Агамуродовнинг танлови кутилмаганда нега ўзгарди?
Ниҳоят, “Қизилқум” клуби ҳам ўзига янги бош мураббийни топди. Кўпчилик навоийликлар жамоасини қайси мутахассис бошқаришига қизиқаётганди.
Бунгача эса ушбу лавозимни “Андижон”ни тарк этган Александр Хомяков бошқариши тахмин қилинаётганди. Аммо воқеалар ривожи биз кутгандек тус олмади ва якунда “Динамо”га устозлик қилиб келаётган туркманистонлик Тачмурод Агамуродов “Қизилқум”га бош мураббий этиб тайинланди.
Уни ўқувчиларимизга ортиқча таништиришнинг ҳожати йўқ. Қолаверса, яқинда Sports.uz сайтида ўзи билан уюштирилган суҳбат ҳам ҳукмингизга ҳавола этилган бўлиб, унда мураббий “Динамо”да қолиб ишлашга қарор қилгани хусусида ҳам гапириб ўтганди. Лекин эндиликда кўриб турганингиздек, вазият ўзгарди ва у яна Суперлигада ишлай бошлади.
Хўш, Тачмурод Шамакович нима учун “Қизилқум” таклифини қабул қилди? Янги жамоасида унинг олдига қандай мақсадлар қўйилди? Умуман олганда, Агамуродов “Динамо”ни нега тарк этгани ва янги клубига кўчиб ўтишининг сабабларини тушунтириб берди.
- Тачмурод Шамакович, сизни “Динамо”да қолишингиз ҳақида жуда кўп гапирилаётганди ва яқинда берган интервьюда ҳам барча эътиборингиз ушбу клубга қаратилганлиги ҳақида айтгандингиз. Аммо кутилмаганда “Қизилқум” варианти пайдо бўлди ва навоийликлар жамоасида ишлашга қарор қилдингиз. Айтинг-чи, вазият қандай қилиб бу даражада тус олди?
- Бунинг айтарли сабаблари йўқ, ҳисоб. Чунки шартномада қўшимча банд бор бўлиб, унда вазият шуни тақозо этган тақдирда келишув ниҳоясига етиши кўзда тутилганди. Суперлигадан таклиф бўлса, раҳбарият бунга тўсқинлик қилмаслиги ўша бандда аниқ-тиниқ илова қилиб ўтилган эди. Бу орада Навоийдан таклиф келиб тушди. “Қизилқум” варианти айни муддао бўлди. Пандемия туфайли про-лига доирасидаги ўйинларнинг қачон бошланиши мавҳумлигича бўлиб қолаётганди. “Қизилқум”га тажрибамдан келиб чиққан ҳолда ёрдамим тегишига ишонганлари туфайли бундай таклифни бажонидил қабул қилдим.
- “Қизилқум”ни бошқариш ҳақидаги таклиф айнан кимдан чиқди: Навоий вилояти ҳокими ёки жамоа мутасаддилариданми?
- Менга Ҳамиджон Актамов қўнғироқ қилди. Афтидан, у номзодим борасида мутасаддилар билан ҳаммасини келишиб олгани боис менга мурожаат қилган кўринади. Биз Ҳамиджон Актамов билан телефон орқали кўп нарсани гаплашиб олдик. Аммо ҳозирча клуб раҳбарияти билан юзма-юз ўтирган ҳолда барча режаларни тузганимизча йўқ. Ўйлайманки, тез орада ўзаро учрашиб, бу масалани ҳам ҳал қиламиз.
- “Қизилқум” жорий мавсумни яхши бошлай олгани йўқ. Чемпионат стартини икки мағлубият ва бир дуранг билан бошлади. Айтинг-чи, жамоа аъзоларининг кайфияти қандай?
- Албатта, карантин туфайли кўпчилик футболчиларнинг умумий ҳолатини оптимал даражада, дейиш ярамайди. Умуман айтганда, карантин сабаб барча иштирокчи жамоалар мана шундай ҳолатга тушиб қолган. Яъни, ҳамманинг аҳволи бир хил, демоқчиман. Шу боис ўйинчиларни қисқа фурсат ичида давом эттирилажак учрашувларга тайёрлаш кераклигини вазият тақозо этмоқда. Демак, биз мураббийларга осон бўлмаслиги муқаррар. Боз устига ўйинларга ҳар томонлама ҳозирлик кўриш учун етарли даражада вақтнинг ўзи ҳам йўқ. Лекин раҳбарият шундай тўхтамга келган эканми, уни борлигича қабул қилиш даркор.
- Яна бир неча кундан кейин “Қизилқум” Суперлига доирасида АГМК билан ўйин ўтказади. Бўлажак учрашувгача шогирдларингизни тайёрлай олишга улгурасизми? Уларнинг умумий ҳолати сизни қониқтиряптими?
- Албатта, юқорида ҳам айтиб ўтганимдек, вазият тиғиз. Аммо бўлажак ўйинда яхши натижа қайд этиш учун астойдил ҳаракат қиламиз. Ҳаммасини яшил майдондаги хатти-ҳаракатлар, иштиёқ ҳал қилади. Устига-устак ўйиннинг расмий мақомда эканлиги футболчиларни руҳлантириши аниқ. Ахир улар пандемия туфайли узоқ вақт севимли ишидан четда қолиб кетдилар. Бироқ машғулотларда ҳаммаси силлиқ кечяпти, деб бўлмайди. Чунки карантин сабаб футболчилар индивидуал дастур асосида ишлашган бўлишса-да, жамоавий тарзда бир-бирларини илгаридек тушуниб кетишлари учун вақт керак. Ўзингиз кўриб турибсиз, расмий учрашувга саноқли кунлар қолган. АГМК билан ўйин кўп масалага ойдинлик киритиб беради. Бинобарин, футболчиларнинг руҳий ва жисмоний ҳолати қай даражада эканлиги борасида дастлабки тасаввурга эга бўлиб оламиз. Табиийки, ўша беллашувга йигитларни иложи борича оптимал формага қайтариш устида ишлашимиз аниқ.
- Раҳбарият “Қизилқум” устози сифатида жамоа ва сизнинг олдингизга қандай мақсадларни қўйди?
- Биринчи навбатда жамоа ўйинини йўлга қўйиб олиш асосий вазифалардан бири сифатида қўйилди. Чунки “Қизилқум” мухлисларига ёқадиган ўйинни намойиш этиб бериши керак. Шунинг баробарида натижа ҳам яхши кўринишда бўлишига интилиш керак. Кейинчалик вазият тақозо этган даражада ўйинлар кўрсатиб, мавсумни иложи борича юқорироқ ўринларда якунлашга ҳаракат қилишга уриниб кўрамиз.
- Мураббийлар штабида сизга кимлар кўмаклашади?
- Ҳозирча мураббийлар штабида кимлар фаолият юритишини охиригача ҳал қилиб олганимизча йўқ. Штабда асосан маҳаллий мутахассислар ишлашади: Акмал Холиқов, Дмитрий Краев...Умуман суянишимиз мумкин бўлган мутахассислар йўқ эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мураббийлар штабини кучайтириш керак бўлади. Ўз навбатида буни иш жараёни асносида йўлга қўйишга ҳаракат қиламиз.
- “Қизилқум”ни бошқариш юзасидан неча йилга мўлжалланган шартномага имзо чекканингизни айтиб бера оласизми?
- Ҳозирча жорий мавсум охиригача ва қўшимчасига келгуси мавсумни ҳам назарда тутган ҳола 1+1 кўринишида шартнома имзолаганмиз.
Фикрлар