
AFL ўзи нима? Юзлаб шинавандаларга жанг қилиш учун муҳит яратиб берган лига ҳақида
Юртимизда ҳаваскорлар ўртасидаги футбол мусобақаларни ташкил этиш масаласида сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Улар орасида турнирларни профессионал тарзда ўтказиб келаётган AFL алоҳида эътироф этишга лойиқ. SPORTS.uz юзлаб футбол шинавандаларини майдонда жанг қилиши учун муҳит яратиб бераётган AFL лойиҳаси раҳбари - Пак Вячеслав билан кичик суҳбат уюштирди.
AFL ўзи нима?
Бу ҳаваскорлар ўртасида ўтказиладиган профессионал мусобақалар дегани. Жамоалар худди профессионал клублар сингари ўзи танлаган ном ва эмблемага эга бўлади ва чемпионат кўринишидаги турнирда иштирок этади. Масалан, Миробод туманида бизни "Италия лигаси", Шайхонтоҳурда "Англия лигаси" каби турнирларимиз бор. Унда ғолиб бўлганлар, ўзаро ўтадиган "Чемпионлар лигаси" турнирида иштирок этиши мумкин. Ўз дивизионидаги кучлилар бошқа лигаларни зўрлари билан тўқнаш келади. Барчаси катта футболда бўлгани каби йўлга қўйилган. Агар жамоангиз билан иштирокчига айлансангиз, қизиқиб кетасиз.
Буни ғояси қандай келди?
Бизнинг шиор: "Футбол - барча учун", деб аталади. Лига исталган ёшдаги инсонлар учун доим очиқ. Миллати, ирқи ва динидан қатъий назар улар тенг ҳуқуқли. Турнирларимизда талабалар, ишбилармонлар, амалдорлар, бозорларда савдо қиладиган йигитлардан тортиб, кўчадаги ёшларгача иштирок этади. Лига:
Масъулиятли бўлиш билан биргаликда, ўз кучига ишонч ва интизомни ривожлантиради. 2. Бўш вақтни самарали ва ёқимли тарзда ўтказиш имконини беради. 3. Спорт билан доимий равишда шуғулланиш сабабли соғлом турмуш тарзига чақиради.
Қандай машҳурлар бу ерда тўп сурган?
Катта номлар бизда бор ва доим бўлган. Масалан Фарҳод Тожиев, Павел Саломин, Азиз Ибрагимов, Ислом Иномов, Камолиддин Мурзоев сингари терма жамоа собиқ аъзолари айни дамда лигамиздаги клублар шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Шунингдек, жуда кўплаб футболчилар учун биз ўз спорт формасини ушлаб туриш учун имконият яратиб берамиз. Жароҳатдан фориғ бўлиб, майдонга қайтмоқчи бўлган кўплаб амалдаги футболчилар бор. Футзал терма жамоасининг 80-90 фоизи ҳалигача турнирларимизда иштирок этмоқда.
Бошқа ҳаваскор лигалардан фарқи нимада?
Бизни йўналишимизда рақобат кучли эканлигини сезган бўлсангиз керак, бироқ қизиқ бир нарса айтаман. Бошқа лига раҳбарлари ҳам бизни турнирларда шахсан ўзлари иштирок этади. Бу жуда ёқимли. Биздаги бошқарув системаси, техник имкониятларимиз, статистик маълумотлар базамиз ва медиа имкониятларимиз анчагина катта. Буни турнирларимизда жамоаси билан иштирок этган исталган инсон сезиши мумкин.
Турнирларингиздан бирида иштирок этиш шартлари қандай?
Жуда осон. Жамоа йиғиш керак. Бизда 5x5, 6x6, 7x7 ва 8x8 форматидаги мусобақалар ўтказилади. Шунчаки, жамоангизни АФЛ қайдномасига киритиб қўйишингизни ўзи кифоя. Бизда бир нечта локация мавжуд бўлгани боис, жамоаларга қулай бўлган туманлардаги стадионларда ўйинларни ўтказамиз.
Бир мавсум учун қанча пул тўланади? Моддий томондан имкониятлари қандай?
Кўпчилик мана шу ерга келганда доим ҳайрон қолади. Бир жамоа 10 ой давомида футбол ўйнаши учун 3-4 миллион сўм тўлайди, холос. Бошқа ҳеч қандай тўлов йўқ. Агар ҳисоблаб чиқсангиз, майдон учун тўланадиган пулдан ҳам камроқ сумма бу. Жамоаси AFLда иштирок этишини истаганлар ижтимоий тармоқларимиз орқали бизга алоқага чиқиши мумкин. Барча учун эшикларимиз очиқ.
Comments