АГМКнинг тўпурари янги мавсумни қаерда бошлайди?
Миржалол Қосимов устозлик қилган АГМК клуби мавсум якунларига кўра 8-ўринни банд этди. Биласиз, бу жамоа чемпионат давомида турли қийинчиликларни босиб ўтди. Таркибдаги футболчилар яхши савияда бўлишса-да, анча вақтгача АГМК ўз ўйинини топиб олишга жуда қийналди. Аммо жамоа ҳужумчиси Зафар Полвонов ўзининг тўпурарлик салоҳиятини кўрсата олди. У мавсум давомида рақиблари дарвозасига 15 та гол урди. Бундан ташқари, Кубок баҳсларида ўз ҳисобига 5 та гол ҳам ёзиб қўйди. Шуни инобатга олганда, уни бемалол якунига етган мавсумда олмалиқликларнинг энг яхши ўйинчиларидан бири бўлди дейиш мумкин.
- Авваламбор шуни айтишим жоизки, якунига етган мавсумда тўпурарлар рўйхатига кирганимдан хурсандман, - дея гап бошлади, Полвонов. - Чунки бунда нафақат менинг, балки бутун жамоамизнинг меҳнати бор. Биласизми, аслида бундан ҳам кўпроқ голлар уришим ҳам мумкин эди. Аммо мавсум ўрталарида жароҳатга учраб, гол уриш борасидаги сермаҳсуллигим бўйича узилиш бўлди. Балки ҳаммаси бир текисда давом этганида Драган Черанга ҳам етиб олишим ҳеч гап эмасди. Афсуски, жароҳат режаларимнинг тўлиқ амалга ошишига тўсқинлик қилди. Шу боис жароҳатларни душманимга ҳам раво кўрмайман. Бир сўз билан айтадиган бўлсам, якунига етган мавсумдан 50 фоизга қониқдим. Боя айтганимдек, мен бундан ҳам кўпроқ голлар уришим керак эди. Лекин шунисига ҳам шукр қиламан.
Тўғри, бир қарасак Полвонов кетма-кет голлар урди, яна бир қарасак бу борада унда ўзи айтганидек узилиш бўлиб қолди. Мана шундай пайтларда Зафарни кайфият ўйинчиси деган фикрлар ҳам бўлди. Яъни, агар кайфияти зўр бўлса, учтадан, ҳаттоки бештадан гол ура олиши мумкин, акс ҳолда умуман гол урмай қўяди, қабилидаги муносабатлар ҳам бўлди.
- Йўқ, мен кайфият ҳужумчиси эмасман. Ҳаммаси ўйинга қандай тайёргарлик кўрганингизга боғлиқ. Масалан, кучли жамоага қарши қандай тайёргарлик кўриш борасида режалар тузилади. Ёки ҳимоядан ҳужумни бошлаш тактикаси қўлланилиши мумкин. Айтайлик, «Пахтакор», «Локомотив» каби етакчиларга қарши битта ҳужумчи билан ўйнаймиз. Ўз майдонимиздаги учрашувларда ҳаттоки, учта ҳужумчигача ҳам ўйнашимиз мумкин. Айтмоқчиманки, менинг ўйинларим ва голларим кайфиятга умуман боғлиқ эмас. Бу ерда мураббийнинг тактикаси ҳам бор ва биз шунга қараб ўйнашимиз керак.
Умуман, АГМК ёмон ўйин кўрсатмади. Чемпионатда 8-ўринни банд этди. Шунингдек, Ўзбекистон Кубоги ва Лига Кубогида финалгача етиб келди. Полвонов эса жамоасининг ушбу натижаларига тўхталар экан, шундай деди:
- Кубок баҳсларида бизга умуман осон бўлмади. Масалан, про-лигада ўйнаган «Машъал»га қарши учрашувимиз ҳам оғир кечганди. Тўғри, Кубокларнинг финалларигача етиб келиш яхши натижа. Лекин мусобақанинг охирига келганда биз барибир ютишимиз керак эди. Янги мавсумда ҳам жамоамиз олдига яна катта мақсадлар қўйилади деб ўйлайман. Қолганини вақт кўрсатади. Мавсум давомида ҳар бир жамоада ўзига яраша қийинчиликлар бўлади. Лекин мана шундай пайтларда футболчилар бир оила бўлиб ҳамжиҳатликни ўрната олса ҳар қандай рақибни енгиш мумкин бўлади. Биз айнан мана шундай ҳамжиҳатлик эвазига финалларгача етиб кела олдик.
АГМК жамоасининг Ўзбекистон Кубоги ҳамда Лига Кубогида финалгача етиб боргани албатта яхши натижа. Бироқ ҳар иккаласида ҳам улар «Пахтакор»га 0:3 ҳамда 2:6 ҳисобларида йирик мағлубиятга учрашди. Бундан ташқари, Суперлига доирасида ҳам «Пахтакор»га ҳар иккала баҳсда йирик ҳисобда имкониятни бой берди.
- «Пахтакор» ҳозирги ҳолатда энг кучли жамоа, буни ҳамма тан олади. Унинг таркибидаги футболчилари ҳам энг саралари ҳисобланади. Айниқса, «Пахтакор» ўтган йилгига нисбатан бу йил янада кучли жамоага айланганди. Буни ҳам тан олиш керак. Албатта, биз ҳам рақибнинг кучидан келиб чиққан ҳолда шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Афсуски, барибир уларга кучимиз етмади.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, Зафар Полвонов 2018 йилги мавсумда Ўзбекистон Кубоги финалида АГМК жамоаси билан бирга «Пахтакор»ни мағлубиятга учратган ҳолда бош совринни қўлга киритганди. Бу йилги финалда эса бунинг акси кузатилди. Айтиш мумкинки, олмалиқликларнинг ўтган йилги ва бу йилги таркибида катта ўзгаришлар кузатилди. Полвонов эса жамоада қолган кам сонли ўйинчилардан бири эди. Шу боис ундан ўтган йилги ва бу йилги АГМКни ўзаро солиштиришини ҳам сўрадик.
- Тўғри, биз ўтган йили ҳам Ўзбекистон Кубоги финалигача етиб келгандик ва ўшанда яхши тайёргарлик кўргандик. Чунки бизнинг бор эътиборимиз Ўзбекистон Кубогига қаратилганди. Суперлигада эса оғир ўйинларни ўтказгандик. Лекин ўтган йилги ва бу йилги жамоанинг фарқини айта олмайман. Балки Кубокда ютганимиз омадимиз туфайли юз бергандир. Ҳамма мураббийнинг ўз тактикаси бор. Масалан, Бахтиёр Ашурматовнинг ҳам футболга бўлган қарашлари мавжуд. Бу йил эса «Пахтакор» янада кучли жамоага айланганди, буни ҳамма кўриб турибди. Улар қўлга киритган муваффақиятларига ҳақли равишда эришди.
Зафар Полвонов АГМК сафида икки мавсумни ўтказди. Хўш, 2020 йилда ҳам ҳужумчи яна олмалиқликлар учун тўп суришда давом этармикин? Ёки режалари ўзгарадими? Буни унинг ўзидан эшитамиз.
- Клуб билан тузган шартномам 2019 йилнинг 31 декабригача амал қилади ва бу муддат тугади. Аммо ҳозирча кейинги тақдирим ҳақида ҳеч ким билан гаплашганим йўқ. Янги йилдан сўнг ҳаммасига ойдинлик киритамиз. Футболчи эса ўзи учун бўладиган ҳар бир таклифга тайёр бўлиши керак. Мен АГМК сафида чемпионатда 15 та ва Кубок баҳсларида 5 та ва умумий ҳисобда 20 та гол урдим. Ўйинларга тайёр бўлганим учун ҳам шунча гол урдим. Айтмоқчиманки, ҳар қандай таклифни кўриб чиқишга тайёрман. Лекин ҳаммасини вақт кўрсатади. Албатта, менга Таиланд, Малайзия каби чемпионатлардан қизиқишлар борлиги ҳақида ҳам маълумотлар йўқ эмас. Ҳозирча таклифлар бор ва музокаралар давом этяпти.
Фикрлар