Амит Пангал: "Сўзларимни Ҳасанбой Дўсматовга етказиб қўйинг" ...
Ҳиндистон бокси жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Бунга сўнги йилларда эришаётган муваффақиятлари ҳамда йирик турнирларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Куба каби етакчи мамлакат вакилларига жиддий рақобат туғдираётганлиги мисол бўла олади. Айни кунда мазкур юрт ҳаваскор боксида энг ёрқин юлдуз шубҳасиз, Осиё чемпионати ва Осиё ўйинлари чемпиони, жаҳон чемпионати кумуш медаль соҳиби Амит Пангалдир.
Уни юртдошимиз Ҳасанбой Дўсматов билан бўлган бир нечта тўқнашувлари, қолаверса, Екатеринбургдаги жаҳон чемпионати финалида Шаҳобиддин Зоировга қарши рингга чиққани орқали яхши биласиз... Хуллас, ажойиб боксчи!
Биз ушбу ҳинд чармқўлқоп устаси билан Sports.uz сайти учун махсус суҳбат уюштирдик.
- Амит сизга қуёшли Ўзбекистондан саломлар!
- Ҳиндистонлик бокс мухлислари ҳамда ўзимнинг номимдан айта оламанки, Ўзбекистонга ва ўзбек боксчиларига ҳурматимиз чексиз...
- Ўзингизга янги имидж танлабсиз.... Бу шунчаки имиджми ёки ўзига хос талисманми?
- Бунда ҳеч қандай сир-синоат йўқ. Шунчаки, ўзгартирдим.
- Машғулотларингизда ноодатийликни кўряпмиз... Бу мураббий юкламасими ёки ўзингизнинг фантазиянгизми?
- Ҳа, бу ўзимнинг услубим, деб айтсам бўлади. Лекин ҳар қандай машғулотларимни мураббийим Анил Дхакар билан маслаҳатлашиб амалга ошираман. Техник маҳоратим борасида эса, яна бир мураббий Нева билан ишлайман.
- Айтингчи машғулотлар жараёнида неча км югурасиз?
- 10-15 км.
- Машғулотларингиз жараёнидан сузиш ҳам ўрин олганми?
- Албатта.
- Сизни Ўзбекистонда Ҳасанбой Дўсматовни мағлуб этганингиздан кейин танишган эди. Олимпиада чемпиони, "Вела Баркер" кубоги соҳибини мағлуб этаман, деб ўйлаганминдингиз?
- Аввало, шуни айтишим мумкин-ки, Ҳасанбойга ҳурматим жуда баланд. У ажойиб боксчи! Aлбатта, у билан 2017 йил Осиё чемпионатида ва уша йили ўтказилган Германиядаги жаҳон чемпионати чорак финалида тўқнаш келиб, икки бор мағлуб бўлгандим. 2018 йил Жакартадаги Осиё ўйинлари эса, мен учун Ҳасанбойга қарши охирги жанг бўлиши мумкин эди. Бошқа йўлнинг йўқлиги учун ҳам ғалаба қозонишимни ҳис қилган эдим. Уни мағлуб этиш учун кучли иштиёқ бор эди ва бу ишни уддалаганман.
- Дўсматов билан ўзаро ҳисоб-китобларинг ҳозирча дуранг, яъни 2:2. Ҳал қилувчи тўқнашув профессионал боксда бўладими?
- Ҳа, ҳақсиз. Биз икки юрт бокс ихлосмандларини хафа қилиш ниятимиз йўқ. Иккимиз жаҳон боксида юқори чўққиларни забт этганмиз ва буни давом эттирамиз. Ўртамиздаги 5-жанг, Америка Қўшма Штатларида бўлади. Аниқроқ айтсам, профессионал боксда... Эшитишимга қараганда, у профи йўналишга ўтган. Мен ҳам Олимпиададан сўнг, профессионал боксда омадимни синаб кўраман.
- Яна бир ҳамюртимиз Шаҳобиддин Зоиров жаҳон чемпионатида сизни мағлуб этди. Айтингчи, унинг ноқулай жиҳати нимада экан?
- У яхши боксчи, қолаверса, амалдаги Олимпиада чемпиони... Унинг оёқлари меникидан тезроқ эди ва ёши ҳам каттароқ. У мендан кўра, тажрибали эканлиги ўз сўзини айтди. Лекин мен англадимки, жаҳон чемпионатидаги кумуш, Токио Олимпиадасида олтинга айланиши керак. Икки йилдан буён катта мусобақаларда навбат билан кумуш ва олтин медални қўлга киритмоқдаман. Энди навбат олтинга келди.
Иорданиядаги лицензион турнирда кутилмаганда ярим финалда мағлуб бўлдингиз. Ўша жангда мутлақо ўзингизга ўхшамадингиз... Сабаб нимада эди?
- Ҳа албатта, шу билан бирга Зоиров ҳам мағлуб бўлди. Буни Зоиров ва менинг стратегик режамиз десак, ҳам бўлади (кулиб). Иккимиз ҳам Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишимиз биланоқ, мағлубиятга учрадик. Нима деб ўйлайсиз, балки ҳаққий икки жангчи ўртасидаги баҳс Олимпиада олтин медали учун бўлгани яхшироқдир? Мен ва Шаҳобиддин ўз вазнимизда 1- ва 2-рақамда сараланганмиз. Шунинг учун, нима қилишни жуда яхши биламиз.
- Токио Олимпиадасида ҳам энг асосий рақобатчингиз Шаҳобиддин Зоировми?
- Шубҳасиз, у чемпионликка асосий даъвогарлардан биридир. У билан катта эҳтимол билан йўлимиз яна кесишади. Aгар, Зоиров Олимпиада йўлланмасини қўлга киритмаганида жуда ҳафа бўлар эдим. Чунки, икки кучли жангчи мухлислар учун ажойиб жанг кўрсата олади. Aммо, бутун Ҳиндистон мендан олтин медаль кутмоқда. Мен уларни ранжитмайман.
- Ҳиндистонда ҳам сизга рақобат туғдирадиган боксчилар борми?
- Ҳар бир вазн тоифасида 2-3 нафардан жиддий рақобатга кириша оладиган боксчилар бор. Барчамиз спорт ишқибозларини хурсанд қилиш ниятидамиз.
- Умуман олганда, ҳинд заминида ўзбек бокси ҳақида қандай фикрдалар?
- Юртдошларингиз ҳар доим биз учун идеал рақиб бўлишган. Ўзбекистонда кучли боксчилар кўп. Улар доимо, лицензиялар ва медалларга эга чиқишади. Ҳиндистоннинг Харьяна штатиданман ва шундай кунлар келади-ки, менинг шаҳримдан ҳам Ҳиндистон терма жамоасига кўплаб боксчилар олинади. Ва Ўзбекистонлик боксчилар каби улар ҳам улкан ютуқларга эришади.
- Айтингчи, яна қайси ўзбек боксчиларини биласиз?
- Мен учун Ҳасанбой Дўсматов барибир энг машҳуридир. Уни бутун дунё танийди. Ҳасанбой билан кўп гаплашмаган бўлсам-да, аммо унга жуда ҳурматим баланд. Мендан ҳар доим Ҳасанбой билан шахсан гаплашганмисиз, деб сўрашади. Уни жуда беозор ва софдил йигит деб биламан. Барча ҳинд мухлислари уни ёқтиради
- Профессионал боксга ҳам таклиф борми, яъни промоутерлик компанияларидан шартнома тузишга ундовчи чорловлар бўлдими?
- Бир нечта таклифлар бўлди. Лекин бу ҳақида ўйлаганим йўқ. Биринчи навбатда Олимпиада чемпиони бўлиш мақсадим ва кейин яхши таклифни қабул қиламан. Ҳасанбойга ўхшаб Олимпиада ғолиби бўлсам, янада манфаатли таклифлар бўлади. Ҳасанбой нафақат чемпион, балки “Вела Баркер” кубогини ҳам қўлга киритганди. Ўйлайманки, 2021 йил ушбу соврин меники бўлади.
- Нега, Ҳиндистонда профессионал бокс у қадар ривожланмаган?
- Билмадим. Эҳтимол, бизда бу йўналиш учун кўп маблағ сарфлашни истамасалар керак. Бироқ, профида ҳамюртимиз Вижендер Сингх яхши натижалар қайд этмоқда. Ўйлайманки, мен ҳам профессионал боксда ажойиб кўрсаткичларга эришаман.
- Агар, профига ўтсангиз қайси вазнни маъқул кўрар эдингиз?
- Бу ҳақида ўйлаганим йўқ. Бор диққат-эътиборим Олимпиадага қаратилган. Мазкур турнирдан кейин бу борада мураббийлар билан маслаҳатлашиб, иш тутамиз.
- Мазмунли суҳбат учун ташаккур, балки ўзбек бокс мухлисларига тилакларингиз ҳам бордир...?
- Албатта! Мусобақаларда улар менга ҳар доим ҳурмат кўрсатишган. Мен ҳам уларни жуда ҳурмат қиламан. Ҳасанбой устидан ғалаба қозонганимда қандай хурсанд бўлган бўлсам, Зоировга мағлуб бўлганда бу хурсандчилигим асло камайгани йўқ. Мен ўзбек мухлисларига оилам ва ўзим номимдан чуқур миннаддорчилик изҳор этмоқчиман. Ва охирги сўзимни шахсан Ҳасанбойга етказишни унутманг! Уни ўз тўйимга таклиф этмоқчиман. Тўйимда албатта , ёнимда бўлиши керак. Уни муносиб кутиб оламан. Ҳасанбой бутун Ҳиндистон сени ҳурмат қилади ва яхши кўради!
Аҳмадбек ЭШМАТОВ ҳамда Жалол АҲМЕДОВ суҳбатлашди.
Фикрлар