“Агар футболга қайтсам, калтак еб "кайф" қиладиганлардан фарқим қолмайди” – Гонсало Игуаиннинг аянчли ҳикояси
366 гол, 127 ассист, 785 ўйин ва 14 та соврин! Гонсало Игуаин фантастик карьерасини камтарона МЛСда тугатганини кўпчилик сезмай ҳам қолди. Октябрь ойи бошида аргентиналик форвард бутсаларини абадий михга илаётганини расман эълон қилди. Энди эса, расман бу тастиқини топди. Бугун сиз билан ҳеч ким сезмаган “жанг”нинг қурбонига айлангин йигит ҳикоясига қулоқ соламиз...
Унинг футбол билан хайрлашуви жуда таъсирли чиқди. Футболчи кўз ёшларини тия олмай қолди. 17 йил давом этган йўлнинг охирига келган Гонсало майдонда ўтириб олганча, ёш болалардек йиғлади. У яқин ўтмишда дунёнинг гранд клублари шарафини ҳимоя қилди, бироқ якун кутилганидек ёрқин бўлгани йўқ. Аслида, Гонсало 34 ёш бўлсада, яхши спорт формада эди. Унинг яқиндагина берган интервьюсида нега футболдан совуб қолгани батафсил баён этилган. Маълум бўлишича, Игуаин тинимсиз ёғилган танқидларга дош бера олмай қолган экан…
Аргентинада уни ҳамма ёмон кўради!
2019 йилда қаҳрамонимиз терма жамоа сафидаги фаолияти якунланганини эълон қилди. Аслида, бу энг тўғри қарор эди. Аргентинада Гонсало ҳақида латифалар пайдо бўлибгина қолмай, оила аъзолари ҳам мухлислар томонидан босимни ҳис қилишни бошлаганди. Бунга етарлича сабаблар бор. Бу вазиятни бошқа бир аргентиналик ҳужумчи – Габриель Батистутанинг фикри билан изоҳлаш энг тўғри вариант бўлади:
“Игуаин – ажойиб ҳужумчи. Уни бутун дунёда ҳурмат қилишади, аммо Аргентинада эмас. Футболчининг ватанида киритган юзлаб голлари бир четда қолиб, ноаниқ зарбалари билан хотирлашади”.
Дарҳақиқат, ноаниқ зарбалар терма сафида Гонсало ижросида етарлича топилади. 2014 йилги ЖЧ финалидаги кўкка совурилган вазиятлар ёдингизга тушдими? Кейинги йили бўлиб ўтган “Копа Америка” финалида қаҳрамонимиз пенальтилар сериясидаги беўхшов зарбаси билан яна бир бор "ўзини кўрсатади”. Кейинги қитъа биринчилиги, яна финал ва яна голга айлантирилмаган бирга-бир вазият. Якунда, Аргентина пенальтилар сериясида Чилидан иккинчи бор аламли мағлубиятни қабул қилиб олди. Балки, Гонсало асосий вақтда Чили дарвозасига йўллаган ўша зарбасини голга айлантирганда, ҳозир бу мақола ёзилмаган бўлармиди?!
Футболчи термадан кетаётганини айтгач, Месси ижтимоий тармоқлар орқали дўстини қўллаб-қувватлашга уриниб кўрди:
“Менимча, инсонлар Игуаин масаласида адолатли бўлгани йўқ. Афсуски, журналистлар томонидан кескин қарши олинган футболчини халқ бир зумда ёмон кўриб қолди. Унинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди. Фантастик карьера, турли мамлкатлар чемпионлиги, голлар ва юқори темпдаги футбол, аммо Аргентинада у доим эшик ортида қолиб кетди”.
Игуаин бу босимни қай даражада юракка яқин олганини тасаввур қилиш мумкин. Қаҳрамонимиз бир неча ой аввал Аргентинанинг энг таниқли журнали “La Nacion” учун берган интервьюсида айнан шу масалада “ёрилган” эди.
“Яқинда босиб ўтган йўлим, мажбуриятлар, оғир машғулотлар ва оиламдан узоқ ўтган кунлар азоби ҳақида бош қотирдим. Биласизми, тинимсиз босим остида бўлиш сизнинг руҳиятингизга салбий таъсир кўрсатади. Мен ҳозир жуда бахтлиман. Пуфакдек ишиб, ёрилиш арафасида бўлган оламни тарк этдим. АҚШда барчаси ўзгача. Бу ерда мени биринчи имкон бўлиши билан “ахлатга қориб ташлайдиган” журналистлар йўқ. Кўчада кўриб қолиб, голга айлантира олмаган вазиятларим учун сўкадиган мухлислар йўқ. Бу ерда ҳаммаси ўзгача. МЛС ўсиб бормоқда. Ҳозир хотиржамман, эркин нафас оляпман.
Баъзан, “ҳей Гонсало, нега нолийверасан? Сен етти авлодингга етадиган пул ишлаб олдинг. Истаганингча яшашинг мумкин”,-деб менга таъна қилишади. Тўғри, пулим кўп, аммо мен бу нарсага эришиш учун 7 ёшимдан бери меҳнат қилаётганим, оила аъзоларимнинг туғилган кунларини ўтказиб юборганим, янги йил кечаларида бир ўзим меҳмонхонада, ойна ортидаги манзарани томоша қилиб хўрсинганларим ҳақида ҳеч кимнинг иши йўқ. Пул яхши яшашга имкон беради, аммо инсонни бахтли қила олмайди. Тинимсиз ҳақорат ва танқидлар остида умримнинг катта қисмини қўрқув ва ишончсизликда ўтказдим. Қўрқоқ, бақалоқ, калбош ва бошқа кўплаб лақаблар орттирдим. Вақти келиб, менинг қадримга етишади деган умиддаман. Унга қадар, мени ва оила аъзоларимни кўз ёш тўкишга, бу дунёни ёмон кўришга мажбур қилганларга айтар сўзим йўқ.
Бошқа ҳеч қачон футболга қайтмайман. Агар қайтсам, калтак еб "кайф" қиладиганлардан фарқим қолмайди. Шу пайтга қадар бу спорт тури ортидан эшитган гапларимни ҳазм қилиш учун бир неча 10 йиллар керак бўлади. Унга қадар, бироз дам олмоқчиман. Ҳаммасидан чарчадим.”
Фикрлар