Аброр Исмоилов: "Жамоамизнинг “Насаф”га қарши кечадиган ўйинлари доимо муросасиз тарзда кечган"
Ўзбекистон Coca Cola Суперлигаси 22-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Насаф” жамоалари ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг 25 ёшли маҳоратли ярим ҳимоячиси Аброрбек Исмоилов бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
"Бўлажак баҳс жорий мавсумда ўз олдига юксак мақсадлар қўйган, Осиё Чемпионлар лигасида ҳам юртимиз шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилаётган жамоалар ўртасида кечиши боис, ушбу ўйинга қизиқиш юқори ва беллашувнинг кескин курашлар остида, шиддатли, томошабоп ҳамда қизиқарли тарзда кечиши аниқ.
Бундан ташқари, бўлажак ўйиннинг жорий мавсум медаллари тақдирига ойдинлик киритиши эҳтимоли ҳам юқори. Шу боис, ҳар икки жамоа аъзолари майдонда бор имкониятларини ишга солишади.
“Навбаҳор” сўнгги ўйинларда ижобий натижаларни қайд этмоқда ва мазкур ёқимли анъанани қаршиликлар билан бўладиган беллашувда ҳам давом эттирамиз, деган умиддаман.
Жамоамизнинг “Насаф”га қарши кечадиган ўйинлари доимо муросасиз тарзда кечган ва бўлажак баҳс ҳам бундан мустасно бўлмайди, албатта.
Бўлажак ўйинда мухлисларимиздан биз – футболчиларни муносиб тарзда қўллаб–қувватлашларини сўрайман. Биз эса уларнинг ишончларини оқлаш, стадиондан уйларига яхши кайфиятда қайтишларини таъминлаш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, жамоамизга барча шароитларни яратиб бераётган Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Шокиржанович Абдураззоқов ва “Навбаҳор” клуби вице-президенти Отабек Арифович Саматовларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
“Навбаҳор”нинг зафарларида уларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор", - деди Исмоилов.
Фикрлар