АГМК - "Бунёдкор" (превью)

Суперлиганинг 3-тури доирасида АГМК Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоаси билан тўқнашади.

Бўлажак ўйин ушбу жамоаларнинг ўзаро умумий ҳисобдаги 32-учрашувига айланади. АГМК ва "Бунёдкор" қарама-қаршилиги тарихига назар соладиган бўлсак, ўтказилган ўйинларда 6 маротаба жамоамиз ғалабани тантана қилган, 6 бор дуранг қайд этилган ва 19 марта "Бунёдкор" ғалаба қозонган. Тўплар нисбати ҳам "қалдирғочлар" фойдасиға: 61-33.

АГМКни Миржалол Қосимов, "Бунёдкор"ни эса Вадим Абрамов бошқараётгандан буён ушбу жамоалар учун бўлажак ўйин ҳисоб бўйича бешинчи баҳсга айланади. Ўтган йили ҳар учала фронтда дуч келган АГМК ва "Бунёдкор" беллашувларида чемпионат доирасида "Бунёдкор" Олмалиқда ғалаба қозонган бўлса, Тошкентдаги ўйинда АГМК "қалдирғочлар"га имконият қолдирмай мағлуб этганди. Шунингдек, Лига Кубоги ва Ўзбекистон Кубоги доирасидаги учрашувларда АГМК яққол устунлик билан ғалабани тантана қилганди.

АГМК жорий мавсумда ҳозирга қадар ўтказилган 2 ўйинни дуранг билан якунлаган бўлса, "Бунёдкор" стартни кетма-кет 2 ғалаба билан бошлади. Шу боисдан ҳам жамоамиз мазкур турда чемпионат пешқадамларидан бирига қарши саф тортади.

Рақиб таркибида жорий мавсум чемпионатда Фарруҳ Икромов, Ҳумоюн Муртазоев, Нурилло Тўхтасинов ҳамда Жасур Жалолиддинов гол муаллифларига айланган бўлса, АГМКда Мате Ватсадзе ва Игорь Зонич ўз ҳисобига гол ёзиб қўйишга улгурди.

Маълумот ўрнида: АГМК Ўзбекистон миллий чемпионатлари тарихидаги 120-ғалаба остонасида турибди. Жамоа элитада ўтказилган 341 ўйиндан 119таси ғалаба қозонган, 150 мағлубият ва 72 беллашувда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати: 467-503.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!