Анатолий Демьяненко: "Рўзиқул Бердиев мураббий сифатида ўсишда давом этяпти"
Қаршининг “Насаф” клуби бу йил ўз олдига жиддий мақсад қўйгани ҳаммага яхши маълум. Ўтган йили қатор муваффақиятларга эришган “Аждарлар” энди чемпионлик учун астойдил курашмоқчи. Бу йилда клуб учун барча шароит ва имкониятлар яратиляпти. Бош мураббий Рўзиқил Бердиев ўзига маъқул келадиган футболчиларни “Насаф”га чорлай оляпти.
“Насаф” каттароқ муваффақиятларни истаяпти, бу албатта чемпионлик. “Аждарлар” чемпионлик ташқари ютиладиган барча совринларни қўлга киритиб бўлган. Ҳозирга қадар энг катта натижаси сифатида 2011 йили қўлга киритилган ОФК Кубоги эсланади. Ўшанда жамоа бош мураббийи сифатида ишлаган украиналик таниқли мутахассис Анатолий Демьяненкони мухлисларимиз жуда яхши эслашади. Бир йил давомида қаршиликлар жамоасига устозлик қилган. 2010 йили чемпионатда бронза, 2011 йилда эса кумуш медал қўлга киритилган.
Демьяненко ҳозирда Украина футбол федерациясида вице-президент сифатида ишлаяпти. Таъкидлаш мумкинки, Анатолий Васильевичнинг фаолиятида юртимиздаги, жумладан, “Насаф”даги ҳаёти энг ёқимли онларидан бири бўлиб қолган.
Куни кеча Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев Демьяненко билан боғланди. “Насаф” клубининг собиқ устози Қаршидаги фаолиятини ҳамон ёқимли хотиралар билан эсга олишини айтди.
“Ҳаммаси жойида, буни яхши эслайман. Шунингдек, ажойиб жамоа ва жонкуяр президент билан биргаликда биз яхши натижалар қайд этиш асносида ОФК Кубоги мусобақасида зафар қучган эдик”, - дейди Анатолий Васильевич.
“Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев яқинда шартномасини узайтирди. У клубга содиқлигини аллақачон исботлаган. Футболчи сифатида фаолиятининг асосий қисмини ушбу жамоада ўтказди. Мураббийликда ҳам худди шундай ва бу жараён давом этяпти. Ёдингизда бўлса, Рўзиқул Бердиев Демьяненконинг мураббийлар штабидан жой олган ва унга ёрдамчи бўлиб, кўп нарсаларни ўрганган. Украиналик мураббийдан кейин “Насаф”ни фақат Бердиев бошқариб келаётганидан Демьяненко ҳам хурсанд. Чунки Рўзиқул Саъдуллаевич кўплаб жамоавий ва индивидуал ютуқларни қўлга киритиб келяпти.
“Рўзиқул Бердиев яхши мураббий ва ажойиб инсон. У мураббий сифатида ўсишда давом этмоқда ва футбол қандай ривожланаётганини диққат билан кузатиб келади”, - дея у ҳақида фикрини изҳор қилди, Демьяненко.
Шунингдек, Анатолий Васильевичдан “Насаф” билан алоқаси сақланиб қолганми, ўша пайтда қўли остида тўп сурган футболчилардан кимларни яхши эслаши ва шунингдек, тез орада бошланадиган Осиё Кубогида миллий терма жамоамизнинг имконияти борасида ҳам сўраганимизда қуйидагича жавоб қайтарди:
“Қачон гаплашганмиз? Ҳатто эслолмайман. Анчадан бери қўнғироқлашганимиз йўқ.
Ихтиёримда яхши жамоа бўлганини унутганим йўқ. Ҳаммани эслайман. Футбол - аввало жамоавий ўйин. Унда фақат биргаликда натижалар қайд этиш мумкин.
Терма жамоага келсак, рости, маълумотлар кам, лекин терма жамоангизга Осиё Кубогида омад тилайман! Мусобақани кузатаманми? Билмадим, қани, кўрамиз”, - деди Демьяненко.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар