"Андижон" "Бобур арена"да сўнгги ўйинини ўтказади. Рақиб қанчалик ноқулай?

Суперлиганинг 25-туридан ўрин олган “Андижон” ҳамда “Динамо” клублари ўртасидаги учрашув 23 ноябрь куни бўлиб ўтади. Айни пайтда ушбу учрашув учун тайёргарлик авжида.

Ҳозирда “Андижон” турнир жадвалида 24 ўйинда 5 ғалаба, 11 дуранг ва 8 мағлубият қайд этган ҳолда 26 очко билан 10-поғонада. Рақиб “Динамо” эса 8 ғалаба, 5 дуранг ҳамда 11 мағлубият натижа кўрсатиб, 29 очко жамғариб 8-поғонани эгаллаб турибди.

“Бургутлар”нинг асосий эътибори табиийки Самарқанднинг “Динамо” клубига қарши бўладиган беллашувга қаратилган. Мезбонлар ғалаба қозонадиган бўлса, бу уларни “Динамо”га тенглаштиради. Вадим Абрамов бошчилигидаги жамоа эса катта эҳтимол эгаллаб турган 8-ўрнини сақлаб қолиш учун курашади. Шу боис ишқибозлар “Бобур арена”да жуда қизиқарли ўйин гувоҳи бўладилар. Қолаверса, бу “Андижон”нинг жорий мавсумда ўз майдонида ўтадиган охирги ўйини ҳисобланади.

Ушбу клубларнинг Ўзбекистон чемпионатидаги илк тўқнашуви олис 1992 йилга бориб тақалади. Айнан ўша йилнинг 8 апрель санасида жамоалар Ўзбекистон олий лигасида Андижондаги илк учрашувини ўтказишган. У пайтда “Андижон” “Наврўз”, “Динамо” эса “Мараканд” деб номланарди. Ўша баҳсда андижонликларнинг 4:1 ҳисобида қўли баланд келган.

Умумий ҳисобда “Андижон” ҳамда “Динамо” клублари шу пайтга қадар миллий чемпионатимизда ўзаро 43 марта тўқнашишган. Шундан 15 тасида “Андижон” ғолиб чиққан. “Динамо”нинг эса 18 та учрашувда қўлиб баланд келган. Яна 10 та беллашув дуранг натижа билан якун топган. Тўплар нисбати 55\65 самарқандликлар фойдасига.

Бу йил биринчи даврада Самарқандда ўтказилган ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилган. Ўша ўйинда дастлаб “Динамо” аъзоси Анвар Ҳожимирзаев 37-дақиқада ҳисобни очган бўлса, “Андижон” ярим ҳимоячиси Бектемир Абдуманнонов 67-дақиқада мувозанатни тиклаган.

“Андижон” клуби “Динамо”ни сўнгги бор 2019 йили Самарқанддаги учрашувда ягона гол эвазига мағлубиятга учратган. Шунингдек, “Андижон” ўз майдонида ушбу рақибини ютганига анча бўлди. Аниқроғи, 2011 йилнинг 25 август куни ўтказилган қарама-қаршиликда 2:0 ҳисоби қайд этилган. Қолаверса, самарқандликлар сўнгги бор 2014 йили Андижондан ғалаба билан қайтишган – 2:3.

“Андижон” “Бобур арена”да чемпионатнинг охирги учрашувини ғалаба билан якунлаб ўз мухлисларини хурсанд қилишни мақсад қилган. “Динамо”га қарши беллашув ҳар томонлама қизиқарли ва ҳужумкор руҳда ўтиши муқаррар.  

Эслатиб ўтамиз, “Андижон” – “Динамо” учрашуви 23 ноябрь куни соат 17:15 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!