Ана холос: Қозоғистонда Ҳусановдан зўр футболчи чиқибди!
Европанинг “топ-5” клублари Марказий Осиё футболчиларига эътибор қарата бошлади. Аввал Франция чемпионатида порлаб, “Ланс”дан Англия Премьер-лигасининг амалдаги чемпиони “Манчестер Сити”га йўл олган Абдуқодир Ҳусановнинг трансфери тарихий аҳамият касб этди.
Жорий мавсум давомида Абдуқодир Ҳусановга Англиянинг ўзидан ўнга яқин клуби даъвогарлик қилди. Улар орасида “Ньюкасл”, “Челси”, “Тоттенхэм”, “Астон Вилла” каби кучли клублар ҳам бор эди.
“Манчестер Сити” аниқ ва жўяли таклиф билан ўзбек футболчисини ўзиники қилди. Шу тариқа, Абдуқодир Ҳусанов Англия чемпионатида иштирок этган нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун Марказий Осиёнинг биринчи вакили сифатида тарихга ўз номини мухрлади.
Ҳусановнинг трансферидан кейин “Челси” бу минтақадан яна бир ўйинчини Англияга таклиф қилди. Қозоғистоннинг “Қайрат” жамоаси тарбияланувчиси 16 ёшли Дастан Сатпаев лондонликлар таклифини қабул қилди.
Истеъдоди юқори баҳоланаётган ҳужумкор футболчи “Челси” билан узоқ муддатли шартнома тузганига қарамай, 18 ёшга тўлгунича “Қайрат”да маҳорат ошириб туради.
Қозоғистон спортини ёритиб келаётган sports.kz сайти meta-ratings.kz порталига таяниб тарқатган маълумотда ушбу мамлакат терма жамоаси бош мураббийи вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Али Алиев Дастан Сатпаевни Абдуқодир Ҳусановдан кучли эканини таъкидлагани келтирилди.
- Мен Дастанни Ҳусановга қараганда кучли, деб ҳисоблайман. Агар тўғридан-тўғри баҳо берсак, Сатпаевнин генетикасига эътибор қаратинг. Бу ҳақиқий атлет, уни Европа стандарти даражасига кўтариш учун ҳамма нарсани бериш ва ривожлантириб бориш мумкин.
Айни пайтда “Реал Мадрид”да туркиялик Арда Гюлер, бразилиялик Эндрик бўлса, Дастан Қозоғистон паспортига эга бўлгани учун ҳали уларнинг эътиборига тушмаган. Халқаро майдонда Дастан Сатпаев бу вазиятни ўнглаши мумкин, деб ўйлайман, - деди Али Алиев.
Таъкидлаш жоизки, Али Алиев “Ланс”даги ўйинлари билан Европанинг энг кучли марказий ҳимоячиларидан бири сифатида эътироф этилган Абдуқодир Ҳусановдан кучли деб санаётган Дастан Сатпаев асосан ёшлар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этиб келади.
Дастан ҳали профессионал даражада ўзини кўрсатгани йўқ. Чунки Transfermarkt порталида қайд этилишича, 2025 йилдан “Қайрат”нинг асосий таркибига ўтказилди.
“Челси” қозоғистонлик футболчи учун 4,3 миллион евро тўлагани айтилмоқда. Бу қозоқ футболи тарихидаги энг қимматбаҳо трансфер ҳисобланади.
Ўз навбатида, “Манчестер Сити” Абдуқодир Ҳусановни қўлга киритиш учун бонуслар билан қўшиб ҳисоблаганда 50 миллион евро харажат қилгани айтилди. Шу тариқа, 20 ёшли легионеримиз нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё, балки “Ланс” тарихида ҳам энг қиммат трансфер соҳибига айланди.
Биз ҳар икки ўйинчининг Англиядаги фаолияти муваффақиятли чиқишини тилаймиз. Жаҳоннинг кучли лигаларида Марказий Осиёдан етишиб чиққан чарм тўп усталари сафи кенгаяверсин!
Фикрлар