Алишер Усмонов ўз лавозимида қолди

Айни дақиқада Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро қиличбозлик федерациясининг Конгресси давом этмоқда.

Конгресс кун тартибидаги асосий масала ташкилотга янги Олимпиада цикли учун раҳбар сайлаш эди. Унда амалдаги президент Алишер Усмонов ғалаба қозониб, ташкилотдаги бошқарувини давом эттирадиган бўлди.

Мазкур тадбирга расмий меҳмон сифатида ташриф буюрган Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах Алишер Усмоновни сайловдаги ғалабаси билан табриклади. Эслатиб ўтамиз, А.Усмонов 2008 йилдан бери Халқаро қиличбозлик федерациясини бошқариб келмоқда.

Қувонарлиси, сайлов якунларига кўра ҳамюртларимиз ҳам ташкилотнинг бир қатор бўлимлари таркибий қисмига киришди. Жумладан, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Бош котиби Гулнора Саидова тарғибот қўмитаси, "Токио-2020" Олимпиадасида реферилик қилган Аида Ҳасанова ҳакамлар қўмитаси таркибига киритилди.

Тадбир давомида 2023 йилги жаҳон чемпионати мезбонлигига даъвогар Тошкент шаҳрининг тақдимоти намойиш этилди. Тақдимотни Ўзбекистон МОҚ ва Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда Гулнора Саидова ўтказишди. Гарчи у кўпчиликда катта қизиқиш уйғотган бўлса ҳам, якунда мезбонлик Миланга насиб этди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!