"Анчадан бери бу йилги чемпионатга ўхшаган чемпионат бўлмаганди". "Динамо"га ким шерик бўлади?

Чемпионатимиз охирги манзилига яқинлашиб қолди. Энди ҳамманинг эътибори чемпионлик курашига қаратилган. Қолаверса, Осиё Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи ўринлар учун кураш ҳам роса авжида.

Суперлигани тарк этишга улгурган “Динамо”га қайси жамоа шерик бўлади? Бу ҳам охирги турга бориб ҳал бўлса керак. Унгача даъвогарлар очко тўплашга ҳаракат қилишяпти. “Турон” мураббийи Анвар Бердиев Суперлиганинг 24-тури олдидан жамоаларнинг имкониятларини баҳолади.

2 ноябрь (чоршанба)

“Олимпик” – “Металлург”

- Иккаласи ҳам футбол ўйнашни яхши кўрадиган жамоалар. Тўғриси, ажойиб ўйин бўлади. Иккинчи даврада “Металлург” ҳам мазмунли ўйин намойиш этиб келмоқда. “Олимпик”ни биламиз, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси негизини ташкил қилади. Чиройли ўйин бўлади ва имкониятлар 50х50.

металлург4_3

“Қизилқум” – “Қўқон-1912”

- “Қўқон-1912”га жуда қийин бўлади. Негаки, “Қизилқум” жамоаси чемпионатни яхши ўтказяпти. Навоийликлар ҳам Осиё Чемпионлар лигаси учун охиригача курашяпти. Тўғри, қўқонликларга ҳам очко сув ва ҳаводек зарур. Улар Суперлигада жон сақлаб қолиш учун жон-жаҳди билан ўйнайди. Уларинг таркиби ҳам ёмон эмас. Аммо “Қўқон-1912”ни сафарда тўп суришидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, имкониятлар 55х45 “Қизилқум” фойдасига.

кизилкум2_4

“Нефтчи” – АГМК

- Яна бир ажойиб ўйин бўлади. “Нефтчи” “Истиқлол” стадионига қайтгач, биринчи ўйинида мағлубиятга учради. Жамоа Яйпанда ўйнаб келди ва ютуқларга ҳам эришди. Бироқ фарғоналик ишқибозлар Фарғонадаги ғалабаларни соғиниб қолишган. АГМК ҳам Осиё Чемпионлар лигасига ҳаракат қиляпти. Бироқ “Нефтчи” жамоаси ўз мухлислари кўз ўнгида ўйнайди. Имкониятларга келсак, 55х45 “Нефтчи” фойдасига. Барибир улар ўз майдонида ишқибозлари қаршисида ўйнайди. Бундан олдинги турда ютқазгани учун фарғоналикларга орқага йўл йўқ, деб ўйлайман.

нефтчи янги_5

“Пахтакор” – “Сўғдиёна”

- Анча вақтдан бери бу йилги чемпионатга ўхшаган чемпионат бўлмаганди. Ҳозир учта жамоанинг чемпионлик учун имконияти деярли тенг. Лекин “Сўғдиёна” жамоаси учун жиддий. Улуғбек Бақоев бир неча йилдан бери ушбу клубда ишлаб, яхши жамоани шакллантирди. Футболда омадсизлик ҳам бўлиб туради. Чунки “Сўғдиёна” ОФК Кубоги ва Ўзбекистон Кубоги ярим финалида пенальтилар сериясида аламли тарзда мағлубиятга учради. Улар ўйин бўйича ҳеч кимга ютқазишгани йўқ. Пенальтилар серияси бу – лотерея. Ўша мағлубиятлар туфайли жамоа тушкунликка тушиб қолган. Аммо ўйлайманки, Улуғбек Бақоев етакчиларга қарши жамоасини қандай тайёрлашни билади. “Пахтакор” – “Сўғдиёна” жуфтлигида имкониятларни тенг баҳолайман – 50х50. “Пахтакор” ўз майдонида ўйнаса ҳам рақиб “Сўғдиёна” эканлилиги учун қийин бўлади.

пахтакор_1

3 ноябрь (пайшанба)

“Локомотив” – “Навбаҳор”

- “Локомотив” бу йил анча қийин аҳволга тушиб қолди. “Навбаҳор” Ўзбекистон Кубоги финалида мағлубиятга учради. Энди улар учун орқага йўл йўқ. Бор кучини чемпионлик учун курашга қаратишади. Наманганлик мухлислар шу нарсани талаб ҳам қилишади ва буни футболчилар ҳис қилиб туришибди. Менимча, Тошкентдаги учрашувда “Навбаҳор”нинг имконияти баландроқ – 40х60. “Локомотив” ўз уйида ўйнаса ҳам барибир қийин бўлади. Чунки таркиб бўйича қарасак, “Навбаҳор” футболчилари тажриба борасида юқори.

нава_4

“Насаф” – “Динамо”

- Бу жуфтликда “Насаф” катта устунликка эга. “Динамо” Суперлига билан хайрлашди. “Насаф” Кубокни қўлга киритганидан кейин футболчиларда кайфият юқори даражада. “Насаф” бемалол ғалаба қозонади. “Динамо”да таркиб бўйича ҳам муаммолари бор ва қийналиб қолди. Йирик ҳисоб кутмайман-ку, аммо “Насаф” жамоаси ғалаба қозонади.

насаф4

“Бунёдкор” – “Сурхон”

- “Бунёдкор”да мураббий ўзгарганидан кейин ёш жамоанинг ўйинида қанақадир бошқача ўзгариш бўлди. Иван Бошкович футболчиларни яхши билгани учундир ёки уларга қанақадир гап топа олдими, барибир “Бунёдкор” хотиржамроқ ва ўзига ишонган ҳолда ўйнашни бошлади. Лекин унутмаслик керакки, “Сурхон” иккинчи даврада яхши томонга ўзгарди. Кетма-кет ғалабаларга эришиб келяпти. Жиззахда “Сўғдиёна”ни ҳам мағлуб этди. “Сурхон” ҳозир кўтарилишда. Бу учрашувда имкониятлар 50х50.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
02/11/2022 11:37
Loka. Navbahor uyinni jang bulsa kerak. chunki. Loka Yutqazsa. Pro lega ravona buladi. shuning uchun ham. Loka kuchli uynasa kerak