"Андижон" бош мураббийи ҳақида янгилик
“Андижон” клуби қишки селекцияда бир қатор янги футболчилар билан шартномалар имзоланганини яхши биласиз ва бу хусусида сиз мухлислар учун маълумотлар бериб бордик.
Жамоа ишқибозлари учун яна бир маълумотни тақдим этмоқчимиз. Гап шундаки, клуб бош мураббийи Александр Хомяков билан амалдаги шартнома узайтирилди. Бу хусусида "Андижон" матбуот хизмати хабар бермоқда. Клуб раҳбарияти унга тўлиқ ишонади ва қўллаб-қувватлашда давом этади.
Маълумки, Александр Андреевич 2022 йилнинг 15 декабрь куни расман “Андижон” бош мураббийи сифатида иш бошлаган. Ўтган йили "Бургутлар" Хомяков бошчилигида ажойиб саргузаштларни ўтказди. Ёқимли ва эсда қоларли онлари кўп бўлди. Албатта, бунда бош мураббийнинг меҳнати ва роли катта. Жамоанинг танлаган йўли ва стратегиясига Александр Хомяков тўла-тўкис мос тушади. Шу боис ҳам раҳбарият ушбу мутахассис билан ҳамкорликни яна узайтиришга қарор қилдилар.
Янги мавсумда ҳам мухлисларнинг мураббийдан ва албатта жамоадан умиди катта. Айтиш лозимки, 5 март куни 55 ёшини қарши оладиган Александр Андреевич футболчиларни чемпионатга жиддий равишда тайёрламоқда. Янги мавсумда ҳам Хомяков ва унинг жамоаси етакчиларга яна жиддий муаммолар туғдириши катта эҳтимол...
Фикрлар