Афсуски, улар орасида Шомуродов йўқ!
Италия А Серияда етти тур ўйинлари ўтказилганидан кейин ФИФА кунлари муносабати билан қисқа муддатли танаффус эълон қилинди.
Аксарият жамоалар футболчилари ўз мамлакатлари терма жамоалари шарафини ҳимоя қилиш учун клубларни вақтинча тарк этди.
Вазиятдан фойдаланиб, статистика билан шуғулланувчи компаниялар, мутахассислар, экспертлар турли тадқиқотлар ўтказиб, уларнинг натижаларини эълон қилиб келмоқда.
А Серияни таҳлил қилиб бораётган мутахассислар юқори дивизионнинг йигирмата иштирокчиси бошланғич таркибда неча нафардан футболчи хизматидан фойдаланганини ҳисоб-китоб қилиб чиқди.
Унга кўра, А Серия дебютанти «Монца» жами 24 нафар ўйинчини илк дақиқадан майдонга туширган. Кучли учликка кирган жамоалар ўртасида 22 нафар футболчига учрашувни бошлаш имконини берган “Фиорентина” ва 21 ўйинчи хизматидан фойдаланган “Ювентус” жамоалари жой олган.
Умумий рейтинг қуйидагича кўриниш олди:
1) «Монца» 24
2) «Фиорентина» 22
3) «Ювентус» 21
4) «Торино» 20
5) «Болонья» 20
6) «Верона» 20
7) «Сассуоло» 19
8) «Аталанта» 19
9) «Лечче» 19
10) «Удинезе» 18
11) «Интер» 18
12) «Наполи» 18
13) «Кремонезе» 18
14) «Милан» 18
15) «Салернитана» 17
16) «Лацио» 17
17) «Эмполи» 17
18) «Специя» 17
19) «Сампдория» 16
20) «Рома» 15
Кўриниб турибдики, Жозе Моуриньо учрашувларни бошлаш бўйича энг кам футболчига ишонч билдирган бош мураббий бўлиб турибди. Португалиялик мутахассис бундан имкониятни 15 нафар шогирди – Руй Патрисиу, Жанлука Манчини, Рожер Ибаньес, Крис Смоллинг, Мараш Кумбулла, Зеки Челик, Рик Карсдорп, Брайан Кристанте, Неманья Матич, Леонардо Спинаццола, Никола Залевски, Лоренцо Пеллегрини, Николо Дзаньоло, Пауло Дибала, Тэмми Абрахамга берган.
Улар орасида ҳимоячи Рожер Ибаньес ва дарвозабон Руйи Патрисиу барча учрашувларни тўлиқ ўтказган.
Биз учун аҳамиятлиси ва афсусланарлиси эса, Элдор Шомуродов А Серия доирасида бирор марта бошланғич таркибда кўринмаганидир. Ҳамюртимиз мавсумга пухта тайёргарлик кўрганига қарамай, бу галги чемпионатда атиги икки марта майдонга тушиб, шунда ҳам жуда қисқа – атиги 24 дақиқа ҳаракат қилди.
Шунингдек, 27 ёшли легионеримиз Европа лигасида “Лудогрец” жамоасига қарши 23 дақиқа ўйнаб, битта гол уришга ҳам эришди.
Вазият ўзгаришини кутиб қоламиз!
Экспертлар баҳоси: Шомуродов қаҳрамон бўлиши мумкин эди...
Фикрлар