Александр Хомяков: "Ўйинни яхши ташкил қила олмадик"

Суперлиганинг 15-туридаги “Бунёдкор” – “Андижон” (2:0) ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Александр Хомяков иштирок этди.

- Нима ҳам дейишим мумкин? Бизда кўп нарса ўхшамади. Рақиб эса ғалабага мос ўйин кўрсатди ва ғалаба қозонди.

- Бугун “Андижон”да биринчи даврадаги ўйинлар билан солиштирганда тажовузкорлик кўзга ташланмади. Сабаби нима билан болиқ?

- Албатта, бу ерда нима бўлганини ўзим ҳам тушунмай қолдим. Балки бу руҳият билан боғлиқдир. Ҳимояда асабий ўйин кўрсатдик. Икки нафар марказий ҳимоячиларимиз ҳаводаги ҳужумларда рақибга ўйинни бой беришди, деб ўйлайман. Қарши ҳужумларда натижага эришишни режалаштиргандик. Қанотларда фаоллик кўрсатиши керак бўлган футболчиларимиз ҳам биз кутган ўйинни намойиш қила олмадилар. Голларни стандарт вазиятлардан ўтказиб юбордик. Жамоамиз кўнгилдагидек ўйин кўрсата олмади. Ҳужумларимиз ҳам самарасиз бўлди. Режалаштирилган футболимизни ўйнай олмадик. Юқорида айтганимдек, аввалги ўйинларга нисбатан солиштирганимизда ўзим ҳам бугун нима бўлганини тушуна олмаяпман. Ўйинимиз умуман қовушмади. Ҳозир бирор фикр билдиришим қийин. Ўйинни яхши ташкил қила олмадик. Бугунги учрашувда бизда ҳеч нима ўхшагани йўқ. Учрашувдан аввал йигитлар билан қандай ҳаракат қилишимиз кераклиги хусусида гаплашгандик, келишгандик. Лекин майдонда амалга ошмади.

- Танаффусда футболчиларга қандай кўрсатмалар бергандингиз? Қандай режалар бор эди? Чунки иккинчи бўлим бошидаёқ тезкор гол ўтказиб юбординглар.

- Шу жиҳат алам қилади-да. Танаффус чоғида етарлича кўрсатма ва маслаҳатлар бергандик. Рақибга ўйин бермасдан, тажовузкур ўйин намойиш қилишимиз керак эди. Ҳужумларни ташкил қилишда ҳам бир қатор режаларимиз бор эди. Лекин бу режалар ҳам ўхшамади. Айбни бирор-бир футболчига ағдара олмайман. Ҳозир мағлубият сабабларини таҳлил қилиб чиқиш зарур.

- Захирадан майдонга тушганлар ўйинни қанчалик кучайтира олди ҳамда иккинчи даврада таклиф қилинган Вагиз Галиулин ва Любиша Петцел ҳақида нима дея оласиз?

- Ўйинчилар ҳаракат қилишди, аммо натижа биз ўйлагандек бўлмади. Очиқчасига айтадиган бўлсак, ўзгаришларимиз ҳам етарлича натижа бермади. Захирадан майдонга тушганлар фаолроқ, бошқаларга ўрнак бўлиб ўйинни қўлга олишлари керак эди. Ҳа, фаол бўлишга интилишди, бироқ рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар ярата олмадик. Рақиб ҳам яхши ҳимояланди.

- Охирги пайтларда Фарҳод Бекмуратов нега майдонга туширилмаяпти?

- Бошқа футболчиларга ҳам имконият беришга қарор қилгандик. Ким захирада қолади, ким асосий таркибда тушади, буни вазиятдан келиб чиқиб аниқлаймиз. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!