Суперлига жамоаси бош мураббийи ўйин вақтида вафот эди
Сербия чемпионатида мудҳиш воқеа юз берди. “Раднички” жамоаси бош мураббийи Младен Жижович Суперлиганинг 14-туридан ўрин олган “Младост” клубига қарши ўйин вақтида вафот этди.
Бу ҳақда Telegraf хабар берди.
Учрашув “Раднички” клуби учун муваффақиятсиз бошланди. Рақиб футболчилари тўққизинчи дақиқага келиб, иккита тўп киритган ҳолда 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. 22-дақиқага келиб, 44 ёшли Младен Жижовичнинг ҳолати тўсатдан ёмонлашди ва у захира ўриндиғи ёнида йиқилди. Ўйин тўхтатилди, тез ёрдам жамоаси етиб келгунга қадар Жижовичга рақиб жамоа бош мураббийи биринчи тиббий ёрдамни кўрсатди.
Тез ёрдам шифокорлари мураббийни шифохонага олиб кетди. Бироқ амалга оширилган қутқарув амалиётига қарамай, Живовични ҳаётга қайтаришнинг имкони бўлмади.
Мураббий майдондан олиб кетилганидан кейин ўйин қайта тикланган эди. Бироқ яна 20 дақиқа ўтиб, ҳакам яна учрашувни тўхтатди. Стадионда “Раднички” бош мураббийи вафот этгани эълон қилинди ва баҳс давом эттирилмади.
Жижович 1980 йил 27 декабрда туғилган. Футболчи сифатида у Босния, Албания ва Сербия клубларида тўп сурган, шунингдек, Босния ва Герцеговина терма жамоаси шарафини ҳам ҳимоя қилган. Мутахассис “Раднички” клубини 23 октябрь куни қабул қилиб олганди. Бу унинг Суперлига жамоаси бош мураббийи сифатидаги фаолиятидаги учинчи ўйини эди.



Фикрлар