри тушунди. Тушкунликка тушиб қолди. Ҳолбуки, ақлли ва тарбияли йигит эди. Майли, қаерда бўлса ҳам омадини берсин.
Шерали Жўраевга келсак, у қишда сафимизга қўшилганди. Ёшларга ўрнак сифатида таассурот қолдирганди, мавсумолди йиғинларда ажойиб иштирок этди. Лекин кутилмаганда жароҳат олиб қолди. Уни тиклашга анча вақт кетди. Шералини тушунаман, фаолияти давомида асосан “Қизилқум” учун ўйнаган. Раҳбарият томонидан бироз ишончсизлик бўлгач, Жўраев вазиятни тўғри тушуниб, агар бир-биримизга тўғри келмасак, дўстона хайрлашишимиз мумкин деди. Ўртамизда ҳеч нима ўтгани йўқ ва яхшилик билан хайрлашдик. U19 сафимиздан 6 нафар ўйинчини ҳам рўйхатдан ўтказганмиз. Кетганларнинг ўрнини тўлдириш учун ўша ёшларни ўйнатишга мажбурмиз. Мавсумнинг биринчи давраси июнь ойида тугайди. Кетган иккала футболчимизга омад тилайман. Шерзод Абдураимов ҳам, Шерали Жўраев ҳам жуда яхши йигитлар. Жўраев билан биринчи марта ишладим, ўзига жуда талабчан экан. Шерали ўз даражасига чиқиб, ҳали яна анча вақт футбол ўйнайди. У жароҳатдан энди қайтиб сафимизда тўп суришни бошлаганди. Албатта, жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлиб ўз сўзини айтади. Про лигада исталган жамоани кучайтира олади ва Суперлигада ҳам маҳоратини кўрсатишга қодир.
5 та турдан кейин 5 очко тўплагани хусусида
- Турнир жадвалида ўзимизга ярашмаган жойда турибмиз. Чунки таркибимизни сезиларли даражада кучайтирганмиз. Футболчилар менга ишониб келишганди. Улар билан гаплашиб олгандик. Раҳбарият томонидан ишонч билдириляпти. Бу ҳолатдан чиқиб кетишга албатта ҳаракат қиламиз. Раҳбарият тарафидан биз учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Биз албатта ўз кучимизга ишонамиз. “Шўртан” ҳар қандай ҳолатда Суперлигага чиқиш учун охиригача курашади.
Ўзбекистон Кубогидаги вазифаси қандай?
- Энди Ўзбекистон Кубогида ўйнаймиз. Ҳар бир баҳсда ғалаба қозониш вазифамиз саналади. Кубокдаги мақсадимиз кейинги босқичга чиқиш. Бунинг учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. Биз чемпионатда бўламизми ёки Кубок ўйинлари бўладими, раҳбарият томонидан олдимизга максимал вазифа қўйилган. Дастлаб “Бунёдкор” билан ўйнаймиз. Ҳозирда ушбу беллашувга тайёрланяпмиз. Ишқибозларимизни биздан умиди катта. Уларнинг ишончларини қозониш учун ҳам бор кучимизни ишга соламиз. Шунингдек, клуб раҳбариятига ишонч билдиришаётгани учун футболчилар номидан раҳмат айтамиз. Ўз ўрнида уларни ҳам ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар