Александр Крестинин: "Ўша кезлардаёқ ҳамкорликни давом эттира олмаслигимиз деярли ойдинлашиб қолганди"
Чемпионатнинг охирги турида “Бунёдкор” клуби “Пахтакор”ни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратганидан кейин бош мураббий россиялик Александр Крестинин истеъфога чиқди.
Шу тариқа, “Қалдирғочлар” жамоасини ярим мавсум бошқарган мутахассис клубдан кетди. Sports.us журналисти Крестинин билан суҳбатлашди.
- Александр Сергеевич, жамоаси ғалаба қозонганидан кейин ишдан бўшатилган мураббийларни камдан-кам эшитамиз. Сиздаги вазият қандай юз берди?
- Бунақа нарсалар ҳаётда бўлиб туради. Клуб раҳбарияти бундан кейинги танланган йўлни бошқача ҳолатда кўришгани учун биз бафуржа ҳаммасини муҳокама қилиб олдик. Ҳеч қандай сен-менга бормаган ҳолда бир-биримиз билан ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилдик. Ҳаётда бу оддий кузатиладиган ҳолатдир, бундан сира ажабланиш керак эмас.
- Клубдан кетишингизни қачон тушуниб етгандингиз?
- Биласизми, мавсум мобайнида раҳбарият билан ҳамкорлик масаласида ҳам тез-тез гаплашиб турдик. Ўша кезлардаёқ ҳамкорликни давом эттира олмаслигимиз деярли ойдинлашиб қолганди. Ноябрь ойига келиб ҳаммасини узул кесил ҳал қилиб олдик.
- “Бунёдкор”да ярим мавсум ишладингиз. Бу вақт ичида нимага эришдингиз ва нимага эриша олмадингиз?
- Биз футболни бироз ўзгартирмоқчи бўлдик. Фақат мавсум охирига келганда ўйинимизда барқарорлик кўзга ташланди. Муҳими, мусобақа жадвалида ўзимиздан олдинги ўринларни банд этган барча рақибларни деярли ютдик, фақат “Сурхон” билан “Навбаҳор”га имкониятни бой бердик, холос.
- Ростини айтсам, “Бунёдкор”да узоқ вақт қолишингизни кутгандим. Жамоани тарк этиш сизга қийин бўлмадими?
- Албатта, шак-шубҳасиз, биз биргаликда яхши ишладик. Табиийки, йигитлар билан хайрлашиш осон бўлгани йўқ. Яна такрорлайман: бу-ҳаёт. Ҳаётда эса ҳар қандай иш содир бўлиши мумкин. Бирга ишлаган инсонларга ўз миннатдорлигимни билдириб қўйдим.
- Биз сизнинг кейинги режангизга қизиқяпмиз. Янги таклифлар борми? Яна Ўзбекистонда қоласизми?
- Ҳозирча кейинги иш борасида аниқ бир режа ва таклифлар йўқ, ҳисоби. Чунки клуб билан хайрлашганимга ҳали кўп бўлгани йўқ. Фақат шуни айта оламанки, янги таклифлар учун очиқман. Лекин аввал яхшилаб дам олмоқчиман. Таътилдан кейин ҳаммаси ойдинлашади.
- Клубдаги қайси футболчи сизни ҳайрон қолдира олди ва қайси бири сиз кутгандек ўйна олмади?
- Аниқ бир ўйинчини ажратиб кўрсата олмайман. Ҳамма йигитлар яхши ҳаракат қилишди ва шу жумладан, ўринбосарлар жамоасидан жалб этилганлар ҳам. Қувонарли томони, уларнинг кўпчилиги мавсум охирига келиб асосий таркибда майдонга туша бошладилар. Умуман, бутун жамоа ёмон таассурот қолдиргани йўқ, деб ўйлайман.
- “Бунёдкор” чемпионатни 8-ўринда якунлади. Бу натижадан қониқдингизми?
- Агар ўрин борасида гаплашадиган бўлсак, 6-ўринни банд этишимиз ҳам мумкин эди. Аммо, боя айтганимдек, бутун жамоа менда яхши таассурот қолдирди. Ўтган вақт давомида биргаликда мақташга арзийдиган даражада иш олиб бордик, деб ҳисоблайман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар